Каримовга “туёғингни шиқиллат” деган америкалик пахтакор (видео)
Интернет фазосида яқинда пайдо бўлган “Move, Karimov” қўшиғи ижодкорларидан бири Жавид Новрузов ўтган асрнинг 80-йилларида Тошкент университетида ўқиган. Ўзбекистонда “гуллаган ёшлик чоғи”нинг 5 йилини ўтказган америкалик машшоқ ўшанда пахта даласида чанг ютиш нима эканини ўз танасида ҳис қилиб кўрган.
You are overstuffed with for your dismal aptitude to lead
King of kings in a cotton land
Heading right into the pit…
(Тарж.: Зулм-ла бошқариш қобилиятинг бисёр,
Тўғри жарга инаётган пахтазор қиролларининг қироли…)
АҚШнинг Иллинойс штатида 10 йил муқаддам ташкил этилган Foreign Accent (Хорижий талаффуз) гуруҳининг “Move, Karimov” (“Туёғингни шиқиллат, Каримов”) қўшиғи ана шундай сатрлар билан бошланади.
Foreign Accent Марказий Осиёни ҳам, Ўзбекистонни ҳам унча яхши билмайдиган америкаликлардан ташкил топган. Бироқ гуруҳда Бокуда туғилиб ўсган ва Тошкентда ўқиган Жавид ҳам борки, у пахта терими машаққатларини ҳам, макарон шўрваю керосин исли чой таъмини ҳам яхши билади.
– Ўша йиллари бизни ҳар куз пахтага олиб чиқишарди. Пахта кампанияси чоғида тез-тез гитара чалиб турардим. Ўшандаёқ мен пахтакорлар ичидаги энг яхши гитарачи бўлганман. Мен ҳалигача гитарачилар ичидаги энг яхши пахтакор бўлсам керак, деб ўйлайман, – деди ҳазилвон Жавид талабалик пайтини эсларкан.
Асли озарбайжонлик Жавид Новрузов АҚШга ўтган асрнинг 90-йиллари бошида кўчиб кетган. 2003 йили эса у нью-йорклик дўсти Вильям Френкел билан бирга қатор қўшиқлар ёзишга қарор қилган. Уларга гитарачи ва қўшиқчи Роберт Хавертон ҳам қўшилган ҳамда учовлон Pardon My French (Французчам учун авф этинг) альбомини ёзганлар. Мазкур альбомда энг шуҳрат тутган қўшиқ “Туркманбоши блюз” бўлган ва кейинчалик ундан финляндиялик режиссёр Арто Халонен ўз ҳужжатли фильмида фойдаланган.
Шундан сўнг гуруҳ қўшиқчи Clint Dodds билан биргаликда Double Dutch Discourse альбомини ҳозирлаган. Бу альбомдаги “Диктаторлар билан рақслар” қўшиғидан кейинчалик Turkmen Dissident TVдаги Руслан Тухбатуллин томонидан яратилган мультфильмда фойдаланилган.
– 2011 йили мен Foreign Accent гуруҳидаги бош диктатор сифатида Last to Finnish деб номланган янги альбомни ёзишга қарор қилдим. Бунинг учун қўшиқчи ва барабанчилардан иборат бир неча кишини ишга таклиф қилдим. “Move, Karimov” қўшиғи ҳам мазкур альбомдаги 12 қўшиқ орасидан жой олган. Уни марказий Иллинойсдан бўлган янги хонандамиз ЖесКо (JesKo) ижро этди, – деди Жавид Новрузов янги альбом устидаги ишлар ниҳоясига етиб қолганини қўшимча қиларкан.
Foreign Accent гуруҳининг “бош диктатор”и “Move, Karimov” қўшиғининг яратилиш тарихига ҳам тўхталди.
– 2005 йили “Туркманбоши блюз” қўшиғимиз Озодлик радиоси тўлқинларида янграган пайтда ўзбекистонлик дўстим (ҳозир у Dictator Appreciation жамиятининг ҳамраиси): “Каримовнинг ярамас режими ҳақида ҳам қўшиқ ёзсанглар, қалай бўларкин?” деди.
Ўшанда мен унга: “Меҳнаткашлар талабларига биноан қўшиқ ёзмайман”, деб жавоб бердим, шунга қарамай, бу мавзу устида бош қотира бошладим. Таассуфки, Ўзбекистондан келаётган хабарлар бу қўшиқни ёзиш учун мени етарли материал билан таъминлади, – деди Жавид Новрузов айни пайтда “Move, Karimov” видеоси учун Dictator Appreciation жамияти вакиллардан миннатдор эканини таъкидларкан.
Бир пайтлар ўзбек даласидаги талабалар бараги олдида гитара чалиб, ҳамсабоқлари дилидаги хомушлик ва вужудидаги хорғинликни кетказишга уринган Жавид бугунги кунда ўз санъати ёрдамида мустабидларга қарши курашга бел боғлаган.
– Мен оддий қўшиқ тоталитар режимларга қарши курашда самарали ва нозўравон восита бўлиб ҳисобланади, деб ўйлайман. Норозилик санъати мухолифат руҳини кўтаради. Боз устига, норозилик санъати бурни осмонда бўлган мустабидлар ва уларнинг малайларини қаттиқ инжитади, – деди Жавид Новрузов.
Айни пайтда, Жавиднинг айтишича, Foreign Accent замона диктаторларига тарсаки ўлароқ кўрилган “Туркманбоши блюз” ва “Move, Karimov” қўшиқлари билангина чекланиб қолмоқчи эмас.
– Биз диктаторларнинг ҳар бири ҳақида қўшиқлар яратамиз. Шундай экан, ўз навбати келишини титраб-қақшаб кутиб ўтирсинлар, – деди Жавид.
Foreign Accent ижросидаги “Move, Karimov” қўшиғини қуйида тинглашингиз мумкин.
Асад БОЙМУРОДОВ
Fikr bildirish