3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни
“Жамият аъзоси бўлган ҳар бир инсон ижтимоий таъминот ҳуқуқига ҳамда миллий саъй-ҳаракат ва халқаро ҳамкорлик воситасида, ҳар бир давлат структураси ва ресурсларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда ўз шаънини сақлаш ва шахсини эркин такомиллаштириш учун зарур бўлган ҳақ-ҳуқуқларни юзага чиқариш ҳуқуқига эгадир”, дейилади БМТнинг Бош ассамблеяси томонидан 1948 йилнинг 10 декабрида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 22-моддасида.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикасига кўра, сайёра аҳолисининг 10-15 фоизини (тақрибан бир миллиард киши) жисмоний имконияти чекланган кишилар ташкил қилади. Бу муаммо долзарблиги туфайли Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеяси 1992 йилнинг декабрь ойида 3 декабрни Халқаро ногиронлар куни (International Day of Persons with Disabilities), деб эълон қилган.
Жисмонан соғлом кишилар билан бир хил конституциявий ҳуқуқларга эга бўлишларига қарамасдан, кўп мамлакатларда ногиронлар учун ижтимоий инфраструктура объектларига бўлган кўплаб тўсиқлар ҳамда жамоатчиликда уларга нисбатан стереотиплар мавжудлиги туфайли улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятидан маҳрумлар. Давлат идоралари ва жамоатчилик ташкилотлари жисмоний имконият чекланган кишиларга доир масалаларни кўпинча кўтармайдилар ва бу билан уларни ҳал қилинмаган кўплаб муаммолар қаршисида қолдирадилар.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти мазкур муаммога алоҳида эътибор билан қарайди. Ташкилот Марказий Осиё мамлакатларида жисмоний имкониятлари чекланган кишилар ҳуқуқларининг бузилиши масаласини бир неча бор кўтарган.
Халқаро ногиронлар куни арафасида “Жараён” бу мавзуга алоқадор қатор информацион ва таҳлилий материалларни чоп этишни режалаган. Шу муносабат билан муштарийларимиздан ногиронлар муаммолари ва уларнинг ечимига боғлиқ мулоҳазалар битилган хатлар кутамиз. Мактубларингизни jarayoniy@gmail.com электрон манзилига юборишингиз мумкин.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish