Т.Ёқубов: Ўзбек расмийларининг мусулмонларга нисбатан нафрати шунчалик кучлики, уларни ўлдириш учун дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам ўз киллерларини юбормоқдалар
Маълумки, ўтган йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистонда мамлакат конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилинган.
Ўтган йилнинг охири ва жорий йил бошида фуқаролик жамиятининг шу пайтгача сохта ва уйдирилган айбловлар билан қамоқда бўлган бир неча фаоли озод қилинди.
Бироқ, маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, расмийлар ҳалигача мамлакатнинг шароити энг ёмон колония ва қамоқхоналарида сиёсий ва диний сабабларга кўра судланган минглаб одамларни тутиб турибдилар.
“Жараён”га берган интервьюсида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти фахрий президенти, ҳозирда Францияда муҳожиротда яшаётган Толиб Ёқубов Ўзбекистонда яқинда эълон қилинмиш амнистия ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили сиёсий маҳбусларни амнистия ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилиб келиши сабаблари ҳақида тўхталган.
Жараён: Жаноб Ёқубов, Сиз билан суҳбатимизни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллиги муносабати билан ўтган йилнинг 12 декабрида эълон қилинмиш амнистия билан боғлиқ саволдан бошласак. Бу йилги амнистия, Сизнингча, аввалги йилларда эълон қилинган амнистиялардан нимаси билан фарқланади?
Толиб Ёқубов: Суд, ҳуқуқ-тартибот ва пенитенциар тизим юз фоизга репрессив бўлган бир шароитда биз ҳар қандай маҳкумнинг – у сиёсатчими, ҳуқуқбонми, журналистми, тадбиркорми, фермерми ёки бошқа соҳа вакили бўладими – қамоқдан озод бўлганига хурсанд бўлишимиз керак. Бу одам ким бўлишидан қатъий назар, озодлик ўз ҳолича буюк қадриятдир. Мен Мамадали Маҳмудов, Неъматжон Содиқов, Набижон Жўрабоев, Ҳасан Чориевлар озодликка чиққанини эшитиб, чин дилдан хурсанд бўлдим. Улардан биронтаси жамият ва ватанга қарши ҳеч қанақа жиноят содир этмаган.
Бу одамларнинг ҳар бири ёки уларнинг яқинлари ўз вақтида фикрларини изҳор қилиш бўйича ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган, ҳаққоний тарихий романлар ёзган, одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган ёки мухолифат ҳаракатларига бошчилик қилган. Такрор айтаман, буларнинг ҳаммаси репрессив ҳукуматни ҳуркитади, асабийлаштиради, куч қўллашга, адолатсиз судловга ундайди.
Аммо ҳозирда мухолифатни, ҳуқуқбонлик ҳаракатини, журналистикани тамсил этган минглаб сиёсий маҳбуслар, ўз диний эътиқодлари учун судланган кишилар тимсолидаги виждон тутқунлари, тадбиркорлар қамоқда қоляптилар… Улар айбсиз бўлганлари ва адолатсиз равишда судланганлари етмагандай, расмийлар уларга нисбатан амнистия қўллашга ҳам шошилмаяпти ва енг ичида уларнинг ишига улар сақланаётган колония ички тартибини бузганликка оид уйдирилган айбловларни тиркаб қўймоқда. Шундай экан, мустақиллик йилларида чиқарилган амнистия актларининг ҳаммаси худди эгизаклардек бир-бировига ўхшашдир. Мустабид ҳокимият шу тариқа ўзини ҳимоя қилиб келаяпти.
Жараён: Бу йил эълон қилинган амнистия муносабати билан Неъматжон Содиқов (Фарғона), Набижон Жўрабоев (Жиззах), мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракати лидерининг отаси Ҳасан Чориев (Қашқадарё) каби Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари қамоқдан озод қилиндилар. Ўтган йилнинг апрель ойида эса ўн тўрт йиллик маҳкумликдан сўнг таниқли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудов қамоқдан чиқиб келди.
Айрим кузатувчилар мазкур шахслар қамоқдан ёшлари улуғ бўлгани учун озод қилинганини айтмоқдалар. Бироқ Ўзбекистон қамоқхоналарида қатор йиллардан буён ораларида ёши улуғ ва касал кишилар бўлган ўнлаб бошқа сиёсий ва диний маҳбуслар азоб чекмоқда. Сизнингча, ўзбек расмийлари нима учун уларни ҳалигача қамоқда тутиб турибди ва улар ҳар йили амнистияга тушмай қолаяптилар?
