Глобал тармоқ ташаббуси ва Телекоммуникацион мулоқот расмий таклифига биноан форум ишида “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам иштирок этди.
“Жараён”га берган интервьюсида Тожибоева хоним форум чоғида Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ширкатлар ўзбек ҳукуматининг сиёсий ўйинларда иштирок этишлари ҳеч кимга сир эмаслигини танқид қилгани ҳақида сўзлади.
Жараён: Мўътабар опа, Брюссель Форумида Ўзбекистонда ахборот-коммуникацион технология хизматларини тақдим этаётган ширкатлар дуч келаётган долзарб муаммоларни кўтаришни мақсад қилгандингиз. Ўша мақсадингизга эришдингизми?
Мўътабар Тожибоева: Анжуман чоғида 24 йилдан буён диктатура режими ҳукмронлик қилаётган Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва шахсий дахлсизликка боғлиқ муаммолар акс этган ташкилотимиз баёнотлари, фуқароларнинг сўз эркинлиги ва шахс дахлсизлиги ҳуқуқлари қанчалар даражада поймол этилаётганлиги, режимнинг ўз халқига қарши содир этаётган жиноятларига алоқадор ҳужжатлар, маълумотларни шахсан танишиб, тегишли хулосалар чиқариб олишлари учун форум иштирокчиларига тарқатдим.
Чунки Ўзбекистон каби ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилаётган ва ҳамкорлик қилмоқчи бўлаётган халқаро тузилма ва ширкатлар мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига жиддий эътибор қаратишлари, бўлажак музокараларда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши масаласини биринчи ўринга қўйишлари лозим.
Жараён: Брюсселдаги Форум давомида Швециядаги йирик “ТелиаСонера” ташкилотининг вакиллари ҳам иштирок этиши кўзда тутилган эди. Айтингчи, бўлиб ўтган тадбирда ушбу ташкилот вакиллари иштирок этдиларми ва уларнинг Сиз айтиб ўтган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва хорижий ширкатлар дуч келаётган долзарб муаммоларга нисбатан муносабати қандай бўлди?
Мўътабар Тожибоева: Ҳа, иштирок этди. Анжуманнинг иккинчи қисмида “ТелиаСонера”нинг вакили ҳам бошқа докладчилар қатори ўзи фаолият юритадиган ширкатнинг сўз эркинлиги ва шахсий дахлсизлик борасида олиб бораётган ишлари ҳақидаги маълумотларни тадбир иштирокчилари билан ўртоқлашди.
Тадбир иштирокчилари ўз чиқишларини тугатганларидан кейин мен сўз олдим ва “ТелиаСонера” вакили Патрик Ҳиеселиусга мурожаат қилдим.
Унга яқинда интернетда “ТелиаСонера” ширкати Ўзбекистон диктаторининг қизи Гулнора Каримовага тегишли тузилмаларни молиялаштиришни тўхтатганлиги ҳақидаги хабарни ўқиганлигимни, собиқ сиёсий маҳкума сифатида Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ қурбони бўлаётган маҳкумлар номидан, демократия учун курашгани боис ўзбек қамоқхоналарида йиллар давомида қолаётган сиёсий маҳкумлар номидан ва фуқаролик жамияти вакиллари номидан “ТелиаСонера” ширкатининг бу қарорини қўллаб-қувватлашимни айтдим.
Бундан ташқари, Патрик Ҳиеселиусдан иккита саволимга жавоб беришни илтимос қилдим. Биринчидан, Гулнора Каримовани молиялаштиришни тўхтатган бўлсалар, уларнинг ширкатига нисбатан Гулнора Каримова ва ҳукумат маъмурий органлари томонидан босимлар кучайиши аниқлигини, бундай ҳолатда мамлакатда ишлаб қолиш учун қандай йўл тутишлари ҳақида маълум қилишини сўрадим.
Иккинчи саволда эса Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва шахс дахлсизлигига умуман риоя қилинмаслигини, бунинг натижасида ахборот-коммуникацион технологиялари режим учун хизмат қилиши, қамоқхоналардаги минглаб маҳкумлар айнан мобил телефонларининг назорат қилиниши эвазига қамоқларга олиниб, йиллар давомида озодликдан маҳрум бўлишларини, қийноқларга тутилишлари ва ҳаттоки қийноқлар натижасида вафот этишларини айтиб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, яъни Ўзбекистон ҳукуматининг мобил телефонларини эшитиш каби ғайриқонуний талабларига қарши қандай хатти-ҳаракатларни амалга оширишни режалаётганликлари ҳақида сўрадим.
