Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Жараён» Солижон Абдураҳмонов ўтган йилнинг 3 октябрида соғлиғи ёмонлашгани туфайли Қаршидаги 64/51-сонли колониядан 64/51-сонли қамоқ касалхонасига (бу жой халқ тилида «Сангород» деб юритилади) ўтказилгани ҳақида хабар қилганди. Абдураҳмонов ошқозон ярасидан азият чекиб келади. Аввалроқ унинг яқинлари журналистнинг жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи борлигини айтгандилар.
Қайд этиш лозимки, сўнгги ой мобайнида «Жараён» журналистлари Солижон Абдураҳмоновнинг яқинлари билан боғланишга муваффақ бўлолмаяпти. Уларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва Абдураҳмоновнинг ҳамкасблари билан алоқага чиқмаётганлари сабаби журналистнинг ҳимоясига очиқ чиқишлар қилиш билан унга зарар етказиб қўйишдан чўчиётганларида бўлиши мумкин.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева билан сўнгги суҳбат чоғида журналистнинг рафиқаси Шукуржон Абдураҳмонова ҳуқуқ фаолидан эрини ҳимоя қилиш бўйича барча ҳаракатларни тўхтатишни, чунки ҳуқуқни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи ташкилотлар Солижон Абдураҳмоновни қанча кўп ҳимоя қилсалар, уни қамоқда шунча кўп қийнаётганларини айтганди.
– Агар Солижон Абдураҳмонов азобланмасин, қийналмасин десанглар, унинг номини эсламанглар, – деганди журналистнинг рафиқаси Шукуржон Абдураҳмонова Мўътабар Тожибоева билан 2013 йил октябрида бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида.
Бундан ташқари, ўтган йилнинг октябрь ойи ўрталарида Солижон Абдураҳмонов Сангородда бўлган пайтида уни 15 суткага жазо изоляторига қамаб қўйганларини эслаш лозим.
Бу Ўзбекистонда мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллиги муносабати билан кенг кўламли амнистия эълон қилинишига икки ой қолганда содир бўлганди.
Кузатувчиларга кўра, ҳар йили расмийлар томонидан навбатдаги амнистия эълон қилинишидан аввал қамоқхоналар маъмуриятлари сиёсий маҳбуслар бўлажак амнистиядан фойдаланиб, озодликка чиқиб кетмасликлари учун атайлаб улар гарданига колония ички тартибини бузганлик бўйича уйдирилган турли айбловларни юклайдилар.
Эслатиб ўтамиз, Солижон Абдураҳмонов 2008 йили Нукус шаҳрида йирик миқдорда гиёҳванд модда сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Маҳкама чоғида Абдураҳмоновнинг айби исботланмаганига қарамай, мустақил журналист 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Солижон Абдураҳмонов ўтган йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мактуб йўлламиш америкалик 12 сенатор ҳимоя қилиб чиққан уч нафар сиёсий маҳбуснинг бири бўлиб ҳисобланади.
Сенаторлар мактубида исмлари зикр этилган Ағзам Турғунов, Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саййид каби сиёсий маҳбусларнинг ҳаммаси ҳалигача қамоқда сақланмоқда. Уларнинг саломатлиги юзасидан кўплаб нуфузли ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари хавотир билдирганлар.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish