Тадбиркор Исоқ Абдуллаев 2005 йили Хоразм вилоят суди томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 18 та моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Ўша пайтда Исоқ отанинг шериги деб топилган Жумагул Полвоновага ҳам суд томонидан 3 йиллик шартли жазо тайин қилинган ҳамда 2 минг доллар атрофида жарижа белгиланган эди.
Исоқ ота Абдуллаев ва рафиқаси Жумагул опа даставвал гурланлик опа-cингил Дўстжоноваларни ўз уйида уч ойдан кўпроқ мажбуран тутиб турганликда гумонланган. Кейинчалик тергов жараёнида Абдуллаевга яна қатор жиноий айбловлар юкланган.
Исоқ ота қамалган пайтда буни ўзбекистонлик кузатувчилар хивалик тадбиркорнинг танқиди учун расмийлар жазоси ўлароқ баҳолаган эдилар.
Исоқ Абдуллаев, ёши улуғ бўлишига қарамай, узоқ йиллардан бери амнистияга тушмай келаётган маҳкумлардан бири ҳисобланарди. Унинг номи халқаро майдонда ҳуқуқ муҳофазаси билан шуғулланиб келаётган кўплаб нуфузли ташкилотлар томонидан тузилмиш ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар рўйхатига қатор йиллардан бери киритилиб келарди.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева хоразмлик Исоқ Абдуллаевнинг озодликка чиққани фуқаролик жамияти фаоллари учун яхши хабар бўлганини эътироф этади.
«Саккиз ярим йиллик қамоқдан кейин фуқаролик жамияти фаоли Исоқ ота Абдуллаевнинг озодликка чиқарилгани қувонарли ҳол, албатта. Исоқ отанинг ҳибсга олинишига унинг ўз фикр-мулоҳазаларини очиқ-ошкора гапириши, инсонҳуқуқлари муаммолари юзасидан матбуотдаги чиқишлари сабаб бўлган, деб ҳисоблайман.
Исоқ Абдуллаев, Мамадали Маҳмудов каби умрининг маълум қисмини Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган ва соғлиғи ночорлашган қарияларнинг қамоқдан озод қилинишлари яхши, лекин Мурод Жўраев, Солижон Абдураҳмонов, ДилмуродСаййид сингари ёши бир жойга бориб қолган ва соғлиғидан буткул айрилган инсонларнинг ҳанузгача қамоқда қолаётганлари ачинарли ҳолдир», – деди Мўътабар Тожибоева.
«Кейинги пайтларда бир неча номдор сиёсий маҳбуснинг қамоқдан озод этилиши Ўзбекистондаги режим либераллашаётганидан дарак бериши мумкинми, сизнингча?» деган саволимизга «Ўтюраклар клуби» қуйидагича жавоб берди.
«Сўнгги воқеаларда режим табиати юмшаб бораётганига ишора бордек. Лекин бунга тўла қаноат ҳосил қилишимиз учун энг камида сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритилган барча фаоллар озод этилиши, пенитенциар тизимда маҳкумларнинг ҳақларига риоя қилиниши бўйича либерал ислоҳотлар ўтказилиши, яқинда кучга кирган қийноқларни таъқиқловчи қонун амалда ишлай бошлаши ва бошқа ижобий ўзгаришлар амалга оширилиши лозим», – деди Мўътабар Тожибоева.
Асад БОЙМУРОДОВ
Fikr bildirish