Толиб Ёқубов: Афсуски, панжара ортида ўнлаб эмас, балки минглаб диндор маҳбус қолмоқда. Улар орасида юзлаб киши тергов пайтида ва колонияда жазо ўтаётган пайтда қийноқларга тутилган. Абдували қори Мирзаев каби ҳибсга олинган айрим дин олимлари ҳақида ҳатто ҳеч қанақа маълумот ҳам йўқ. Расмийларнинг диндор мусулмонларга нисбатан нафрати шу қадар кучлики, уларни йўқ қилиш учун дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам ўз киллерларини юбормоқдалар. Ўзининг бунақа манфур сиёсатини Ўзбекистондаги расмийлар мамлакатда гўё барқарорликни сақлаш иддаоси билан оқлаяпти.
Шу ўринда мен Бенжамин Франклиннинг: “Заррача барқарорлик учун заррача озодликни қурбон қиладиган ҳар қандай жамият барқарорликка ҳам, озодликка ҳам муносиб эмас ва ҳар иккисини ҳам йўқотади”, деган гапини эсламай ўтолмайман. Ўзбекистондаги қабристон “барқарорлиги”ни расмийлар ўз фуқаролари ва жаҳон ҳамжамиятига ҳақиқий барқарорлик сифатида тақдим этаяптилар, бу эса тубдан хатодир. Шарқда: “Ҳалим одамдан қўрқ”, деган гап бор. Озодликсиз, муносиб турмушсиз, жаҳон тажрибаси кўрсатиб турганидек, халқнинг ҳар қанақа сабр-бардоши бир кун тугаб қолиши мумкин.
Жазо колонияларида касал ва ёши улуғ одамларнинг кўплиги расмийлар мамлакат бошқарувига келган дастлабки кунданоқ барпо этган ҳукмрон сиёсий режим шафқатсизлиги, инсониятга қаршилигининг яққол белгисидир. 1992 йили талабалар ўққа тутилгани, 1990-91 йилларда Наманган, Қўқон, Бўка, Паркент, Деновда, 2005 йили Андижонда аҳоли ўққа тутилгани, режим махсус хизматлари томонидан 1999 ва 2004 йилларда Тошкентда режалаштирилган ва амалга оширилган террорчилик хуружларини эсланг. Шу сабабли ҳам расмийлар жазо колонияларида маҳкумлар учун атайлаб аксилсанитария, битлиқилик, ночор овқат, мажбурий, тинкани қуритувчи ва қулларча меҳнат, садист назоратчилар томонидан аёвсиз калтакланиш каби чидаб бўлмас шароитни яратганлар.
Жараён: Жаноб Ёқубов, кейинги саволим Сизнинг куёвингиз, қизингиз Озоданинг турмуш ўртоғи, сўнгги саккиз йил мобайнида Ўзбекистоннинг энг аёвсиз колонияларидан бири бўлмиш “Жаслиқ”да сақланаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Сирдарё вилоят бўлими раиси Аъзам Фармоновга дахлдор. Айтингчи, қизингиз Озода Ёқубова турмуш ўртоғи билан сўнгги бор қачон кўришди ва ҳозирда унинг аҳволи қандай?
Толиб Ёқубов: Бугун, 2014 йилнинг 17 январь куни у эри билан навбатдаги учрашувга кетаяпти. Озода сўнгги марта “Жаслиқ”да 2013 йилнинг октябрида бўлган. Ўшанда у сафардан жуда кўнгли бузилиб қайтиб келганди ҳамда УЯ 64/71 да маҳкумлар ва яқинларининг телефон сўзлашувларига оид ҳақлари қўпол равишда бузилаётгани ҳақида Жазони ўташ бош бошқармаси (ЖЎББ) раҳбари, ички ишлар вазирининг ўринбосари Абдукарим Шодиев номига шикоятнома ёзганди.
Шунингдек, у учрашув билан боғлиқ шароитнинг расволиги, маҳкумлар шахсий гигиенасига оид, посилка ва бандероллар етказиб берилиши ва тақдим этилишига оид муаммолар тўғрисида ёзганди. Жаноб Шодиев эски одатига содиқ қолган ҳолда, бу каби шикоятларга жавоб бермаяпти. Қизим ўтган йиллар мобайнида унга ўн мартадан кўпроқ мурожаат қилган, аммо у бирор марта ҳам жавоб бермаган.
