Наталья Войтенкова: Бундан буён болаларимни хавф остига қўймайман
Остона шаҳар суди аввалроқ террорчилик ва экстремизмни тарғиб қилганликда айбланиб, беш йилга қамалган 33 ёшли муслима Наталья Войтенкованинг ишини қайта кўриб чиқди.
Шу йилнинг 13 январь куни Остона шаҳар суди ўтган йил октябрида террорчилик ва экстремизмни тарғиб қилганлик ҳамда террорчилик хуружини амалга оширишга очиқ даъват қилганлик айблови бўйича беш йилга озодликдан маҳрум қилинган пойтахтлик 33 ёшли Наталья Войтенкова ишини апелляция тартибида қайта кўриб чиқди.
Суд Қозоғистон Жиноят кодексининг 72-моддасига (“Шахсга қарши оғир ва ўта оғир жиноятлар учун беш йилдан кўп муддатга озодликдан маҳрум қилинганлардан ташқари, ҳомиладор аёллар, ўн тўрт ёшгача фарзанди бўлган аёллар ва кичик ёшдаги болаларни ёлғиз ўзи тарбия қилаётган эркакларга белгиланган жазо ижросини кейинга қолдириш”) биноан жазони кейинга қолдириш бўйича беш йил муҳлат бериб, Войтенковани қамоқдан озод қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, Наталья Войтенкованинг уч нафар вояга етмаган фарзанди бор: 12 ёшли Элдор (Абдулла), 6 ёшли Ҳадича ва 5 ёшли Муслима.
Суд куни Войтенкова сўнгги уч ой мобайнида сақланган Остонадаги тергов ҳибсхонасидан озод қилинган.
15 январь куни “Жараён” веб-сайти журналистлари Наталья Войтенкова билан боғланишга муваффақ бўлишди ва у воқеаларнинг бу зайлда ўзгариб кетиши ўзи учун кутилмаган ҳол бўлганини айтди.
– Оллоҳга шукур, озодликка чиқдим. Мен ҳеч қандай жиноят содир этмагандим, аммо биринчи инстанция суди менга нисбатан бемаъни ҳукм чиқарди. Ростини айтсам, менинг ҳимоямга бунақа катта кампания бошланади, деб ўйламагандим. Мен “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ва сизнинг сайтингизга миннатдорчилик билдирмоқчийдим. Адвокатим менинг вазиятим билан ҳатто французлар (“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг қароргоҳи Парижда жойлашган – “Жараён”) қизиққанини айтиб берди, – дейди Наталья Войтенкова.
Аввалроқ “Жараён” дунёнинг турли мамлакатларидан бўлган мусулмонлар томонидан Наталья Войтенкова ҳимоясига Интернетда ташкил этилган акция ҳақида хабар қилганди. Акция ташкилотчилари орасида ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчилар ҳамда жамоат арбоблари бўлган.
Қозоғистонлик муслима сайтимизга бундан буён ҳам эрининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашда давом этажагини айтди.
– Мен эрим Рафис Галиуллинга нисбатан бўлаётган адолатсизликка қарши курашишни давом эттираман. Аммо очиқ хатти-ҳаракатларим ижобий натижа бермагани учун, эндиликда мен бу ишни бошқачароқ йўсинда амалга ошираман. Мен болаларимни хавф остига қўймай, фақат Оллоҳгагина таваккал қиламан.
Ҳозир эримнинг вазияти янада ёмонлашган. Унга қаттиқ режимли қамоқхонада ўташ шарти билан яна ярим йил жазо муддати қўшиб беришди. Менинг унга юборган барча хатларим, посилкаларим эримга етиб бормаяпти. Қамоқхонада посилкамни қанақадир прапоршчик қабул қилиб олганини айтишаяпти, аммо эримга ҳеч нарса беришмаяпти, кейин эса почтада менга: “Посилкангиз қаердадир йўқолиб қолибди”, дейишаяпти, – деди “Жараён”га Наталья Войтенкова.
Эслатамиз, Қозоғистон махсус хизматлари диндор аёл Наталья Войтенковани ўтган йилнинг апрель ойида Интернетдаги Youtube порталига видеомурожаат жойлаштирганидан кейин таъқиб эта бошлагандилар. Мазкур видеомурожаатда муслима Қозоғистон қамоқхоналаридан бирида жазо муддатини ўтаётган эри Рафис Галиуллинга нисбатан қийноқ қўлланилаётган ҳақида сўзлаганди.
Войтенкованинг эри Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳудудида фаолияти қонунан тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзоликда айбланиб, етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Ўтган йилнинг 12 октябрь куни Остона шаҳрининг Сариарқа туман суди Наталья Войтенковани умумий режимдаги аҳлоқ тузатиш колониясида жазо ўташ шарти билан беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарганди.
Ҳукм ўқилгач, Наталья Войтенкованинг уч нафар вояга етмаган фарзанди унинг қариндошлари қарамоғида қолган. Натальянинг яқинлари ва уни ҳимоя қилган адвокат Наталья Демидова муслима аёл қамоқдан озод бўлгунга қадар матбуот вакиллари билан мулоқот қилиш ва Войтенкованинг аҳволи ҳақида журналистларга маълумот беришдан бош тортиб келишган.
Аввалроқ ҳуқуқ ҳимоячилари Наталья Войтенкованинг яқинлари ва адвокатининг бундай хатти-ҳаракатларини уларнинг қаттиқ қўрқиб кетгани ва Қозоғистон махсус хизматлари ходимлари буйруғига бўйсунишга мажбур бўлаётганлари билан изоҳлагандилар.
Мубина САФАРОВА
Fikr bildirish