Сўнгги бир ой ичида ўзбек қамоқхоналарида икки маҳбус қийноқдан ўлди

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Навоийдаги қамоқхонадан Андижон воқеаларининг бевосита гувоҳи бўлган 36 ёшли Таваккал Ҳожиевнинг жасади чиқди.

Бир ой аввал эса Зарафшондаги колонияда бошқа бир маҳбус – диний экстремизмда айбланган 35 ёшли Самариддин Салоҳиддинов шафқатсиз қийноқлар туфайли жон таслим қилганди.  

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни жамоатчилик Навоийдаги 64/47-колонияда Андижон воқеаларининг гувоҳи бўлган 36 ёшли Таваккал Ҳожиевнинг ўлганидан хабар топди.

Колония маъмурияти унинг қариндошларига Ҳожиев 15 ноябрь куни юрак хуружидан жон берганини маълум қилган. Бироқ жасади 16 ноябрь тонгида Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги уйига етказилган Таваккал Ҳожиевнинг қариндошлари унинг аёвсиз қийноқ оқибатида ўлдирилганига амин эканликларини таъкидламоқдалар.

Яқинларига кўра, ўлимидан етмиш кун аввал Таваккал Ҳожиевнинг онаси ва турмуш ўртоғи уни колонияда бориб кўриб келишган ва ўшанда у мутлақо соғлом бўлган.

– Укамнинг жасадини махфий хизмат ходимлари олиб келишган. Улар ҳатто марҳумни ювиш ишини ҳам назорат қилиб туришган, у ерга ҳеч кимни киритишмаган. Улар фақат онамга укамнинг олдига кириб, хайрлашиб чиқишига рухсат беришган. Аммо онамга ҳам укамнинг фақат юзини кўрсатишган, холос.

Эҳтимол, улар онам укамнинг танасидаги қийноқ изларини кўриб қолишидан хавфсирашгандир, – деди “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева билан телефон суҳбатда Таваккал Ҳожиевнинг акаси – айни пайтда Швецияда қочқинликда яшаётган Дилшод Ҳожиев.

2005 йили Андижон воқеалари пайтида Таваккал Ҳожиев шаҳар марказидаги Бобур майдонида туриб, шаҳар ҳокимияти олдидаги одамларни митингдан тарқалмасликка ундаб турган. Сўнг эса у Қирғизистон жанубидаги қочқинлар лагерига раислик қилган.

Таваккал Ҳожиев ва унинг акаси Дилшод Қирғизистон ҳукумати Андижон воқеаларидан сўнг Тошкентга бериб юборган тўрт нафар ўзбек қочқинининг бири эди. Акасининг озод қилиниши учун Таваккал Ҳожиев Ўзбекистон Олий судида уюштирилган “спектакл”да иштирок этиб, Дилшод Ҳожиевнинг қўйиб юборилишига эришган. Озодликка чиққан Дилшод Ҳожиев маълум вақт ўтгач, Ўзбекистонни тарк этишга ва Европа мамлакатларининг биридан қочқинлик олишга муваффақ бўлган.

Қайд этиш жоизки, Андижон воқеаларидан сўнг Таваккал Ҳожиевнинг яна икки акаси – 40 ёшли Икром ва 38 ёшли Илҳомлар ҳам узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Уларнинг бири Олмалиқдаги, иккинчиси эса Қаршидаги колонияда жазо муддатини ўтаб келмоқда.

– Уларга қарши ҳар куни режали равишда қийноқ қўлланилмоқда. Ток билан жазолаш, елим халта кийгизиб, нафас олишига қаршилик қилиш, сигарет чўғини босиш, тирноқларини суғуриб олиш, жинсий аъзоларини куйдириш шулар жумласидандир, – дейди Дилшод Ҳожиев.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Таваккал Ҳожиев Ўзбекистон раҳбариятига ёзган мурожаатномаси сабабли қамоқхона ходимлари томонидан ўлдирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Ўлимидан икки ой аввал Ҳожиев мазкур мурожаатномани қариндошлари орқали қамоқхонадан чиқаришга муваффақ бўлганди. Унда Таваккал Ҳожиев қамоқхонадаги шафқатсизлик ҳақида баён қилиб, маҳбусларни қийноққа солган, улардан пул талаб қилган ва пировардида ўлдирган қамоқхона ходимларининг исм-шарифларини келтириб ўтганди.