Шунақа бўлишига қарамай, ўтган йилнинг октябрь ойи охирида Женевада БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси сессиясида у оғзидан кўпик сочиб, тамоман бошқа нарсалар ҳақида гапирди: гўё ЖЎББ тизимида ҳаммаси жойида эмиш ва ҳеч қанақа муаммо йўқ эмиш! Ўша ерда у куёвим Аъзам Фармонов ҳақида ҳам гапирар экан, уялмай-нетмай ёлғон гапирди. Унинг ўша мажлисдаги ёлғонлари видеога олиниб, Интернетга жойлаштирилган ва бу ёлғонларни бутун дунёдаги миллионлар одамлар кўриб, эшитдилар.
Жараён: Жаноб Ёқубов, ўтган йилнинг октябрь ойи охирида “Жараён” сайтида Озода Ёқубованинг мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаолларидан яширин тарзда Тошкентда ўзбек расмийлари билан учрашиб қайтган Франция Ташқи ишлар вазирлиги инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси Патрициана Спарасино-Тиллай хонимга мурожаатномаси чоп қилинганди.
Ўз мурожаатномасида Озода Ёқубова инсон ҳуқуқлари бўйича элчи хонимга, жумладан, бир неча савол берган, бу саволлар орасида сиёсий маҳбуслар тақдири, Ўзбекистон фуқароларининг пахта далаларида мажбуран меҳнатга солинаётгани ва Аъзам Фармонов тақдирига дахлдор саволлар бор эди. Айтингчи, Озода Ёқубова Патрициана Спарасино-Тиллай хонимдан ўз саволларига жавоб ололдими? Агар ололган бўлса, бу жавоблар мазмуни қандай эди, агар ололмаган бўлса, нима учун элчи жавобдан қочди, деб ўйлайсиз?
Толиб Ёқубов: Уч йил аввал мен ўша пайтда Европа Иттифоқи кенгашига раҳбарлик қилиб турган Франция бош вазири Бернар Кушнерга хат билан мурожаат қилгандим. Ўшанда мен уни Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар муаммосига эътибор қаратишга чақиргандим ва орадан 20 кун ўтгач, ундан ўз имзоси билан жавоб хатини олгандим. Таассуфки, Патрициана Спарасино-Тиллай хоним ҳалигача қизим Озоданинг мурожаатига жавоб бергани йўқ, ваҳоланки, у Франция Ташқи ишлар вазирлиги қошида инсон ҳуқуқлари бўйича элчи бўлиб ҳисобланади.
Мен Франция Ташқи ишлар вазирлигида франциялик фуқаролар ва бу мамлакат фуқаролари бўлмаган кишилар мурожаатига нисбатан жавобгарлик масаласи қай тарзда қўйилганидан бехабарман. Франция дунёдаги етакчи демократик давлатлардан бири бўлгани учун аслида у одамларни “ўз” ва “ўзгалар”га ажратмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам менга Патрициана Спарасино-Тиллай хонимнинг бу масаладаги позицияси тушунарсиз, ваҳоланки инсон ҳуқуқлари бўйича элчи мақоми унинг зиммасига бу масалага нозикроқ ёндошиш масъулиятини юклайди.
Бошқа томондан эса, Патрициана Спарасино-Тиллай хоним Акмал Саидов раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан ташкил этилмиш Тошкент халқаро конференцияси ишида иштирок этиш билан бир қаторда мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар аҳволи ҳақида айтиб бериши мумкин бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар билан учрашишга вақт тополмаган. Ахир ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай ҳуқуқбон – Патрициана Спарасино-Тиллай хонимнинг фаолият жабҳаси эса айнан инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўлиб ҳисобланади – биринчи навбатда, сиёсий маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган бўларди.
“Номаълум” мамлакатга илк маротаба йўл оларкан, Франция ҳукуматидаги инсон ҳуқуқлари бўйича масъул шахслардан бири ўлароқ у сафар олдидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан ҳеч бўлмаганда озгина танишиб олишга вақт топиши мумкин эди. Ҳеч бўлмаса, БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг Қийноқлар бўйича махсус ҳисоботчиси жаноб Тео ван Бовен ҳисоботи ёки мазкур қўмита ва БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Ўзбекистондаги вазиятга оид хулосалари билан танишиб олишга. Албатта, Патрициана Спарасино-Тиллай хоним ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар билан учрашишни истамаганининг бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин.
