Мўътабар Тожибоева: Наталья Войтенкованинг янги адвокати қозоқ махфий хизматлари босими остида қолди

Қозоғистонлик адвокат Наталья Демидова ўз ҳимояси остидаги Наталья Войтенкованинг вазияти ҳақида оммавий ахборот воситаларига маълумот беришдан бош тортмоқда.

Бундан бир ярим ой аввал Остона шаҳрининг Сариарқа туман суди 33 ёшли муслима Наталья Войтенкова устидан ҳукм чиқарганди.

Ёш аёл террорчилик ва экстремизм ғояларини тарғибот қилганликда айбланиб, умумий режимдаги аҳлоқ тузатиш колониясида жазо ўташ шарти билан беш йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Наталья Войтенкова YouTube Интернет порталига жойлаштирилган ўз видеомурожаатида Қозоғистонда фаолияти таъқиқланган “Ҳизб-ут-Таҳрир” партиясининг аъзоси бўлган турмуш ўртоғи Рафис Галиуллиннинг ноқонуний равишда қамоққа олингани ва ҳисбда унга нисбатан қозоқ махфий хизматлари томонидан қўлланилган қийноқлар ҳақида гапиргани учун бундай қаттиқ жазога мустаҳиқ этилганди.

Эслатиб ўтсак, биринчи инстанция суди Наталья Войтенковага нисбатан очилган жиноий ишни кўриб чиқаётган пайтда уни остоналик адвокат Тўлеген Махметов ҳимоя қилганди. Суд Войтенковага ҳукм ўқиб бўлгач, адвокат Махметов “Жараён” мухбирининг муслимага чиқарилган ҳукмни апелляцияга бериш-бермаслиги борасидаги саволига: “Мен аввал ҳукмни қўлга олишим керак, шундан сўнг Наталья билан учрашаман”, дея жавоб берганди.

Бироқ маълум вақт ўтгач, Войтенкованинг қариндошлари “Жараён”га Тўлеген Махметов давлат томонидан ёлланган адвокат бўлгани ва ҳукм ўқилгач, улар Натальянинг ҳимояси учун янги адвокатни ёллаганларини маълум қилгандилар.

Айни пайтда Наталья Войтенкованинг қариндошлари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилмасликлари ва янги адвокат ҳақида бирор-бир маълумот бермасликларини ҳам айтган эдилар. Войтенкованинг яқин дугонаси Евгения эса 6 ноябрь куни “Жараён” мухбири билан телефон суҳбатида Натальянинг ҳимояси учун ёлланган янги адвокатнинг фамилияси Демидова эканини айта олишини маълум қилганди.

Сайт журналисти Наталья Войтенкованинг янги адвокати ҳақидаги маълумотларни Остона шаҳар Адлия департаменти веб-сайти орқали топишга муваффақ бўлди. Муслиманинг янги адвокати – Демидова Наталья Александровна экани маълум бўлди.

Жума, 15 ноябрь куни “Жараён” мухбири адвокат Демидова билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлди. Бироқ журналистнинг Наталья Войтенкова ҳақидаги саволига жавобан адвокат ўз ҳимояси остидаги муслима ҳақида бирор маълумот беришни истамаслигини айтди.

– Мен фақат мени ёллаган ва менга пул тўлаётган кишиларгагина ҳисобот бераман. Мен сизнинг ким эканлигингиз ва қаердан қўнғироқ қилаётганингизни билмайман. Менга ёзма равишда мурожаат қилинг, – деган адвокат Демидова журналистнинг ёзма мурожаатни қайси манзил ёки имейлга йўллаш мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб бермай, телефонини ўчириб қўйди. Шундан сўнг “Жараён” мухбири Наталья Войтенкованинг янги адвокати билан қайта боғлана олмади.

Таниқли ҳуқуқ фаоли, Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюросининг раҳбари Евгений Жовтис адвокат Демидованинг ўз ҳимояси остидаги аёлнинг вазияти ҳақида маълумот бермаслик ниятини “Жараён”га шарҳлар экан, жумладан, бундай деди:

– Умуман олганда, одатда адвокатлар, ҳуқуқ фаолларидан фарқли ўлароқ, матбуот вакиллари билан алоқага жуда кам чиқадилар. Улар бошқа имкон қолмай, ўзлари ва ҳимоялари остидаги кишилар “шов-шув” ҳамда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка мурожаат қилиш ўзларининг тақдирига қай бир йўсинда таъсир кўрсатишига кўзлари етсагина, журналистлар билан боғланишлари мумкин. Бизнинг (Қозоғистон демоқчи – “Жараён”) жиноий судлов одатда муайян келишувларга асосланган бўлиб, унда адвокатлар у ёки бу маънода воситачи ролини ўйнайдилар, шунинг учун улар учун матбуотга (ёки ҳуқуқ фаолларига) мурожаат қилиш манфаатли эмас.

