Каримовнинг таваллуд куни муносабати билан келаётган “табриклар”
30 январь куни 76 ёшга кирган Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримов туғилган куни муносабати билан унинг номига кўплаб қуруқ, ҳиссиз ва носамимий табрик хатлари келмоқда.
Постсовет ҳудудидаги энг қари президент бўлган Ислом Каримов йигирма беш йил давомида Марказий Осиёдаги аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган мамлакатни бошқариб келаяпти. Коммунистик тамойилларга содиқ бўлган Каримов ўзгача фикрлилик ва сўз эркинлигини тўла ўзига бўйсундириб, мамлакатни полиция давлатига айлантириб, қўл остига чексиз ҳокимиятни жамлади.“Мингта ўлдирилгандан кўра юзта ҳибсга олинган яхшироқ” принципига амал қилган ҳолда мамлакатни бошқариш орқали у замонанинг лавозимидан қонуний йўллар билан ағдариш мумкин бўлмаган энг шафқатсиз диктаторлардан бирига айланди. Сўнгги йигирма йил мобайнида Ислом Каримов жаҳон ҳамжамиятига халқаро хавфсизлик учун гўё мавжуд бўлган таҳдидларни рўкач қилган ва рўкач қилишда давом этмоқда.
2013 йилдаги чиқишларидан бирида Ислом Каримов қуйидагиларни баён қилганди: “Юзага келаётган мураккаб шароитда ядровий технологиялар ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалиш хавфи, тобора кучайиб бораётган қарама-қаршилик, сиёсий ва диний радикализм ва экстремизм, чегараларимизга бевосита яқин ҳудудларда можароларнинг давом этаётгани, биринчи навбатда, АЙСЕФ деб аталмиш халқаро коалицион кучларнинг Афғонистондан 2014 йилгача ва ундан кейин олиб чиқиб кетилиши кўзда тутилаётгани билан боғлиқ равишда кескинликнинг янада ортиб бораётгани жаҳон ҳамжамиятида ҳақли равишда хавотир уйғотмоқда”.
Аслида эса давлат раҳбари лавозимидан куч билан ағдариб ташланишидан ўлгудек қўрқиш Каримовни барча асосий кучларни ўз ҳокимиятини имкон қадар кўпроқ сақлаб қолишгагина қаратишга мажбур қилган.
Мамлакатга яна қанча вақт раҳбарлик қилиб туришидан қатъий назар, Каримов ўзбек эли хотирасида ўз халқи билангина курашишга қодир қонхўр мустабид, мамлакатни жаҳолат гирдобига ташлаб, жамиятни аҳлоқан чиришига сабаб бўлиб, Ўзбекистоннинг тараққийпарвар одамларини, зиёлиларни, руҳонийларни йўқ қилган киши сифатида қолади. Каримов ўзбек халқига нисбатан тийиқсиз нафрати билан хотирамизда қолажак.
Ислом Каримовнинг туғилган куни арафасида уни фақат давлат раҳбарлари ва дипломатик ваколатхоналар вакилларигина эмас, дунёдаги аксилдемократик режимларга тоқат қилишни истамаган ёшларнинг прогрессив қатлами ҳам бу санага ўз муносабатини билдирмоқда.
Ана шундай муносабатлардан бири “Move Karimov” номли видеоролиги тақдимоти (www.youtube.com/watch?v=uvOk5MFOnn0) билан жаҳон радиостанцияларига мурожаат қилган “Foreign Accent” (АҚШ) вокал-чолғу ансамблининг баёноти бўлиб ҳисобланади. “Foreign Accent” гуруҳи иштирокчилари Каримовга соғлиқ ва узоқ умр тилашади ҳамда куйловчи ёшларнинг Ўзбекистонни ўз ҳолига қўйиб, одамлар фаровонлиги учун фойдали ишлар билан шуғулланиш маслаҳатига қулоқ тутишига астойдил умид қилишади.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Ўзбекистон раҳбарига йўлланаётган кўплаб мурожаатларга қўшилади ҳамда ташкилот фаоллари ва кўплаб тарафдорлари номидан Ислом Каримовни 76 ёши билан чин юракдан ва самимий қутлайди.
Биз ҳеч қайси одамга Ислом Каримов ўз таваллуд кунида рўбарў келгани каби умумхалқ нафратини раво кўрмаган бўлардик.
Февраль ойининг сўнгги декадасида, Ислом Каримовнинг Чехияга расмий сафари чоғида “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ўз ҳамкорлари билан биргаликда Прагада оммавий норозилик намойиши ташкил қилиш орқали Ўзбекистон президентининг туғилган кунини “нишонлайди”.
Оммавий норозилик тадбирини ўтказиш орқали биз президент Каримовдан мамлакат қамоқхоналарида азобланаётган сиёсий маҳбусларнинг барчаси озод қилинишини, мамлакатда ноҳукумат ташкилотларнинг тўсқинликсиз ишлаши учун шароит яратилиши ва сўз эркинлиги кафолатланишини, қўлга олинганлар ва қамалганларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар тўхтатилишини, 2005 йилги Андижон воқеалари бўйича халқаро текширув ўтказилишини ва тинч аҳолини ёппасига ўққа тутган шахслар жазоланишини талаб қиламиз.
Шу билан бирга, норозилик намойиши 2012 йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасида бошидан оғир ярадор қилинган ўзбекистонлик дин олими Обидхон қори Назаровга суиқасд уюштирилганининг икки йиллигига бағишланади.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти тоталитар режимнинг ҳисобсиз қурбонлари хотирасига халқаро ҳамжамият олдига 30 январни “Халқаро диктатор куни” деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди.
Мўътабар Тожибоева,
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш халқаро ташкилоти раҳбари
Париж, Франция
2014 йилнинг 30 январи
Fikr bildirish