Гап шундаки, сўнгги пайтларда “катта сиёсат”нинг тош босиб кетиши кузатилмоқда, яъни бу ерда НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши тўғрисидаги масала биринчи планга чиққан ва бу вазифада Ўзбекистонга алоҳида ўрин ажратилаяпти. Мутлақо равшанки, мамлакат расмийлари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, аксилафғон коалицияси олдида ўз талабларини олға сураяпти. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳукумати учун энг муҳим манфаатли жиҳат инсон ҳуқуқлари масаласига дахл қилмаслик бўлиб ҳисобланади. Европа Иттифоқи Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон расмийларига қарши санкциялар жорий қилган бўлса-да, ўзбек журналистларидан бири ифодалаганидек, аллақачон ўзбек расмийларига таслим бўлган.
Жараён: Аввал айтиб ўтганимиздек, ўтган йили ва шу йил бошида Ўзбекистон расмийлари халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари рўйхатида номлари сиёсий маҳбус ўлароқ келтирилган бир неча кишини қамоқдан озод қилди. Бу қадами билан расмийлар гўё ўз инсонпарварликларини намойиш этгандек бўлдилар.
Кузатувчилар келажакда Европада инсон ҳуқуқлари бўйича ўтказилажак анжуманларда ўзбек расмийлари албатта буни мамлакатда инсон ҳуқуқларига оид вазиятнинг яхшиланиши соҳасида ўзлари эришган ютуқ сифатида келтиришларини қайд этмоқдалар. Сизнингча, Ўзбекистон ҳукумати сиёсий ва диний сабабларга кўра қамалган ва узоқ йиллар мобайнида қийноқларга тутилаётган кишиларга нисбатан чинакам инсонпарварлик намойиш этиш учун қандай ишларни амалга оширишлари лозим?
Толиб Ёқубов: Ўз халқини ўққа тутадиган, дунёдаги энг репрессив судлов тизимига эга бўлган, минглаб бегуноқ одамни қамоққа тиқаётган ҳукуматда инсонпарварлик бўлмайди. Бунақа ҳукуматда ҳаёсизларча ёлғон, орсизларча мақтанчоқлик ва безга айланиб кетган бағиртошлик керагидан ортиқ даражада бўлади. Бу борада ўзбек расмийларининг олдига тушадиган йўқ. Бундай ҳол Ўзбекистонда аллақачон аксиомага айланиб бўлди.
Халқаро ташкилотлар уларнинг алдам-қалдам ва мақтанчоқликларига қулоқ тутишлари учун Ўзбекистон расмийлари, масалан, Акмал Саидовга ўхшаган ўз ҳисоботчиларига халқаро сессиялар ва учрашувларда бақир-чақир қилиш ва столга муштлаш бўйича топшириқ берадилар, бу ишни у 2013 йилнинг 30 октябрида Женевада маҳорат билан адо этди.
Балиқ сув билан тирик ва агар у бундай муҳитдан мосуво қилинса, ҳалок бўлади.
Ўзбек расмийлари тириклигини таъминлайдиган муҳит – бу:
1) фақат йилнинг илиқ кунларда эмас, ҳатто қишда ҳам аҳолини ёппасига электр ва газдан узиб қўйиш,
2) пахта терими учун шифокорлар, ўқитувчилар, талабалар ва ўқувчиларни ёппасига далага ҳайдаш,
3) ҳокимият структураларидаги ўта юқори даражада бўлган коррупция,
4) милиция участкалари, тергов идоралари, жазо колонияларидаги қийноқлар ва таҳқирлашлар,
5) мамлакатдаги ёппа ишсизлик кабилардир (ҳозир камида беш миллион чоғли ўзбек мардикори Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва дунёнинг бошқа мамлакатларида юрибди).
Ўзбекистондаги расмийларни бундай “муваффақиятлар” дастасидан, яъни ҳаёт учун зарур бўлган муҳитдан маҳрум қилиш мумкин эмас, чунки у ўша заҳотиёқ жон таслим қилади, ўлади. Ўлиш кимга ҳам ёқади, дейсиз?
Жараён: Интервью учун раҳмат, жаноб Ёқубов.
Интервьюни София ДАВРОНОВА тайёрлади
Fikr bildirish