Янис Галаноснинг яқинлари Мўътабар Тожибоевадан ёрдам сўради

Қирқ кундан буён ҳибсда сақланаётган ва ўзбек махсус хизматлари томонидан қийноққа тутилгани тахмин этилаётган Греция фуқароси Янис Галаноснинг оиласи уни муҳофаза қилишни сўраб, Ўтюраклар клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага мурожаат қилди.

Парижда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли билан мулоқот чоғида 31 ёшли Яниснинг яқинлари унинг қаердалигидан шу кунгача бехабар эканлари, улар ёллаган адвокат ҳали ҳам Янис билан учраша олмагани, шунингдек, юпун кийим билан тутиб кетилган бу йигитнинг шу кундаги аҳволи қандай экани ўзларига номаълумлигини айтганлар.

Ўзбекистондаги ҳодисаларни ёритиш билан шуғулланувчи оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Греция фуқароси Янис Галанос шу йилнинг 13 ноябрь куни Тошкент шаҳри марказида қуролли кишилар томонидан қўлга олиниб, номаълум томонга олиб кетилганди.

Бу воқеадан кўп ўтмай Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Твиттердаги ўз саҳифасида Янис Галанос Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида айбига иқрор бўлгунча қийноққа тутилгани ва камера олдида кўрсатма беришга мажбур қилингани ҳақида ёзиб чиққанди.

Бу иддаолардан сўнг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг Реабилитация марказида Янис Галанос билан учрашганлар. “Эзгулик”нинг мазкур учрашув тафсилотларига бағишланган ҳамда 4 декабрь куни тарқатилган хабарномаси ва видеоинтервьюсида Янис Галанос ўзининг қийноққа тутилганини рад этганди.

Учрашув видеоси ёйинланиши ортидан Туркиянинг “Ҳуррият” газетасига интервью берган Гулнора Каримова бу ишларнинг барчасини ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева уюштирганини даъво қилиб чиққанди. Афтидан, у Янисдан интервью олган “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятовани Мўътабар Тожибоева билан алмаштирган.

Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг бу сўзлари қип-қизил туҳмат эканини таъкидлаган Мўътабар Тожибоева Гулнора Каримовадан асоссиз айблов учун узр сўрашни талаб қилган, акс ҳолда, ўз шаънини ҳимоя қилиш учун Г. Каримовани судга бериш ниятида эканини айтган. Бироқ, ҳуқуқ фаоли фикрича, бу вазият Г. Каримова билан аввал ҳамкорлик қилган ва шу кунда ҳақ-ҳуқуқлари оёқости қилинаётган Я. Галаноснинг ҳимоясиз ташлаб қўйилишига асос бўлолмайди.

– Янис Галаноснинг оила аъзолари билан ўтказганим суҳбатдан маълум бўлишича, грециялик бу йигит бугунги кунда ҳақиқатан ҳуқуқий ёрдамга муҳтож. Аммо ҳақ-ҳуқуқлари топталган жаноб Галаносга кўмак беришга бел боғлаганимиз Гулнора Каримовага қарши даъвоимдан воз кечганимни англатмайди. Токи Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи “Ҳуррият”да чоп этилган туҳмати учун очиқ-ошкор узр сўрамас экан, суд орқали ўз шаънимни ҳимоя қилиш қароридан қайтмайман.

Айни пайтда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашиб келаётган “Ўтюраклар клуби” ташкилоти бугунги кунда мамлакат қамоқхона ва ҳибсхоналаридаги минглаб тутқунлар каби мазлум ҳолига тушган Янис Галанос ҳақларини муҳофаза қилиш борасида ҳам принципиал позицияга эга. Биз бу йигитни бир муддат Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилгани учунгина ҳимоядан мосуво қилолмаймиз.

Ҳатто, фараз қилайликки, Янис Галаносни калтаклаб, қийноққа солмаган бўлсалар ҳам (афсуски, бунга ишона олмайман), қирчиллама қишда иссиқ кийим-бошсиз ва кундалик эҳтиёж буюмларисиз тутиб турилиши, оила аъзоларига унинг қаерда экани айтилмасдан ва адвокати билан учраштирилмасдан ташқи дунёдан тамоман ажратиб қўйилиши унга нисбатан жисмоний ва руҳий қийноқ қўлланилаётганини исботлайди, – дейди Мўътабар Тожибоева.

“Ўтюраклар клуби” раҳбари фикрича, Янис Галаносни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш борасида грециялик дипломатларнинг ҳам тутажак позицияси ўта муҳимдир.

– Менимча, бугунги кунда Греция Ташқи ишлар вазирлиги Янис Галаноснинг тақдирига жиддий қизиқиш билдириб, унинг ҳимояси учун отланиши ва ўзбек ҳукуматидан у билан учраштиришни талаб қилиши керак. Агар грек дипломатларига Янис билан учрашиш учун рухсат берилгудек бўлса, улар ҳибсхона раҳбарлари кўрсатган хонага эмас, ўзлари бошқа бир хона танлаб, ўша ерда Я.Галанос билан ҳоли учрашишлари керак бўлади.

Қамоқхона ва ҳибсхоналардаги қийноқ ва босимлар кўлами нечоғли мудҳиш эканини билган инсон сифатида мен грек дипломатларига Янисга савол берарканлар, бу саволларга унинг кўзини юмиб очиш орқали ишора билан жавоб беришни сўрашларини таклиф қилган бўлардим.

Бундан ташқари, Греция Ташқи ишлар вазирлиги адвокат ёллаши ва у (яъни, адвокат) Яниснинг ҳибсга олиниш пайтидаги баённома ва кейинги процессуал ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, аниқланган қонунбузарликлар юзасидан зудлик билан прокуратура ва бошқа тегишли идораларга илтимоснома киритиши зарур. Греция Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўз навбатида, Галаноснинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига нота йўллаши лозим, деб ўйлайман, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Асад БОЙМУРОДОВ

Таҳририятдан: Юқоридаги мақола нашрга тайёрланаётган пайтда Тожибоева хоним почтасига Янис Галанос яқинларидан грециялик дипломатлар номига ёзилган мурожаат матни ва жаноб Я. Галаносга берилган грек паспорти (ID) нусхаси  келиб тушди. “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти мазкур ҳужжатларни Греция Ташқи ишлар вазирлигига йўллаш ниятида.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.