Бишкекда бедарак йўқолган ўзбек қочқини 8 йилга кесилди (янгиланди)

Жорий йилнинг февралида Қирғизистон пойтахтида бедарак йўқолган ўзбек қочқини Андижон суди томонидан саккиз йилга қамагани маълум бўлди.

“Жараён” мухбири билан 17 декабрь куни телефон орқали суҳбатлашган ўзбек қочқини Шуҳрат Мусиннинг турмуш ўртоғи Барно Мусинанинг айтишича, турмуш ўртоғи устидан суд маҳкамаси жорий йилнинг ноябрь ойида Андижон шаҳрида бўлиб ўтган.

– Менга турмуш ўртоғимга давлат томонидан ёлланган адвокат телефон қилиб, унинг устидан суд маҳкамаси ноябрь ойининг йигирманчи числоларида бўлиб ўтганини маълум қилди. Адвокат турмуш ўртоғимга қайси моддалар бўйича айблов билдирилганини айтмади, фақат “Шуҳрат кўп моддалар бўйича айбдор деб топилди”, деди холос.

Афсуски, мен судда қатнаша олмадим, чунки мен Қирғизистон фуқаросиман, ҳозир Жалолободда ота-онамнинг уйида иккита ёш болам билан яшаяпман.Ўзингизга маълум, ўзбек-қирғиз чегараси ёпилгани ҳам бизнинг Андижонга боришимизга тўсқинлик қилди, – деди Шуҳрат Мусиннинг турмуш ўртоғи Барно Мусина.

Ўзбек қочқини Шуҳрат Мусиннинг саккиз йилга қамалгани ҳақида “Жараён”га биринчи бўлиб 14 декабрь куни Бишкекда яшаб келаётган ўзбек қочқинлари маълум қилдилар. Уларга кўра, ўзбек қочқинининг Қирғизистонда бедарак йўқолиб, сўнг дараги Ўзбекистондаги қамоқхонадан чиққани ва охир-оқибат узоқ муддатга қамалгани Қирғистонда бошпана топган кўплаб ўзбек қочқинларининг хавотирланишига ва оилалари билан хавфсизроқ мамлакатларга чиқиб кетишларига сабаб бўлмоқда.

Шу йилнинг 18 февраль куни Қирғизистон пойтахтида БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Бишкекдаги ваколатхонаси томонидан берилган қочқинлик мандатига эга Ўзбекистон фуқароси Шуҳрат Мусин бедарак йўқолгани ҳақида “Жараён”га ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, айни пайтда Европа мамлакатларининг биридан сиёсий бошпана топган Фарҳодхон Мухторов маълум қилганди.

– Шуҳратнинг қўл телефонига кимдир қўнғироқ қилган ва шундан кейин у кўчага чиқиб кетиб, шу кетганча қайтиб келмаган, – деганди сайтимиз журналистига ҳуқуқ фаоли.

29 ёшли Шуҳрат Мусин Жалолободда туғилган, бироқ Андижонда яшаб, улғайган. 2008 йилда у маҳаллий махсус хизмат ходимлари таъқиблари туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган. Ўшанда улар Мусин Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз) бўйича айблов эълон қилганлар ва Ўзбекистон исломий ҳаракатига (ЎИҲ) аъзоликда айблаганлар.

Бироқ Мусиннинг яқинлари “Жараён”га унинг ўз дўстлари билан 2005 йили Андижонда содир бўлган воқеалар акс этган CD-дискни кўрганидан кейин Миллий хавфсизлик ходимлари эътиборига тушганини айтишган.

2010 йил октябрида Шуҳрат Мусин Ўзбекистон расмийларининг экстрадицион талабномаси бўйича Бишкекда Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган. Аммо 2011 йил февралида БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонаси ҳамда қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари аралашуви билан Шуҳрат Мусин қўйиб юборилган ва ўшандан буён Қирғизистон пойтахтида оиласи билан яшаб келган.

2009 йилнинг июль ойида БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлигининг Қирғизистондаги ваколатхонаси Мусинни қочқин, деб эътироф этган ва унга қочқинлик гувоҳномасини берган.

Шуҳрат Мусин 2013 йили бедарак йўқолгач эса айрим ҳуқуқ фаоллари уни ўзбек махфий хизматлари олиб қочган бўлиши мумкинлигидан хавотирланишганди.

Шу йилнинг 12 апрель куни “Жараён” мухбири билан телефон орқали суҳбатлашган Мусиннинг қариндошларидан бири эса Шуҳратнинг Андижондаги қамоқхонада ушлаб турилганини маълум қилганди. Кейинчалик бу хабарни Мусиннинг турмуш ўртоғи Барно ҳам “Жараён”га тасдиқлаганди.