Бундан ташқари, адвокатлар коллегияси ўз аъзоларининг оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилишларини унчалик хушламайди.

Ва ниҳоят, адвокатлар оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилиб, матбуот анжуманлари берган тақдирларида, уларни тергов ёки судга босим ўтказишда айблашлари мумкинлигидан чўчийдилар.

Бундан терговчи ва прокурорлар кўп фойдаланадилар – улар адвокат ва қариндошларга бу хатти-ҳаракат туфайли судланувчи вазиятини янада ёмонлаштириб юборишларини айтиб, таҳдид қилишади.

Шундай экан, адвокат ҳимояси остидаги киши борасида маълумот беришни истамаётган бўлса, у бунга тўла ҳақли. Ваҳоланки, мен бундай йўл тутиш орқали у ўз мижозининг ҳимояси бўйича хоҳланган натижага эришади, деб ўйламайман.

Бироқ, афсуски, бизда мавжуд амалиёт ана шундай. Боз устига, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка мурожаат қилиш аксар ишлар бўйича ижобий натижа бермаган, – деди “Жараён”га қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Евгений Жовтис.

Эслатсак, озодликда бўлган пайтда Наталья Войтенкова ҳуқуқий кўмак кўрсатишни сўраб, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага мурожаат қилганди. Ўз мурожаатида Войтенкова, жумладан, қуйидагиларни ёзганди:

“Юқорида келтириб ўтганларим асосида сиздан менга ёрдам беришингизни сўрайман. Менга қарши қўзғатилган модда 5 йилдан то 10 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади ва у жуда оғир ҳисобланади, бироқ нима сабабдан менга бундай жазо белгилангани жавобсиз қолиб кетмоқда.

Прокуратурага мурожаат қилиш эса ақлсизлик, ахир менга қарши жиноят иши очилиши учун айнан улар қарор беришди, махфий хизматлар эса уларга ҳар томонлама кўмак кўрстатишмоқда. Шунинг учун менинг сиздан ўзга ёрдам сўраб мурожаат қиладиган жойим йўқ. Мен ўз юртимда худди қопқонга тушиб қолгандекман, мен улар учун экстремистман, демак, мен ва оиламга нисбатан бутунлай қонуний қонунсизлик амал қилмоқда”.

Ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева ўзига нисбатан ўтказилаётган босим ҳақида кенг жамоатчилик хабардор бўлишини ва қонунсизлик устун келмаслигини истаб, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва журналистлар билан яқиндан мулоқот қилиб келган Наталья Войтенкова ҳимояси билан шуғулланаётган янги адвокатнинг ўз ҳимояси остидаги муслима ҳақида маълумот беришдан бош тортиши унинг қозоқ махфий хизматларининг босими остида қолаётганини англатишини айтади.

– Наталья оила аъзоларининг бунингдек хатти-ҳаракатини тушиниш мумкин. Чунки Қозоғистон маъмурий органлари уларга босимлар ўтказаётгани ва уларни қўрқув остида ушлаб турганлигини улар билан мулоқот пайтида сезиш қийин эмас. Лекин бугунги кунда Натальяни ҳимоя қилишни давом эттириши, аппеляция судлов жараёнида иштирок этиши керак бўлган адвокат Наталья Александровна Демидова ҳам журналистларга бирор-бир маълумот беришдан кескин бош тортиб келмокда. У очиқдан-очиқ журналистларга ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтиши билан Қозоғистон ҳукумати махсус хизматлари топшириқларига бўйсунишга мажбур бўлаётганлигини яширмаяпти.

Қозоғистон тергов ҳибсхоналаридаги маҳбусларга нисбатан қўлланилаётган ва борган сари одат тусига кираётган қийноқлар юзасидан очиқдан-очиқ баёнот бериб, ўз тақдирини хавф остига қўйган аёлнинг, уч нафар вояга етмаган боланинг онаси тақдирига бефарқ қарамаслигимиз керак, деб ўйлайман ва Қозоғистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан Наталья Войтенкованинг ишига аралашишларини сўрайман, – деди Мўътабар Тожибоева.

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.