Стив Свердлов: Женевадаги сессияда ўзбек делегацияси тажовузкорлик йўлини танлади
Жорий йилнинг октябрь ойи охирида Женевада БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасида Қийноқларни таъқиқловчи конвенция бажарилиши бўйича Ўзбекистон делегациясининг ҳисоботи кўриб чиқилди.
Бу тинглов мулоқот тарзида ўтказилиб, унда нуфузли қўмитанинг етакчи экспертлари ўзбек делегациясига турли саволлар бердилар.
Женевадаги сессияда иштирок этган “Хьюман Райтс Вотч” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлов “Жараён”га берган интервьюсида мазкур сессиянинг баъзи жиҳатлари ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ асосий муаммолар ҳақида сўзлади.
Жараён: Октябр ойининг сўнгги кунлари Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига ҳисобот топширди. Сиз, умуман олганда, бу жавоблардан қониқдингизми?
Стив Свердлов: Афсуски, ўзбек делегацияси жавобларидан қониққаним йўқ. Мазкур форум чоғида худди аввалги форумларда бўлгани каби Ўзбекистон расмий делегацияси кўп саволлар моҳияти ҳақида гапирмасликка ва кўп саволларни эътиборсиз қолдиришга қарор қилди. Мен ўша залда ўтиргандим.
У ерда мени ўзбек делегацияси жавоблари ва уларнинг чиқишлари мазмунигина эмас, балки уларнинг ўша ҳурматли экспертларга қилган муомаласи ҳам мутлақо танг қолдирди. Мени Ўзбекистон делегациясига бошчилик қилган Акмал Саидовнинг кўп марта овозини кўтаргани, тўғридан-тўғри экспертларга бақиргани ва столга муштлагани танг қолдирди. У делегацияга аввалдан ёзма кўринишда берилган саволлар моҳиятини, эҳтимолки, жуда яхши тушуна туриб, кўп жойда ўзини тушунмаётганга солиб олди, менимча.
Масалан, бир саволда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ўзининг саккиз ёки ундан кўпроқ қарорида Ўзбекистонда қийноқлар систематик ва кенг тарқалган кўриниш, деб топгани айтилди. Ва бу бунақа муаммо мамлакатда мавжудлигини исботловчи далил ўлароқ келтирилди. Бу саволни, бу баёнотни эшитгач, ўзбек делегацияси мана бундай жавоб қайтарди: “Биз Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига тупурганмиз, чунки биз Осиё мамлакатимиз”.
Жараён: Наҳот, ўзбек делегацияси тўғридан-тўғри шундай, деб таъкидлаган бўлса?
Стив Свердлов: Худди шундай дейишди: “Биз Осиё мамлакатимиз, бизни бу қизиқтирмайди”. Мен бундан танг қолдим, буни кўчадаги бир киши айтса ҳам майлийди. Аммо бу ерда биз Акмал Саидов – Ўзбекистоннинг юридик соҳадаги етакчи олими, адашмасам, йигирма йилдан ошиқ вақт давомида юриспруденция, халқаро ҳуқуқ билан шуғулланиб келаётган инсон ҳақида гапирмоқдамиз.
Бундай жавоб, менимча, бу мустақил қўмитага ўз мамлакатлари томонидан номзодлари кўрсатилиб келган ва Ўзбекистонга қарши ҳеч қандай режалари бўлмаган экспертлар билан ҳамкорлик қилиш ва ишлаш бўйича ўзбек делегациясида сиёсий ирода мутлақо йўқлигини кўрсатади. Уларнинг асосий вазифаси – Ўзбекистонда қийноқлар билан боғлиқ вазият яхшиланиши бўйича тавсиялар беришга ҳаракат қилиш ва мамлакатга 1995 йили Қийноқларга қарши конвенцияни имзолаш орқали ўз бўйнига олган халқаро мажбуриятларга риоя қилинишида ёрдам беришдир.