“ТелиаСонера” вакили Патрик Ҳиеселиус саволларимга тўғридан-тўғри жавоб беришдан ўзини олиб қочди ва бу тадбир коррупцияга боғлиқ тадбир бўлмаса-да, саволларимга жавоб беришини айтди. Лекин у мен айтиб ўтган муаммолар Ўзбекистонда кенг илдиз отганлиги ҳақида уларда етарли маълумотлар борлиги ва бу муаммоларни ҳал этиш устида ишлашни давом эттираётганликларини айтиш билан чекланди. Аслида мен кўтарган муаммолар айнан сўз эркинлиги ва шахс дахлсизлигига алоқадор эди.
Шундан сўнг давом этган савол-жавоблар давомида Ўзбекистондаги вазият ҳақида бир неча марта тўхталиб ўтилди. Жумладан, Амнести Интернэшнл ташкилотининг вакили “ТелиаСонера” сингари ширкатлар сиёсатга аралашмасликлари ҳақида таъкидласалар-да, сиёсий ўйинларда иштирок этишлари ҳеч кимга сир эмаслигини танқид қилди.
Иштирокчилар олдида ошкора жавоб беришни истамаган Патрик Ҳиеселиус тадбир тугаганидан кейиноқ менинг ёнимга келиб, анжуманда иштирок этиш имкониятига эга бўлганимдан хурсанд эканини, мен кўтарган ва Ўзбекистонга алоқадор муаммоларни ҳал этишда “Ўтюраклар Клуби” билан елкама-елка туриб ҳамкорлик қилишларини маълум қилди.
Мен унга июль ойида “ТелиаСонера” раҳбариятига қилган таклифимизни эслатдим.
Унга: “Диктаторлик режимлари ҳукмронлик қилаётган мамлакатларда махсус хизматлар вакиллари ва маъмурий органлар режимнинг танқидчиларига нисбатан сохта жиноят ишлари қўзғатишлари ва узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилишларига мобил алоқа операторларидан уларнинг мижозларига тегишли бўлган маълумотларни олишлари ва телефон сўзлашувларини эшитишлари сабаб бўлаётганлиги туфайли бу каби қонунбузарликларга чек қўйиш мақсадида “ТелиаСонера” брендлари мавжуд бўлган мамлакатлар Озарбайжон, Белорусия, Ўзбекистон ва Тожикистон сингари давлатлардаги фуқаролик жамиятлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлашлари таклифи билан чиққандим”, дедим.
Ушбу хатимизга 4 сентябрь куни “ТелиаСонера”нинг вице-президенти – Барқарор ривожланиш раҳбари Эийа Питканендан ёзма жавоб олгандим. Хатда “ТелиаСонера” масъули менга ширкат учун инсон ҳуқуқлари доим биринчи ўринда бўлиб келгани ва бу йўналишдаги ишлар давом эттирилиши, фуқаролик жамиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳақидаги таклифим эса “ТелиаСонера”нинг Ўзбекистондаги вакили Ucellга тааллуқли экани, яъни мамлакат ичидаги компанияга мурожаат қилишим лозимлигини ёзган.
Шунингдек, Эийа Питканен хоним Глобал тармоқ ташаббуси (Global Network Initiative) билан биргаликда муаммоларни бартараф этиш бўйича фаолиятда “Ўтюраклар Клуби” қатнашиши мумкинлиги ҳақида билдирганди.
Мен Патрик Ҳиеселиусга Ўзбекистон ҳақида етарли маълумот олиши мумкин бўлган папкани топширдим ва Ucellга мурожаат қилиш умуман мантиққа тўғри келмаслиги, чунки режим ҳақсизликларига қарши курашаётган ташкилотлар хорижда туриб фаолият олиб бораётгани, бундан ташқари, Ucell тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳукумати билан келишиб ишлаши, ҳатто 22-29 октябрь кунлари Гулнора Каримова етакчилигидаги “Фонд Форум” томонидан ўтказилган “Санъат ҳафталиги”да бош ҳомийлардан бири сифатида қатнашганидан фахрланишини очиқ-ошкор гапирганини, бундай вазиятда у ҳукумат жиноятларига қарши курашувчи ташкилотларни ҳеч қачон қўллаб-қувватламаслигини айтдим. У “ТелиаСонера” раҳбарияти билан бу масалада яна бир бор гаплашиб кўришга ваъда берди.
