Мўътабар Тожибоева: Бахтли ҳаёт кечириш ҳуқуқи
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида барча одамлар ўз қадр-қиммати ва ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғилишлари ҳамда ҳар бир инсон ирқи, тана ранги, миллий мансубиятидан қатъий назар Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва эркинликка эга бўлиши зарурлиги қайд этилган.
Учинчи дунё мамлакатларидаги ноқулай сиёсий ва иқтисодий вазият, локал урушлар, экологик ва техноген офатлар одамларни гуруҳ-гуруҳ бўлиб бир минтақадан бошқа бир минтақага кўчишларига асосий сабаб бўлиб ҳисобланади.
Жаҳонда муҳожирлар сони йилдан-йилга ошиб бораётганини ҳисобга олиб ва ватанидан олисда ишлаётган муҳожирлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 1990 йилнинг 18 декабрида барча меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилалари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Халқаро конвенцияни қабул қилган.
Барча муҳожирларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун БМТ Бош Ассамблеяси 2000 йилнинг 4 декабрида 18 декабрни “Халқаро муҳожирлар куни” деб эълон қилган. БМТга аъзо давлатлар ҳамда ҳукуматлараро ва ноҳукумат ташкилотларига Халқаро муҳожирлар кунини инсон ҳуқуқлари ва муҳожирларнинг асосий эркинликлари тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш билан нишонлаш тавсия этилган.
БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича 2013 йил сентябрь ойида эълон қилинган ҳисоботида ўз мамлакати хорижида яшаётган кишилар сони бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўплиги ва 232 миллион кишини ташкил этиши айтилган. Муҳожирлар учун жозиброқ мамлакатлар 45,8 миллион муҳожир яшаётган АҚШ, расман рўйхатдан ўтган 11 миллион муҳожир истиқомат қилаётган Россия, Германия (9,8 миллион), Саудия Арабистони (9,1 миллион), Бирлашган Араб Амирликлари (7,8 миллион) ва Буюк Британия (7,8 миллион) каби давлатлар бўлиб ҳисобланади.
Кам тараққий этган мамлакатлардан бўлган одамларнинг Шимолий Америка ёки Европа мамлакатларида ўз бахтини топишдек табиий истаги уларнинг хушёрлигини ўтмаслаштиради, бунинг оқибатида муҳожирлар контрабанда ва одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий тузилмалар қучоғига тушиб қоладилар.
Халқаро миграция ташкилоти статистикасига мувофиқ, 2013 йил халқаро чегаралардан ноқонуний равишда ўтган муҳожирлар учун энг фожеий йил бўлган. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бу йил янги ҳаёт орзусига интилган 2360 нафар муҳожир ҳаётдан кўз юмган. Ноқонуний муҳожирлар орасидаги ўлим ҳолатларига оид ҳақиқий статистика эса бундан-да даҳшатлироқ.
Жаҳон ахборот агентликлари бутун йил давомида Ўртаер денгизи соҳиллари, Кариб ҳавзаси ва Жанубий-шарқий Осиё денгизлари ҳамда Африканинг жазирама чўлларида муҳожирлар ҳалок бўлганига оид кўплаб ҳодисалар ҳақида хабарлар ёйинлаб турдилар. Бу одамларда ўз турмушини ўзгартириш истаги шу қадар кучлики, уларни ҳар қадамда кутиб турган ўлим хавфи ҳам тўхтатиб қололмаяпти.
Ҳозирги пайтда глобал миграция муаммоси билан дунёнинг барча мамлакатлари, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам тўқнаш келмоқдалар. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистондан бўлган миллионлаб меҳнат муҳожирлари Россия Федерацияси ҳудудида ерлашганлар ва улар энг оғир ишларда ишлаяптилар.
Россияда коррупция томир отгани туфайли расмийлар зиммасига муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиш вазифасини юкловчи халқаро меъёрий ҳужжатлар ишламаяпти. Россиядаги энг ҳимояланмаган ва сон жиҳатдан энг кўп бўлган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон фуқаролари бўлиб ҳисобланади. Ўзбек расмийлари уларга обрўли бўлмаган ишларда ишлаётганлари учун таъна-дашномлар ёғдираяптилар, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари эса уларнинг пулини шилиб, вазиятдан шахсий бойлик орттириш йўлида фойдаланмоқдалар. Ирқий мансубиятга кўра ҳеч бир сабабсиз қўлга олишлар, инсоний қадр-қимматнинг таҳқирланиши, ойлик маошларнинг тўланмаслиги, калтаклашлар ва ўлдиришлар – булар муҳожирлар дуч келаётган муаммолар бўлиб ҳисобланади.
Россияда инсон ҳақларини ҳимоя қилаётган оз сонли ноҳукумат ташкилотлари расмийлар томонидан таъқиб ва провокацияларга дучор қилинмоқда. “Фуқаровий кўмак” (Гражданское содействие) ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина билан содир бўлган ҳодиса бунга бир мисол бўла олади.
Ганнушкина бир неча йил мобайнида Россия расмийлари томонидан қувғин қилинаётган меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келади. Ҳуқуқ ҳимоячисининг “адабини бериб қўйиш” учун Федерал миграция хизматининг Москва шаҳар бошқармаси ходимлари яқинда унга қарши жиноий иш уйдиришга уриниб кўрдилар. Шу йилнинг 27 ноябрь куни ФМХнинг пойтахт бошқармаси ходимлари ўзбекистонлик икки фуқаро – 24 ёшли Хайринисо Форманова ва 23 ёшли Чингиз Формановни ушлаб, улардан Светлана Ганнушкинага қарши обрўсизлантирадиган ариза ёзиб беришни талаб қилганлар. Бироқ жамоатчилик оёққа қалққани туфайли полициячилар ўз ғаразли режаларини амалга оширолмай қолдилар.
Ҳар бир муҳожир соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам сингари дурустроқ ҳаётга интилади, у ўз фарзандларининг келажаги хавфсизроқ ва фаровонроқ бўлишини истайди ва шунга эришишга ҳаракат қилиб яшайди. Агар муҳожирларга барча учун баробар бир шароитда ўз қобилиятини максимал даражада ишга солиш имконияти берилса, кўп ҳолларда улар жамиятнинг муносиб аъзосига айланадилар. Миллионлаб муҳожирлар ўзлари яшаётган мамлакат иқтисодиёти ва жамияти учун кўп фойдали ишларни амалга оширмоқдалар. Афсуски, муҳожирларнинг бу ҳиссаси камдан-кам эътироф этилади. Бунинг ўрнига улар кўпинча таҳқирлаш ва дискриминация билан юзлашаяптилар, кўп ҳолларда ирқчилик ёки ксенофобия қурбонига айланмоқдалар.
Ҳозирги пайтда контрабандачилар ва одам савдогарлари томонидан эксплуатация ва аёвсиз муносабатга дучор қилинаётган муҳожирлар сони ошиб бормоқда. Муҳожирлар муаммоси глобал миқёсгача кенгайди ва фақат биргаликдаги халқаро ҳамкорликкина муҳожирларга нисбатан бу каби аёвсиз муносабатга чек қўйишда фавқулодда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Мўътабар Тожибоева,
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари
2013 йилнинг 18 декабри
Париж, Франция
Fikr bildirish