Ўзбек қочқинлари Қирғизистонни тарк этмоқда
Бошпана илинжида Қирғизистонга келган ўзбек қочқинлари маҳаллий махсус хизматлар таъқиби ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Бишкек ваколатхонаси ходимлари лоқайдлигидан безиб, бошқа мамлакатларга чиқиб кета бошладилар.
Ҳозирча Қирғизистонда қолаётган ўзбекистонлик қочқинлардан бири Каримжоннинг «Жараён»га айтишича, сўнгги бир ой давомида биргина Бишкек шаҳридан ўнга яқин қочқин оила Туркияга чиқиб кетган.
– Ўзбекистонлик қочқинларга Қирғизистон махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тазйиқлар бўлаяпти. Айрим ҳамюртларимизни ваҳҳобийлик, ҳизбчиликда гумонлаб, қанақадир йўқ нарсаларни гапириб, жуда қаттиқ калтаклашди ҳам. Биттасини ўз кўзим билан кўрдим – қўл-оёғи кўкариб ётибди. У менинг уйимда бир неча кун ётиб, даволанди. Кейин оиласи билан бирга учиб кетди Туркияга, – деди Каримжон.
Унинг айтишича, бу каби таъқиб-тазйиқларнинг кучайиши ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг (БМТ ҚИОКБ) Бишкек ваколатхонаси ходимларининг ўзбек қочқинларига бу борада ёрдам беролмаётгани қисматдошларининг сабр косасини тошириб юборган. «Бу қочқинлар орасида уч йиллаб, тўрт йиллаб учинчи давлатга чиқиб кетишни кутиб юрганлар бор эди ахир», деди Каримжон.
Унинг гапларини тасдиқлаган бошқа бир ўзбек қочқини Абдураҳмон БМТ ҚИОКБ ходимларининг лоқайдлиги ўзи кабилар хавотирини тобора кучайишига сабаб бўлаётганини айтди.
– Шуҳрат Мусин (2013 йил февралида Бишкекдан ўғирлаб кетилган ўзбек қочқини – Жараён) йўқолиб қолганда хавотир бўлиб, УВКБ ООНга (БМТ ҚИОКБ) мурожаат қилдик. Кейинчалик унинг Андижон қамоқхонасида экани маълум бўлганидан сўнг яна бордик. «Бу фақат битта манбадан олинган маълумот» деб (бу ҳақда илк бор «Жараён» сайти 2013 йилнинг февралида ёзганди – Жараён), гапимизга эътибор беришмади.
Шуҳрат Мусиннинг суди бошланганда УВКБ ООН ходимлари яна бир нарсалар деб, ҳаммамизни юпатиб, уйимизга жўнатишди. У саккиз йилга кесилганини эшитганимиздан кейин хавотиримиз ошиб, яна УВКБ ООНга бордик, бироқ улардан одамга тасалли берадиган биронта гап эшитмадик. Фақат «кутинглар», дейишаяпти, – деди Абдураҳмон ўнга яқин ўзбек оиласининг Қирғизистонни тарк этишида БМТ ҚИОКБ Бишкек ваколатхонаси ходимларининг лоқайдлиги ҳам катта роль ўйнаганини таъкидларкан.
Қирғизистонда айни пайтда ўзбекистонлик қанча қочқин борлиги махфий маълумот бўлиб ҳисобланади ва тегишли идоралар «бу маълумот қочқинлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» очиқланмаслигини айтиб келадилар. Аммо Каримжоннинг айтишича, бу каби чоралар қочқинлар хавфсизлигини таъминлаш учун кифоя эмас.
– Ҳеч ким ёрдам бермаганидан кейин, адолат бўлмаганидан кейин инсон адолат бор жойни қидириб чиқиб кетади, – деди ўзбек қочқини Каримжон қисматдош ҳамюртларининг Қирғизистондан чиқиб кетишига изоҳ бераркан.
Унинг айтишича, Қирғизистондаги ўзбек қочқинларига қочқинлар муаммолари билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотлари қўлдан келганча кўмак кўрсатиб келаяптилар, лекин бу ёрдам ҳам кўпинча кечикиб берилаяпти.
– «Улардан ёрдам йўқ» десам, алдоқчи бўлиб қоламан. Ёрдам бор, лекин бу ёрдам ўз вақтида, керакли пайтда кўрсатилмаяпти. Кейин махсус хизмат ходимлари шунақа қоғозлар ёздириб оладики, ҳеч қаёққа мурожаат қилолмайдиган қилиб қўяди. Улар «махсус хизматлар томонидан менга ҳеч қанақа тазйиқ-таъқиб бўлмади, ҳамма нарсадан розиман» деган мазмунда тилхат ёздириб олишади тутиб кетилган қочқинлардан. Қочқинлар бу таъқиблар ҳақида бирор жойга шикоят қилишса, ими-жимида экстрадиция қилиб юборилиши мумкинлигидан чўчиб яшаяптилар, – деди ўзбек қочқини.
БМТ ҚИОКБ Бишкек ваколатхонаси вакиллари ёрдамидан ҳали ҳам умидини узмаганини айтган қочқин Каримжон, агар тез орада учинчи давлатга чиқиб кетиш муаммоси ҳал бўлмаса, ўзи ҳам Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлишини қўшимча қилди. Аммо Каримжон Қирғизистондан чиқиб кетганидан кейин ҳам ўз муаммоси ҳал бўлишини қўл қовуштириб кутиб ўтирмоқчи эмас.
– Хавфсизроқ мамлакатга чиқиб кетгандан кейин у ердан Женевага бориб, УКВБ ООН идорасини пикет қилмоқчиман. Бу ишни ўзим ва мендан кейин Қирғизистондан бошпана излаб келган ҳамюртларимнинг муаммоси ҳал бўлиши учун, бу муаммога қочқинлар ишлари учун масъул кишиларнинг эътиборини қаратиш учун қилмоқчиман, – деди шу йилнинг сентябрь ойида БМТ ҚИОКБ Бишкек ваколатхонаси биноси олдида норозилик акцияси ўтказган Каримжон.
Асад БОЙМУРОДОВ
Fikr bildirish