Ватандаги тушунмаслик ва бегона юртдаги машаққатлар тожик аёлларини худкушликка бошламоқда
Кузатувчилар фикрича, Тожикистондаги оғир ижтимоий-иқтисодий турмуш шароити ҳамда бу мамлакатнинг миллионлаб фуқароси ишлашга кетаётган бегона юртлардаги қийинчиликлар кўплаб тожик аёллари орасида ўзини ўлдириш ҳолатлари кўпайишига олиб келмоқда.
Тожикистоннинг Сўғд вилоятида яшовчи, иккита олийгоҳни тамомлаган, ўз ватанида ҳам, ёт элларда ҳам муносиб ишда ишлаш ва муносиб турмуш кечириш имкониятига эга бўлган Нигора 2008 йили омадини синаш учун Россияга келган.
Эри билан ажрашгани туфайли у туғилган жойи ва болаларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Ажрашган жувонга Тожикистонда ҳалигача енгилтак аёлдай қаралади, у жамият ва қариндошлари томонидан айбланади. Жамиятдаги бу тасаввурлар Нигора учун янги оилада янгитдан бахтли турмуш қуришга бўлган йўлни ёпиб қўйди. Туғилган шаҳрида ўз оилавий ҳаётини йўлга қўйишнинг ягона йўли у учун иккинчи ёки учинчи хотин бўлиш эди, бу эса, ўқиган ва саводли аёл сифатида, уни қониқтирмасди, албатта.
Уч боласини қари ота-онасига ташлаб, ватанни тарк этганидан кейин Нигора Россияга пул топиш учун келди. Россияда уни ноаниқлик ва мавҳумлик кутиб турарди, бу иш ҳам, турар-жой ҳам бўлмаган, ҳаёт “лоторея” каби бўлган, яшаш учун курашиш, болаларни боқиш ва катта қилиш учун ўзни топиш лозим бўлган бир ер эди.
Нигора турар-жой ва бирор иш топиш учун анча вақт сарсон бўлди. У ўзига, ҳеч бўлмаганда, яхши гап билан ҳамдард бўладиган одамлардан қўллов кутди. Аёл дуч келган ишни қилиб, оғир шароитларда яшади, аммо у болалари ва уларнинг келажаги ҳақидаги ўзига куч бағишлаган ўйлар билан яхши иш топишга умид қилишдан тўхтамади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари билан суҳбат чоғида Нигора ўзининг Россиядаги ҳаёти мобайнида қўлини қўлтиғига уриб, ўзини ўлдиришга тайёр бўлиб қолган пайтлари бўлганини эътироф этди.
Ўлим ҳақидаги ўйлар уни тарк этмасди. Кунларнинг бирида у шундай ўйлар гирдобида ўзи номини ва оқибатини билмаган доридан кўп миқдорда ичишга қарор қилди. Ўша пайтда бу унга қутулиш чораси бўлиб кўринган, у кўзини юмиб, ҳамма нарсани унитишни, турмуш машаққатларидан ҳалос бўлишни истаган.
Ҳайтовур, унинг омади келган, дори фақат унинг меъдасини бузган ва серуйқу қилиб қўйган. Азоб ва оғриқ билан ўтираркан, у ҳафсаласизлик ва умидсизликка тушган, ўзига нисбатан нафрат ва қўрқув ҳис қилган. Кейинчалик у бу ишни қайта амалга ошириш ҳақида тез-тез ўйлайдиган бўлган ва фақат болаларию уларнинг келажаги ҳақидаги ўйгина уни бундай хаёллардан қутқариб қолган.
Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган аёллар анъана ва урф-одатлар туфайли жамият, эрининг қариндошлари ва оилага ҳар томонлама қарам. Дин ҳам ўз тартиб-қоидалари ва мажбуриятларини амр этади. Ҳозирги пайтда бу мамлакатлардан бўлган аёллар елкасига фақат оила ташвиши эмас, балки бутун мамлакат ташвиши юкланган, чунки иқтисодий ва ижтимоий бўҳрон, муҳожирот муаммолари аёлларнинг жамиятидаги ҳаётида акс этмоқда.
Сўнгги йилларда Россияга аёллар келиши кўпайди. Россияга яхши ҳаёт излаб келаётган марказий осиёлик аёлларнинг катта қисмини эридан ажраган аёллар, ёлғиз оналар, бевалар, ташлаб кетилган аёллар ҳамда эри оиласи ва болаларини боқа олмаган аёллар ташкил қилади.
Оғир ижтимоий-иқтисодий турмуш шароити ва бу шароитни ўнглаш учун реал имкониятнинг йўқлиги аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайишига олиб келмоқда. Масалан, сўнгги икки йил ичилад Тожикистонда 400 дан зиёд ана шундай ҳолат қайд этилган.
Тожикистонда аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлаётган омиллар қуйидагилардир: қашшоқлик, молиявий бўҳрон, турмуш даражасининг пастлиги, дурустроқ маошли яхши иш топиш имкониятининг йўқлиги, ижтимоий тенгсизлик, оилавий жанжаллар, ажрашишнинг кўплиги, ижтимоий хотиржамликнинг йўқлиги, руҳий зўриқиш, эркаклар томонидан қўлловнинг йўқлиги ва бошқалар.
Кўпчилик учун маиший муаммоларни ҳал этиш имкони йўқдай кўринади, муҳожирлар келаётган мамлакатлардаги қонунлар ҳар доим ҳам оила ва болаларнинг нормал ва тўлақонли турмуш кечиришига имкон бермайди, одамларда ёрқин келажакка ишонч йўқ.
Агар авваллари Тожикистонда аёллар асосан ўзига ўт қўйиш билан жонига қасд қилган бўлсалар, ҳозир ўзини ўлдириш усуллари кўпайган. Ҳозирда тожик аёллари ўзларини осмоқдалар, сувга чўктирмоқдалар, кўктомирларини кесмоқдалар, ўзларини поезд ёки машина тагига ташламоқдалар, ҳапдори, сирка ичмоқдалар, кўп қаватли уйлардан ўзларини пастга отмоқдалар ва ҳк.
Аёлларнинг ўзини ўлдириши кўпайгани оқибатида бу мамлакатда етим болалар жуда кўпайиб кетди. Натижада ижтимоий бесаранжомлик, оилалар бузилиши, бўҳрон вужудга келмоқда. Нисбатан унча катта бўлмаган мамлакат учун Тожикистондаги ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи жуда юқори ва бу мамлакатдаги умумий ижтимоий-иқтисодий вазият инъикосидир.
Екатерина НАЗАРШОЕВА
Fikr bildirish