Ўзбек делегацияси чиқишларининг кўп жойида биз сўнгги ўн йил, айниқса, Андижон воқеаларидан кейин кўп маротаба эшитганимиз мулоҳазалар янгради. Ўзбек делегацияси сиёсий маҳбусларнинг йўқлигини кўп таъкидлади. Бу ҳатто БМТнинг аксар қарорлари бўйича ҳам ёлғон ҳисобланади, албатта. Биз ўзбек қамоқхоналарида минглаб одам сиёсий моддалар бўйича ўтирганини жуда яхши биламиз.
Бу кўп йиллар давомида жуда яхши ҳужжатлаштирилган. Ўзбек делегациясининг бу мулоҳазалари Қўмитага ҳужум қилиш орқали халқаро ҳамжамиятга расмий Тошкент халқаро ҳамжамият аралашувидан манфаатдор эмаслигини тушунтириш учун билдирилгандир балки. Бу одамни жуда танг қолдиради. Чунки биз Ўзбекистонда минглаб сиёсий маҳбус борлигини ва улар қийноқ ва ёмон муносабатга дучор қилинаётганларини яхши биламиз. Яна ўзбек делегацияси мана бундай фикрни билдирди – биз учун Андижон мавзуси ёпиқ ва биз бу мавзуга қайтмаймиз, уни муҳокама ҳам қилмаймиз. Албатта, бу жуда сурбетона жавоб.
Қўмита экспертлари ўз чиқишлари аввалида залда инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистондан келган бирорта ҳам нодавлат ташкилоти йўқлигини кузатгани ҳам жуда қизиқ бўлди. Бу, расмий Тошкентнинг фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқлари ва қийноқ ҳолатлари бўйича бизда ҳаммаси яхши дейишига қарамай, залда мустақил фуқаролик жамияти вакилларининг йўқлиги ҳаммаси яхши эмаслиги ва аслида, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол ўта аянчли эканидан дарак беради.
Жараён: Ўз ҳисоботида ўзбек делегацияси бевосита Сиз ишлайдиган “Хьюман Райтс Вотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолиятига ҳам тўхталган. Уларнинг бу иддаолари қанчалар асосли?
Стив Свердлов: Ҳамма гап шундаки, буларнинг ҳаммаси далилланмаган гаплар. Афсуски, 1996 йилда рўйхатдан ўтган “Хьюман Райтс Вотч”нинг Тошкентдаги идораси ўн беш йиллик фаолиятдан сўнг ўзбек расмийлари томонидан 2011 йили куч билан ёпилди. Бунгача улар идорамиз ходимларига, жумладан, менга ва кўплаб бошқа ҳамкасбларимга аккредитация ёки виза бермай келган.
2004 йилдан бошлаб ва ундан кейин ўтган олти йил мобайнида расмий Тошкент доимий равишда ишлаш учун ходимларимиздан биронтасига аккредитация бермаган. “Хьюман Райтс Вотч” офиси ёпилаётган пайт мустақил овозларни, мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларини мамлакатдан сиқиб чиқариш бўйича жуда узоқ давом этган кампаниянинг охирги босқичи бўлган. Биз Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган охирги ташкилотлардан бири бўлганмиз. Ва биз учун бу давр ўта мураккаб давр бўлганди.
Ўшанда биз энг кўп маҳаллий ҳамкасбларимиз тақдири учун хавотирланганмиз. Чунки биз офисимиз жойларда ўз ишини бажараётган, вазиятни ўрганаётган, мониторинг олиб бораётган маҳаллий ҳуқуқ фаоллари учун қўллов эканини тушунардик. Шунингдек, биз Тошкентда фақат расмийларни танқид қилиш учун эмас, балки ҳукумат билан бирга ишлаш, тавсиялар бериш, улар билан мунтазам равишда учрашиб туриш учун турардик. Тошкентда бўлган пайтимда фақат вазиятни ўрганиш ва ҳуқуқ фаоллари билан ишлашгагина эмас, кундалик муаммоларни кўтаришга ҳам ҳаракат қилардим. Менимча, Ўзбекистон ҳукумати буларнинг ҳаммасини жуда яхши тушунади, бироқ, афтидан, мамлакатни ташқи дунё учун ёпиб қўйиш, ҳақиқатни кўрсатмасликка оид бир сиёсат бўлса керак.
