Ўзиникилар ичида бегона

Мақолам миш-миш гапларга асосланган эмас, балки ўз танамда ҳис қилганим дискриминацияга бағишланади.

Мен Россияга бундан икки йил аввал келганман, “муҳожир” мақомига эгаман ва бу сўз гўё ҳукмдек эшитилади. Мен Россиянинг қатордаги одамларидан терим ёки кўзим ранги билан эмас, балки ҳужжатларим билан фарқ қиламан: паспортимда – Тожикистон Республикасининг герби акс этган.

“Меҳнат муҳожири – бу фуқаролиги бўлмаган мамлакатга қонуний асосда чет эллик жисмоний ёки юридик шахсга маълум бир муддатга келган ишга ёлланиш мақсадида шахсдир”. Бу тавсиф қулоққа жуда чирмалган ва беозор эшитилади, бироқ турмушда унинг бошқа томонини ўз танамда ҳис қилдим. Мен Россияда узоқ вақт иш қидирдим. Олий маълумотлиман, рус тилини жуда яхши биламан.

Ишга қабул қилинишдан аввалги суҳбатларда иш берувчиларда жуда яхши таасурот қолдирардим, аммо улар Тожикистондан эканимни билганлари заҳоти менга муносабатлари кескин ўзгарарди. Менинг қандай тажриба ва билимга эга эканлигим ҳеч қанақа роль ўйнамасди – меҳнат муҳожири ва тожик эканман, демак, менга мутлақо ишонч йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмасди, мен ҳатто ўзимни кўрсатиб, қандай касбий малакага эга эканимни намойиш қилиш имкониятига ҳам молик эмасдим.

Мен ўзимга нисбатан салбий муносабат ва нафратни ҳис қилиб турардим: менга кўча супурувчи, фаррош бўлиб ишга ёлланишни маслаҳат беришарди. “Муҳожирнинг ишлайдиган жойи ана шу”, – дейишарди менга. Мен “муҳожир” сўзининг синоними “қул” эканини тушундим, бу Россияда ўзини топмоқчи бўлган чет эл фуқаролари учун адабий тамғадир.

Бу стигма кўпинча кейинги авлод, муҳожирларнинг болалари ва невараларига ўтади. Уларни чиройли қилиб, ҳозирча қулоқлар ўрганмаган “инофон”лар дея атасалар-да, бу масаланинг моҳиятини ўзгартирмайди: бизни бошқа тоифа одамлар сирасига киритишади, бу эса дискриминацияни йўққа чиқармайди.

Россияда мен ўзимни бегона ҳис қиламан. Аммо ватанимда ҳам мен тамомила “ўз” бўлмаганман: гап шундаки, мен Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида туғилиб ўсганман, Тожикистонда эса менинг ҳамюртларимга нисбатан холис бўлмаган муносабат мавжуд.

Тожикистон Помир тоғи этакларида жойлашган ва унинг денгизга чиқиш йўли йўқ. Бу Марказий Осиёдаги ҳудуди энг кичик бўлган мамлакатдир. Тожикистоннинг аксар аҳолисини Исломнинг сунний мазҳабига эътиқод қилувчилар ташкил этади. Тожик тили мамлакатда расмий ва давлат тили ҳисобланади. Тожикистон табиий заҳираларга бой, чунки республика ҳудудининг 93 фоизини тоғлар ташкил қилади. Тоғли Бадахшон мухтор вилояти шимолда Қирғизистон, шарқда Хитой, жануб ва ғарбда эса Афғонистон билан чегарадош. Тожикистоннинг 45 фоиз ҳудуди шу вилоятга тўғри келади, аммо унинг фақат 3 фоизигина аҳоли яшашига яроқли.

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг асосий қисмини Шарқий Помир баланд тоғи эгаллаб туради (энг юқори нуқтаси – Исмоил Сомоний, собиқ Коммунизм чўққисидир (7495 м.))”. 2010 йили Тоғли Бадахшон мухтор вилояти аҳолиси 220,6 минг кишини ёки Тожикистон аҳолисининг 3,2 фоизини ташкил қилган. Помирда ваҳон, шуғнон, ишкошим, язғулом халқлари сўзлашадиган қадимги помир тиллари сақланиб қолган. Вилоятда (аҳолиси 29,3 минг кишилик) биргина Хоруғ шаҳри, 7 та туман, 43 та қишлоқ жамоаси бор. Ўз вақтида Панж орқали Буюк Ипак йўли ўтган, бу ерда кўплаб жаҳонгирлар бўлганлар, шунинг учун маҳаллий аҳолининг шаклланишида форс, араб ва хитой маданиятлари таъсири бўлган. Тоғли помирликлар асосан қишлоқ хўжалиги ва чорвадорлик билан шуғулланадилар.