“…64/47-муассасада ҳам капитан Ҳабиб Атоев бошлиқ бир гуруҳ жиноятчилар, давлатимиз томонидан берилган ички ишлар либоси остида ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга оширмоқдалар”, дея ёзганди ўз мурожаатномасида Таваккал Ҳожиев.

Ўз мурожаатномасини у: “Бошлиқ Атоев Ҳабиб, уларнинг вакиллари, ходимлари, гумашталари маҳкумлар орасидаги Умаров Умид, Расулов Музаффар қотиллар билан ҳамтовоқликда янги асар “Мазлумлар ноласи” асарини яратишиб, қаҳрамонларга айланишди. Буларга давлатимиз ишониб, мукофот тариқасида унвон ҳадя этди”, деб якунлайди ўз мурожаатини Таваккал Ҳожиев.

(Таваккал Ҳожиев томонидан ёзилган мурожаатноманинг тўлиқ матни билан илова қилаётганимиз ҳаволаларда танишишингиз мумкин – 1-бет, 2-бет, 3-бет, 4-бет).

Бундан роппа-роса бир ой аввал тошкентлик Самариддин Салоҳиддиновнинг ҳам қамоқдан ўлиги чиқди. Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раиси Суръат Икромовга кўра, 35 ёшли Самариддин Салоҳиддиновнинг жасади унинг Тошкентдаги уйига шу йил 21 октябрь куни олиб келинган.

– 22 октябрь куни эрталаб милиция қистови билан у Тошкентдаги “Захариқ” қабристонига дафн қилинди. Шундан сўнг мен унинг қариндошлари билан гаплашишга муваффақ бўлдим. Улар Самариддин қийноқ туфайли жон берганини тасдиқлашди. Жасади уйга келтирилган ёш йигитнинг қўл-оёқлари синдирилган, боши шишиб кетган, танасининг эса моматалоғи чиқиб ётган экан, – деди журналистларга Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Самариддин Салоҳиддинов 1999 йилнинг 8 сентябрида Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзоликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Кейинроқ у Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айбланиб, жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди ҳукми билан 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Суръат Икромовнинг айтишича, Самариддин Салоҳиддинов жазо муддатининг катта қисмини Қорақалпоғистоннинг “Жаслиқ” посёлкасида жойлашган қаттиқ режимли 64/71-колониясида ўтаган.

– Ташкилотимиз тасарруфидаги архив материалларидан Самариддин Салоҳиддинов ўрта мактабни олтин медаль билан битиргани, “Имом ал-Бухорий” диний институтига кириб, уни 1999 йили қизил диплом билан битиргани маълум бўлди. Маҳкама жараёни чоғида унга қўйилган айблов исботини топмаган, тергов чоғида эса Самариддиндан иқрорлик кўрсатмаси олиш учун уни аёвсиз қийнашган, – деди Суръат Икромов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотларига кўра, ҳар йили мамлакат қамоқхоналарида турли касалликлар ва қийноқлардан 250 нафаргача маҳкум жон таслим қилади. Бироқ расмийлар бу маълумотларни қамоқхона девори хорижига чиқармасликка ҳаракат қиладилар.

Октябрь ойи охирида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Женевада БМТнинг Қийноқларни таъқиқловчи конвенцияси бажарилиши бўйича Ўзбекистон делегацияси ҳисоботини кўриб чиққан. Қўмита экспертларининг Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам ва кенг тарқалган кўриниш бўлиб ҳисобланиши ҳақидаги баёнотларига жавобан ўзбек делегацияси раҳбари Акмал Саидов уялмай-нетмай: “мамлакат қонуни қийноқ қўллашни маън қилади, шунинг учун ҳам ўзбекистонлик амалдорлардан ҳеч қайсиси бу қонунни бузишга ботинолмайди”, деб айтган.

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.