«Сиёсий маҳбус Мурод Жўраевни биринчи марта кўрганда ҳуқуқ фаолида «ёшига нисбатан анча каттароқ кўринадиган бўлиб қолибди» деган тасаввур пайдо бўлган. Саломатчилиги ҳақида сўзларкан, у 2012 йилдан ўзида гипертоник касаллик аломатлари пайдо бўлгани, қон босими тез-тез 180-120 га қадар кўтарилиб туриши, юраги санчиб оғриётгани, тишлари тушиб кетгани, тишларини даволатишга эҳтиёж сезаётганини айтган.
Қамоқхонадаги озиқ-овқат ва бошқа шароитларни Жўраев қониқарли, деб айтган: бу ерда уч маҳал овқат беришаркан, кутубхона, телевизор бор экан, маҳкумлар ғишт заводида ишлашаркан, аммо Жўраев нафақа ёшида бўлгани учун унга ишлаш мумкин эмас экан», дейилади Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи матбуот варақчасида.
Шунингдек, ташкилот хабарномасида Суръат Икромов мазкур учрашув чоғида Мурод Жўраевдан қамоқда бўлган пайтда қийноққа солинган-солинмагани ҳақида сўрагани, бунга жавобан Жўраев 64/6-сонли колонияга этап қилинганидан кейин сўнгги бир йил ичида қийноққа тутилмаганини айтгани келтирилади.
«Бироқ қаттиқ режимли турли колонияларда ўтказилган ўн тўққиз йил мобайнида уни турли қийноқларга дучор қилганлар, жазо изолятори ва бир кишилик камераларга ташлаб келганлар», – дейилади ЎМҲҲТГ матбуот варақчасида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мурод Жўраевнинг яқинлари «Жараён» журналистларига маҳкумнинг Конституция куни муносабати билан ўтган йил декабрь ойи ўртасида эълон қилинмиш навбатдаги амнистия бўйича озод бўлишига бўлган бутун умидлари чиппакка чиққанини айтгандилар.
Ўтган йилнинг октябрь ойи охирида Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбика Жўраева сайтимиз журналистларига қамоқдаги эрининг аҳволи ўта ночор экани ҳақида сўзлаганди.
Умрининг сўнгги ўн тўққиз йилини Ўзбекистондаги турли қамоқхоналарда кечирган мамлакат парламентининг собиқ депутати Мурод Жўраев 1994 йилнинг 18 сентябрь куни ҳибсга олинган. У ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринганликда айбланган. 1995 йилнинг март ойида ўзбек маҳкамаси Мурод Жўраевни 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Кейинчалик – 2003, 2006, 2009 ва 2012 йилларда Мурод Жўраев “қамоқхона ички тартибини бузганлик”да айбланиб, жазо муддати узайтирилган. Бу каби муддат узайтиришлар ҳар сафар Жўраев қамоқдан озод бўлишига озгина вақт қолганда амалга ошириларди.
Мубина САФАРОВА
Fikr bildirish