Помирликлар (биз ўзимизни ана шундай деб атаймиз ва кўпинча Тожикистонда бизни ана шу ном билан ажратиб кўрсатишади) – мамлакатнинг водий қисмида яшайдиган аҳоли бўлмиш тожиклардан нафақат анъаналаримиз, тилимиз, ҳаёт тарзимиз, балки динимиз билан ҳам фарқ қиламиз. Исмоилий бўлган помирликлар Оғахонни Муҳаммад пайғамбарнинг вориси, деб ҳисоблашади. Тахминлардан бирига кўра, исмоилийлар оқими VIII асрда шиа мазҳабидан олтинчи имом Жаъфар Содиқнинг катта ўғли Исмоил ворислик ҳуқуқидан маҳрум бўлгач, ажралиб чиққан. Бироқ бу қарордан норози бўлганлар уни еттинчи имом, деб ҳисоблашда давом этганлар.

Улар ўзларининг оқимини ташкил қилиб, Оғахон деб аталадиган Исмоил авлодларини эъзозлайдилар. Исмоилийлар учун ҳар бир имом пайғамбарнинг тирик тимсоли ҳисобланади. Помирликлар исмоилизмида кўп нарса тоғликлар Ислом келишидан аввал эътиқод қилган ориёна динлардан ўзлаштирилган. Тожикистонлик исмоилийлар анъанавий масжидларга қатнамайдилар. Суннийлар ва шиалар уларни сектачилар, деб ҳисоблайдилар. Помир исмоилийлари учун масжид ролини жамоатхоналар деб аталмиш ибодатхоналар ўтайди. Пиликлар жамоатхоналарнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади. Уни муҳим диний маросимларда ёқишади. Помирда, одатда, эркаклар ва аёллар биргаликда ибодат қилишади.

Совет даврида помирликлар билимга ташналиклари билан ажралиб турган –кўплари олий ўқув юртларини битирганлар. Таълим ва “илғор қарашлар” (тенгҳуқуқлик, плюрализм) ҳалигача помирликларнинг фазилати ҳисобланади – биз учун пул эмас, балки илм мўътабар. Тожикистондаги фуқаролик уруши (1991-1997 йиллар) даврида помирликлар бошқа тожиклар томонидан ўтказилган жабр-зулм ва салбий муносабатдан жуда кўп азият чекканлар: уларни давлат идораларига ишга қабул қилишмаган, уларни “кофир” дейишган, аёлларини зўрлашган, йигитларини дўппослашган. Кўплаб мисоллар ва ҳаётий тажриба помирликлар ўз давлатида бегона бўлганидан далолат беради. Севишган икки ёшнинг бири помирлик бўлгани учун улар оила қуролмаганига оид ҳолатлар ҳам бўлган, сунний оиладан бўлган ёшнинг ота-онаси помирликларни ҳақиқий мусулмон эмас, дея ҳисоблаган.

2011 йили Душанбеда фожиа юз берди: Янги йил арафасида Қорбобо қиёфасида ёш болаларни байрам билан табриклаб юрган Парвиз Довлатбеков ўлдириб кетилди. У атиги 24 ёшда эди. Гарчи Тожикистон оммавий ахборот воситалари йигитнинг безорилик натижасида ҳаётдан кўз юмганини айтсалар-да, душанбеликларнинг кўпи қотиллик диний адоват туфайли юз берганига амин: помирлик исмоилий бўлган Парвиз мамлакатда мусулмонча бўлмаган байрамларни таъқиқлашни истаган мутаассиблар қўлида қурбон бўлган бўлиши мумкин.

Қайсидир бир маънода ушбу тахминларда асос борлигига ишониш мумкиндир. Исмоилий сифатида мен доимо бу диний оқимга нисбатан нафрат билан қарашларини ҳис қилганман. Гап ҳатто Тожикистондаги исмоилийликка нисбатан бир пайтлар ўз нафратини очиқ изҳор этиб келган салафийларда ҳам эмас. Афсуски, расмийлар ҳам Тожикистондаги исмоилия оқими атрофида салбий, мутлақо ёлғон стереотипларни шакллантириш ёки уларнинг шаклланишига имкон бериш билан бунга ўз салбий ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бу эса маиший кўринишдаги нафратнинг олди олинмаслиги ва қораланмаслигига олиб келмоқда.

Кўчада: “Ҳой, помирий, даф бўл бу ердан!” деган қичқириқларни эшитиш мумкин ва бундай ҳолатларга айрим тожикистонликларнинг саводсизлиги сабаб бўлаётганини рўкач қилмаслик керак. Мен ваколатли органлар, келиб чиқишидан қатъий назар, Тожикистондаги барча фуқаролар ҳуқуқларини бирдек ҳимоя қилишлари керак, деб ҳисоблайман. Ёш йигитларга нисбатан қотиллик содир этилган пайтда бу жиноят диний адоват асосида содир этилган бўлиши мумкинлигини ҳам назардан соқит қилмаслик керак.

Тожикистонда помирликларга нисбатан нафрат ва салбий муносабат даражаси пасайишига умид қилгим келади. Ҳозирча эса мен дискриминацияни ҳар доим ва ҳар ерда ҳис қилиб турибман, Тожикистонда помирлик ўлароқ, Россияда эса муҳожир ва Тожикистон фуқароси бўлганим туфайли.

Екатерина НАЗАРШОЕВА

(Екатерина Назаршоева Санкт-Петербургда жойлашган “Мемориал” аксилдискриминацион марказида юрист бўлиб ишлайди. “Жараён” сайтимизда ҳам унинг Россияда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид кўплаб мақолалари чоп этиб келинади.)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.