Нигора Ҳайдарова: Умр йўлдошимнинг айбсизлиги тасдиқланди
Ўш шаҳар суди 2010 йилнинг июнь ойида юз берган миллатлараро низодан сўнг қўлга олинган Дилмурод Ҳайдаров зиммасидан одам ўлдирилганлик бўйича айбловни олиб ташлади.
Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари бўлмиш Ўш ва Жалолободда уч ярим йил муқаддам содир бўлган миллатлараро низоларда одам ўлдирганлик, одамларни ноқонуний гаровга олиш, уларга тан жароҳати етказиш ва шу каби бир қатор оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб ҳибсга олинган ва ўшандан буён судланаётган ўшлик Дилмурод Ҳайдаров ва яна олти нафар ўзбек миллатига мансуб киши шу йилнинг 22 январь куни Ўш шаҳар суди қарори билан турли хил муддатга озодликдан маҳрум этилдилар.
Ўш шаҳар суди қарорига кўра, Наримон қишлоғидан бўлган Дилмурод Ҳайдаров қотиллик айблови бўйича оқланди. Лекин бошқа айбловлар бўйича айбдор деб топилиб, 7 йилга ҳукм қилинди. Қолган айбланувчилар – Ғани Содиқжонов ваХайрулло Соипов 8 йилга, Шукрулло Қўчқоров, Дониёр Қодиров ва Баҳодир Собиров 6 йилга қамалди.
Дилмурод Ҳайдаровнинг рафиқаси Нигора опанинг “Жараён”га айтишича, умр йўлдошига қўйилаётган қотиллик айблови суд жараёнида ўз исботини топмаган.
– 22 январда бўлиб ўтган суд жараёни нисбатан адолатли ўтди. Унга ҳакамлик қилган судья Қўжўмқулов ҳамма тарафнинг фикрини эшитди. Аввалги суд жараёнларида, жабрланувчилар бизларни бино ичига киргизмай, яқинлаштирмасдилар ҳам.
Бу сафар куёвимнинг айбсиз эканлигини бир нечта гувоҳлар тасдиқладилар. Қайтанга, ўша пайтда куёвим қирғиз миллатига мансуб одамларни қутқаргани, уларга ёрдам берганини ўша одамларнинг ўзлари келиб айтдилар, – деди Нигора Ҳайдарова.
Айбланувчиларнинг адвокати Назгул Суюнбаеванинг айтишича, маҳкама қўйилган айбловлардан фақат оммавий тартибсизликларда қатнашиш айбловини асосли деб топган.
– Маҳкама жараёнида уч кишини ўлдирганлик айблови тасдиқланмади. Бу банд бўйича судланганлар оқланди,- деди адвокат Назгул Суюнбаева.
Аввалроқ қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари иқрорлик кўрсатмаларини қўлга киритиш мақсадида айбланувчи сифатида ҳибсга олинган қирғизистонлик ўзбек миллатига мансуб кишилар қийноқларга солинганини қайд этганлар.
Нигора Ҳайдарова умр йўлдоши Дилмурод Ҳайдаровнинг қамоқда соғлиги ёмонлашгани, қийноқлар оқибатида чап қулоғи пардаси ёрилгани туфайли ҳозирда унча яхши эшитмаслигини айтади.
– Тергов жараёнида турли хил қийноқларга солингани сабабли чап қулоғи яхши эшитмайдиган бўлиб қолган. Шунингдек, буйраги ҳам оғрийди. Кўп марта санчастларда ётиб, даволаниб чиқди, – деди Нигора Ҳайдарова.
Ўш шаҳар суди чиқарган қарор юзасидан жабрланувчи тараф ва айбланувчи тараф ҳам юқори инстанцияларга шикоят аризаси билан мурожаат қилишларини айтмоқдалар.
Убайдулло СОҲИБ
Fikr bildirish