Ваҳоланки, бу мавжуд барча муаммоларни фақат чигаллаштиради, холос. Женевадаги чиқишлар чоғида “Хьюман Райтс Вотч” идорасининг ёпилиш сабаблари айтилмади, чунки аслидан бунга сабабнинг ўзи йўқ эди. Шу ерда таъкидлаш жуда муҳим бўлган бир жиҳат бор: Адлия вазирлиги “Хьюман Райтс Вотч” идорасини тугатиш ҳақида Олий судга даъво аризасини топширган пайтда расмийлар мен ва ходимларимга ташкилотимиз тугатилишига оид маҳкамада иштирок этиш учун ҳатто Ўзбекистонга келиш имкониятини ҳам бермадилар. Менимча, бу абсурднинг ўзгинаси, абсурд театри.
Женевада Ўзбекистон томони тингловчиларни, шу жумладан қўмита экспертларини иш моҳиятидан ҳамда халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларини ёпиш учун аслида ҳеч қандай оқлов важи йўқлигидан чалғитиш учун, афсуски, тажовузкорона оҳангни танлади. Чунки уларнинг ўз роли бор ва албаттаки, уларнинг Ўзбекистондаги фаолияти ва мавжуд бўлиши мамлакат Конституциясига ҳамда мамлакат ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларнинг барчасига тўлалигича мувофиқ келади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон томони учун бу муаммоли жиҳат бўлишда давом этмоқда.
Жараён: “Хьюман Райтс Вотч” Ўзбекистондан чиқиб кетганига қарамай, аввалги алоқалардан фойдаланган ҳолда, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яқиндан ўрганиб бораяпти. Шулардан келиб чиққан ҳолда, ўзбек делегацияси айтгани билан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ реал вазият нечоғли бир-бирига мутаносиб?
Стив Свердлов: Аслини олганда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчлилигича қолмоқда. Сўнгги икки-уч йил ичидаги қийноқлар, ёмон муносабатлар ҳақида гапирилса, жиддий қийноқ қўлланилишига доир кўплаб ҳолатлар аниқланган. Алоқадаги қийинчиликларга, журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари билан сўзлашиш орқали одамлар кўпинча ўзларини хатарга қўйишлари мумкинлигига қарамай, биз ҳар ҳафта қийноқ қўллаш, ёмон муносабатга оид вазият ҳақида Ўзбекистондан хабарлар ва жуда жиддий асосланган шикоятлар олишда давом этаяпмиз.
Масалан, бу йил биз қийноқлар билан боғлиқ равишда 2009 йили содир бўлган жуда шов-шувли бир ишдан хабар топдик. Бу беш-олти йил давомида Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлаган Қаюм Ортиқовнинг ишидир. Унинг устидан жиноий иш уйдириб, 2009 йили қамоққа тиқишган. Кейин у жуда даҳшатли қийноқларга дучор этилган. У Андижондан кейин одамлар расмийлар томонидан ғарб мамлакатлари учун ишлаганликда, ҳатто жосусликда айбланган даврдаги қийноқ қурбонларидан бири бўлган.
Бу оила аъзолари Қаюм дучор этилган қийноқлар ҳақида батафсил маълумотлар берганлар. Бу одам қийноқлар ҳақида ҳаммага ва очиқ-ошкор сўзлаб беришга ўзида жасорат топа олди. Бу ишни у ўзини кўрсатиш учунгина қилмади. Менимча, бу “йўқ, биз бундан буён ўз расмийларимизнинг бунақа қилиқларига дош беролмаймиз, биз давлатнинг бундай сиёсатига рози бўлолмаймиз” деган бир ўзбек оиласининг ошкоралик ва фуқаровий ташаббусига оид жуда муҳим мисол бўлди.
Бунақа мисоллар кўп ва улардан кўпи ҳақида Женевадаги сессия чоғида ҳам сўзланди, бу эса мени чинакамига хурсанд қилди. Бу экспертлар кўплаб турли кейслар ва воқеаларни жамлашга муваффақ бўлишибди. Улар мазкур воқеаларни ўзбек делегацияси экспертларига савол ўлароқ беришди. Гарчи Ўзбекистон томони жавобларидан ҳеч қанақа маълумот ололмаган бўлсалар ҳам. Ўзбекистон томони кўпинча бу саволларни эътиборсиз қолдирди.
