“Эзгулик” вакиллари қамоқхонадаги фаоллар билан учрашди

2014 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси тизимидаги 64/61-муассасада журналист Солижон Абдураҳмонов, 64/49-муассасада журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саидов ва ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов билан учрашиб қайтганлар. 

Бу ҳақда “Жараён”га жамиятнинг матбуот хизмати маълум қилди.

– Колонияда дўстларимизга нисбатан муносабат, уларнинг соғлиғи ва руҳий ҳолати билан қизиқдик. Улар билан учрашув сўраб, Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББга 2013 йилнинг ноябрида мурожаат қилгангандик. Бошқармадан ижобий жавоб келгач, Қаршига бориб келдик, – дейди жамият вакили Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятовага кўра, журналист Солижон Абдураҳмонов билан учрашув ҳаяжонли ва самимий руҳда ўтган.

“Солижон Абдураҳмонов ижодкор, кўнгил одами бўлгани боис ҳам тутқунликда қийналаётгани, ўзига қўйилган айбловларга муносиб эмаслигини, унга зулм ўтказганлар вақти келиб жазосини олишини қайта-қайта урғулади”, дейилади “Эзгулик” 25 январда тарқатган баёнотда.

“Ҳар ҳолда бу ерда (64/61-муассаса назарда тутилмоқда – Жараён) кейинги пайтларда муносабат яхши томонга ўзгарган. Тушунишимча, ҳамма жойда ҳам вазият одамга, унинг характери ва дунёқарашига боғлиқ экан. Колонияда ёмон ва яхши кишилар бор, адолатли ёки қонунларни ҳурмат қилмайдиган шахслар бор. Соғлиғим ҳам ёмонмас, яқинда ошқозоним хасталиги туфайли Сангородда даволаниб келдим”, деган Солижон Абдураҳмонов “Эзгулик” вакилларига.

Жамият матбуот варақчасида айтилишича, эзгуликчиларнинг “Солижон ака, жамоатчилик, ҳамкасб дўстларингиз, халқаро ташкилотларга қандай гапингиз бор, уларга нима дейлик?” саволига у: “Ҳаммаси яхши, шикоятларим раҳбариятга бормаяпти. Мен ўзим тизимни биламан, агар ишим Олий судда кўрилса, унинг адолатли ҳал қилинишига ишонаман. Мана, масалан, менга турмада зулм қилганлар ишдан бўшаб кетишди, айримлари жазога тортилишди. Кўнглимда заррача қўрқув йўқ…”, деб жавоб қайтарган.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид билан учрашув ҳам, эзгуликчиларга кўра, кўнгилдагидек ўтган. Учрашувда Дилмурод Саййид: “Вазият ўзгараяпти шекилли, муассаса раҳбариятининг муносабати бизга нисбатан кескин ўзгарган. Масалан, менга оғир иш қилдиришмаяпти, маърифат хонаси, кутубхонадан фойдаланишим эркин, овқатларга ҳам маза киргандек” деган.

А.Ташановнинг: “Дилмурод ака, бизнинг келишимизга Сизни “тайёрлашгани” йўқми? Ўтган йили “бандероллар кирмаяпти” дедингиз, бу йил: “Ўлсам, Барно билан Рухшонанинг ёнига кўминглар” деб видо хати ёзибсиз” деган саволига Дилмурод Саййид: “Биласизларми, албатта тушкунлик ҳолатлари бўлади, чунки бу ер барибир қамоқ.

Лекин яширишнинг кераги йўқ, менга нисбатан бирор қийноқ ёки зўровонлик ҳолати йўқ. Чунки бу ерда ҳам кунда назорат, бир кун прокуратурадан, бир кун Қизил Хочдан. Хуллас, халқаро ташкилотлардан хат ва телеграммалар келади. Балки шунинг учундир…”,  деган Дилмурод Саййид.

«Ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов билан учрашув эса ҳамкасблик, сиёсатдан кўра кўпроқ яқин, қадрдон инсонларнинг дийдорлашувига ўхшаб кетди”, деб ёзади “Эзгулик” вакиллари. Жамият фаолларига кўра, Аъзам Турғуновнинг соғлиғи яхши, ҳозирги кунда айниқса АҚШ сенаторлари уни озод қилиш ҳақидапрезидент Ислом Каримовга мактуб ёзганидан сўнг унга муносабат ўзгарган. Кексалигини инобатга олишиб, ишга чиқаришмаяпти. Яқинда ҳуқуқ ҳимоячиси билан Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси вакиллари ҳам учрашишган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари учрашувлар давомида қамоқхонадаги ҳамкасбларига 12 нафар АҚШ сенаторининг уларни озод қилишни сўраб, Ўзбекистон ҳуқуматига қилган мурожаатлари нусхасини тақдим қилишган.

“Эзгулик” фаоллари бошқа сиёсий маҳбусларни ҳам зиёрат қилиш ҳаракатидалар.

Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқ фаоллари Аъзам Турғунов ва Дилмурод Саййид товламачилик, Солижон Абдураҳмонов эса қонунга хилоф равишда банг моддаси сақлаганлик бўйича айбланиб, турли йилларга озодликдан маҳрум қилинганлар. Қатор ташкилотлар, халқаро тузилмалар расмий Тошкентдан уларнинг озод этилишини талаб қилиб келаётганларига қарамай, бу маҳкумлар ҳали-ҳамон қамоқдан чиқарилмаяпти, уларга нисбатан амнистия акти қўлланилмаяпти.

 

Раҳмон АБДУЛЛАЕВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.