Лекин куни кеча у электрон почта орқали менга ёзган хатида ўша эски таклифни, яъни фуқаролик жамияти вакиллари “ТелиаСонера” уларни молиявий қўллаб- қувватлашини истаса, компаниянинг Ўзбекистондаги бренди – Ucellга мурожаат қилиши лозимлигини эслатган. Бундан кўриниб турибдики, “ТелиаСонера”нинг инсон ҳуқуқлари бўйича айтаётган гаплари амалда қилаётган ишларига умуман тўғри келмайди.
Жараён: Кейинги пайтларда Ўзбекистон сиёсий ҳаётида айрим фавқулодда ўзгаришлар кузатилаяпти. Мен бу ўринда Гулнора Каримова билан боғлиқ яқиндаги можароларни назарда тутаяпман. “ТелиаСонера” ширкати билан муомаласи қабатида ғарб жамоатчилигининг диққатига тушган бу аёлнинг фаолиятига европаликларда бугунги кунда қизиқиш сусайганми ёки аксинча, кейинги воқеалар Гулнора Каримова шахсига бўлган қизиқишни ошириб юборганми?
Мўътабар Тожибоева: Танаффус пайтида Франциянинг Orange телефон компанияси раҳбарларидан бири, Телекоммуникацион мулоқот раиси Ив Ниссим, Глобал тармоқ ташаббуси (Global Network Initiative) ахборот-коммуникацион технологиясининг сўз эркинлиги ва шахс дахлсизлигини ҳимоялаш ва мустаҳкамлаш бўйича Европа бўйича маслаҳатчиси Джон Кампфнер мен билан гаплашиб, ўзларининг сафига ўзбекистонлик фаоллардан бири қўшилганидан хурсанд эканликларини ва келажакда ҳамкорлик қилишимиз мумкинлигини айтишди.
Швеция черковининг вакиласи Сара Нордбранд ҳамда Швеция Молия вазирлиги вакили Даниэль Кристиансонлар узоқ муддат мен билан суҳбатлашиб, “ТелиаСонера” ва бошқа алоқа операторларининг Ўзбекистондаги фаолиятлари, уларнинг мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлаётган омиллари ҳақида гапириб беришимни сўрашди.
Бундан ташқари, улар бугунги кунда дунё бўйича муҳокама қилинаётган Гулнора Каримова ва унинг атрофида бўлаётган ҳодисалар Швеция жамоатчилиги учун жуда қизиқлиги, мамлакатдаги солиқ тўловчилар “ТелиаСонера” ва Гулнора Каримова ўртасида бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиб бориши мақсадга мувофиқ бўлишини айтиб, келгусида улар билан ҳамкорлик қилиш таклифини билдиришди. Менимча, бу кишилар орқали Швеция жамоатчилигига Ўзбекистондаги вазият юзасидан маълумот бериб бориш керак ва швецияликлардан “ТелиаСонера”нинг Ўзбекистон ҳукумати жиноий ишларида кўмаклашишига чек қўйишни талаб қилиш керак.
Жараён: Брюсселдаги Форум якунида иштирокчилар, хусусан, Ўзбекистонда ахборот-коммуникацион технологияларни тақдим қилаётган ширкатлар вакиллари муҳокама қилинган мавзулардан келиб чиққан ҳолда мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши муҳимлигига доир маълум бир хулосаларга кела олдиларми?
Мўътабар Тожибоева: Анжуманнинг учинчи қисмига фақат инвесторлар вакиллари ва Global Network Initiative ташкилотига аъзо бўлган фуқаролик жамияти вакилларигина иштирок этдилар, холос. Афсуски, Global Network Initiative веб-сайтидан бўлиб ўтган тадбир ҳақида ҳеч қандай маълумот олишнинг имкони бўлмади.
Аммо, умид қиламанки, яқин муддат ичида “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Global Network Initiativeга аъзо бўлиш учун белгиланган тартибга мувофиқ равишда ариза беради ва кейинчалик нафақат инвесторлар ва ташкилотга аъзо бўлмиш бошқа муассасалар ҳисоботларини эшитиш билан чекланиб қолмай, қарор қабул қилишда ҳам фаол иштирок этишга ҳаракат қилади.
Ўйлайманки, мана шундай анжуманларга имкон қадар кўп қатнашиб, иштирокчиларни зарур маълумотлар билан таъминлаб, мавжуд муаммоларни ўзаро мулоқотлар чоғида муҳокама қилиб бориш керак.
Жараён: Интервью учун раҳмат, Мўътабар опа.
Интервьюни Мубина САФАРОВА тайёрлади
Fikr bildirish