Аммо барибир буни ҳамма эшитди, ҳамма билди. Тошкентда энг юқори мақомда бўлган расмийлар ҳам Женевадаги сессия чоғида айтилганларни эшитишди. Бу жуда муҳим эди. Бизнингча, ошкоралик қудрат ва куч ташийди. Бу ерда Ўзбекистондаги кўплаб фаоллар ва оддий одамларда бу тизимни тўхтатиш ва инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши чинакамига курашишда куч ва қувват борлигига оид ижобий жиҳат ҳақида гапириш жоиз.
Жараён: Жаноб Свердлов, айтингчи, ўзбек делегацияси ўз ҳисоботида Қаюм Ортиқов ишига тўхталдими ёки бу ишни ўз эътиборидан четда қолдирдими?
Стив Свердлов: Улар буни шунчаки эътиборсиз қолдиришди. Яна бир мисол келтираман: сессия давомида бир сафар гап таниқли сиёсий маҳбус, журналист Дилмурод Саййид ҳақида кетди. Ўзбек делегацияси вакиллари у тергов ва суд жараёнининг барча босқичларида адвокат олиш ҳуқуқи билан таъминлаганини айтдилар. Буни эшитган экспертлар эса тўлақонли бўлмаган бундай жавоб ёлғонлигини, яъни Дилмурод Саййиднинг адвокати бўлмагани ва у Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига дохил процедура ва процессуал меъёрларининг жиддий бузилиши ҳисобланмиш тергов ва суд жараёнининг турли босқичларида адвокат олиш имконидан маҳрум қилинганини дарҳол ҳужжатлар асосида исботлаб бердилар.
Масалани ойдинлаштирадиган бундай саволларга ҳам ўзбек делегациясидан ҳеч қандай жавоб бўлгани йўқ. Менимча, Ўзбекистон томони шунчаки саволлардан ўзини олиб қочиб, ўзини ҳеч нарса эшитмагандай тутишга қарор қилди. Ўзбек делегацияси бошқа йўлни – тажовузкорлик ва бақир-чақир йўлини танлади.
Жараён: Ўзбек делегацияси Женевада ўзини ҳар доим очиқ мулоқотга тайёр эканлигини таъкидлади. Агар бундай мулоқот имконияти туғилса, ўзбек расмийларига мамлакатдаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш йўлида қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
Стив Свердлов: Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган тавсияларимиз кўп. Биринчидан, ўн бир аввал мамлакат келган БМТнинг қийноқ масалалар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистон ҳукуматига жуда кўп муҳим тавсияларни берган. “Хьюман Райтс Вотч” бу тавсияларни доим такрорлаб келади. Биз Ўзбекистон томони бу тавсиялардан кўпини бажарганини айтаётганига қарамай, расмийлар энг асосий жиҳатни ҳали англамаганларини кўрсатишга уринаяпмиз. Бу биз ҳар доим айтиб келаётган меъёр ва кафолатлар имплементациясидир.
Расмий Тошкент Ҳабеас Корпусни суд-ижро тизимига жорий қилиш тўғрисида қонун қабул қилгани жуда муҳим воқеа бўлган. Бироқ Ҳабеас Корпус деганлари фақат қоғоздагина бор. Шунингдек, адвокат олиш, яқинларига биринчи қўнғироқни қилиш имконияти бўйича Жиноят-процессуал кодексига кўплаб тузатишлар киритилган. Буларнинг ҳаммаси жуда муҳим, бироқ ҳақиқий аҳвол буларнинг барчаси фақат қоғоздагина мавжудлигини кўрсатмоқда.
Биринчи навбатда биз қуйидаги тавсияни берган бўлардик – расмийлар энг юқори даражада, яъни президент даражасида қийноқларни очиқ-ошкор қоралаши ва бу қораловни такрорлаб туриши, қийноқларга чек қўйилиши учун сиёсий ирода кўрсатиши лозим. Бу ишни ҳатто Ўзбекистондек улкан мамлакатда ҳам амалга оширса бўлади. Ҳозирча биз бу борада чинакам сиёсий иродани кўрганимиз йўқ.