Ўз навбатида, Шуҳрат Мусиннинг Бишкекда бедарак йўқолиб, Ўзбекистонда судланганини изоҳлаган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева биринчидан, бу Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг қочқинни ўғирлаб кетиш жиноятига шерик эканлигини исботласа, иккинчидан, Мусин аллақачон қийноқ қурбонига айланганлигини исботлашини айтади.

– БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Бишкек ваколатхонаси томонидан берилган қочқинлик мандатига эга бўлган Шуҳрат Мусининг ўзбек махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилиши – энг аввало БМТга ўз тақдирини ишониб топширган инсонларнинг ишончига ҳиёнат деб биламан.

Қўлида қочқинлик мақомини сўровчи мандатига эга бўлишига қарамасдан қочқинлар яшаб турган мамлакатлар махсус хизматлари ёрдамида ўғирлаб кетилган кишилар кейинчалик Ўзбекистон қамоқхоналаридан топилаётгани ёки уларнинг адолатсиз судлов орқали қамоқ жазосига ҳукм қилинаётгани ҳақида эшитарканмиз ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳар қанча бонг урмайлик ижобий томонга ўзгариш бўлаётгани йўқ.

Айнан Қирғизистондан Ўзбекистонга бериб юборган, 2005 йил 13 майдаги норозилик митингида фаол қатнашган Таваккалбек Ҳожиев ваҳшиёна қийноқлар натижасида вафот этгани, ўзбек махфий хизматларининг унинг мурдасини эрта тонгда ота-онаси уйига олиб келиб, уни зудлик билан кўмишга мажбур қилганликлари ўзбек ҳукуматининг биринчи марта ўз жиноятини яширмаётганидан даракдир.

Шуҳрат Мусин ҳам ўғирлаб кетилганидан кейин оила аъзолари узоқ муддат унинг қаердалигини била олмадилар. Оиласидагилар уни қаердалигидан бехабар бўлганликлари сабабли ҳаққоний юридик ҳимоянинг таъминланмагани натижасида у адолатсиз судлов қурбонига айланиб, саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бу вазиятда нафақат айғоқчилари орқали Шуҳрат Мусинни ўғирлаб кетган Ўзбекистон ҳукумати, уни ўғирлаб кетилишига шароит яратиб берган Қирғизистон ҳукумати, балким мандатини берган ва қочқинларни хавфсизлигини таъминлай олмаётган БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Қирғизистондаги ваколатхонасининг ҳам айби беқиёс деб биламан.

Бугунги кунда Қирғизистон, Қоғоғистонва Россия давлатлари қочқинлар учун ҳавфли мамлакатларга айланган. Бу мамлакатлар Ўзбекистон ҳукумати манфаатлари йўлида қочқинларни Ўзбекистонга ўғирлаб олиб кетишларга кўмаклашмоқдалар ва барча исбот далиллар етарли бўлишига қарамасдан расман ўзбек ҳукуматига топширишлар авжига минди. Буннингдек вазиятлар гувоҳига айланган ва эшитган қочқинлик мақомини сўровчи шаҳслар оила аъзолари билан биргаликда ўзларини қўтқариш мақсадида бошқа мамлакатларга чиқиб кетишга мажбур бўлмоқдалар.

Ўйлашимча, БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси қочқинлар билан ишлаш пайтидаги йўл қўйган камчиликларини тан олиб, ислоҳотлар олиб бориши шарт деб биламан, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Аввалроқ қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон махсус хизматларининг бошқа давлатлар ҳудудидан одам ўғирлаб кетиши кенг қўлланиладиган ва кўпчиликка маълум амалиёт экани ҳақида билдиргандилар.

Бундан аввал “Жараён” сайтига берган интервьюсида россиялик ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина МДҲ давлатлари махфий хизматларининг қочқинларни ўғирлаш ва уларнинг бунда қўшни мамлакатлардаги ҳамкорларига кўмаклашишларини изоҳларкан, жумладан бундай деганди: …“шавкатли қаҳрамонларимиз” (махфий хизмат ходимларини назарда тутаяпти – Жараён) нима қилиб бўлса ҳам, кишини кўпинча унга нисбатан сиёсий сабабларга кўра жиноий иш очиш учун талаб қилаётган мамлакатга бериб юбориш йўлида жонини жабборга бераяптилар.

Ойбек УМАРОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.