Масалан, бундан ўн бир муқаддам Ўзбекистон ҳукуматига жуда манфур бўлган ва қийноқ қўллаш бўйича жуда кўплаб фактлар аниқланган машҳур “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш тавсия этилганди. Женевадаги сессияда Ўзбекистон томони яна тажовуз билан: “Биз бу қамоқхонани ёпмаймиз ва сиз бизга қандай яшаш лозимлигини ўргатолмайсиз”, дея билдирди. Биз ўзбек расмийлари бу тавсияни жиддий тарзда эътиборга олишини истаймиз. Чунки бу тавсияларнинг ҳаммаси халқаро экспертларнинг экспертизалари ва ишончли фактларга асосланган.
Бу мавзу билан боғлиқ яна бир муҳим тавсия ҳам бор. Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари билан тўхтовсиз ҳамкорлик қилишни бошлаши лозим. Бу ўн бир йилдан буён бу мамлакатга сафар қилишни кутаётган инсон ҳуқуқларининг турли мавзулари бўйича барча махсус маърузачилари Ўзбекистонга бориш ва жойнинг ўзида инсон ҳуқуқларига оид вазиятни ўрганиш учун изн ола билишини англатади.
Чунки Ўзбекистон БМТ махсус маърузачиларининг мамлакатга киришини рад этиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатган. БМТ экспертларининг мамлакатга сафар қилиши бўйича фақат Зимбабвегина рад жавобини берган. Бу Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ механизмлари билан шу қадар ёмон ҳамкорлик қилаётганини кўрсатувчи танг қолдирувчи статистикадир. Биз буни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг алоҳида эътиборига молик ҳолат, деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, биринчи галда сиёсий маҳбусларни зудлик билан озод этиш тўғрисидаги тавсия ҳам бор. Улар орасида ўз фаолияти ва фуқаролик позицияси туфайли қамоқхонада ўтирган журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, фуқаролик жамияти фаоллари бор. Биз “диний экстремизм” моддалари билан айбланган минглаб диндор маҳбусдан ташқари эътиборга лойиқ ўттиз уч нафар сиёсий маҳбус борлигини биламиз. Бу ишни жуда тез амалга ошириш мумкин. Бу билан Тошкент ўз мажбуриятларига жуда жиддий ёндошаётганини бутун дунёга исботлаб берган бўларди. Такрор айтаман, мен юқорида келтирган барча жиҳатлар Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятлар билан боғлиқ.
Биз Тошкентдаги барча расмийлар Женевадаги сессия материаллари билан танишиб, барча чиқишлар видеосини кўриб, “Хьюман Райтс Вотч” чиқишларини ўқиб чиққанларидан кейин ҳақиқий мулоқот бошлаш учун биринчи қадамни қўяжакларига чин дилдан умид қиламиз. Қўйилиши осон бўлган жуда кўп қадамлар бор. Бу ерда гап сиёсат ҳақида ҳам, бошқа нарса ҳақида ҳам кетмаяпти, бу ерда гап фақат инсон қадр-қиммати устида бораётибди.
Шахсан менга бу ерда жиддий экспертлар Ўзбекистондаги вазиятни атрофлича ўрганиб, жиддий тавсиялар ишлаб чиқишга уринганлари жуда ёқди. Ўзбекистон бу тавсияларни ўрганиб чиқиши ва ҳисобга олиши лозим. Мен бу тавсияларни амалга оширишимиз мумкин бўлган вақт келишига умид қиламан. Бу унчалик қийин иш эмас ва ўзбек жамиятида бу каби вазифаларга омилкорлик билан ва тажовуздан ҳоли бўлган йўсинда жавоб қайтариши мумкин бўлган одамлар кўп.
Жараён: Интервью учун раҳмат, жаноб Свердлов.
Интервьюни Асад БОЙМУРОДОВ тайёрлади
Fikr bildirish