Бу ҳақда Умида Аҳмедованинг ўзи шу йилнинг 31 январь куни «Жараён» мухбири билан суҳбат чоғида маълум қилди.
Умида Аҳмедова ўзбек суди қароридан норози
Ўзбекистонлик таниқли ҳужжатли кино устаси ва фотосуратчи Умида Аҳмедова Тошкент шаҳар Жиноий ишлар бўйича Ҳамза туман суди чиқарган қарордан норози эканини айтмоқда.
– Кеча, 30 январь куни жарима белгилашди. Менга ва ёш фаол Динага энг кам ойликнинг 20 баробарида, ўғлим Тимур Карпов ва Илгар Гасимовга эса энг кам ойликнинг 30 баробарида жарима солишган. Биз улардан: «Квитанция қани?» деб сўрадик. Бизга хато қилганларини айтиб, эртага беришларини айтишди.
Аслида ўша куннинг ўзида квитанция ва судгача бўлган қарорни олиб кетсак бўларкан. Биз жуда чарчаган, судлардан кейин бўларимиз бўлиб қолганди ва тезроқ уйга кетишни истардик. Бугун, 31 январь куни эса ўғлим Тимур Карповга энг кам ойликнинг 60 баробарида жарима тўлаш ҳақида қарор тутқазишибди. Кеча суд 30 баробар деб қарор чиқарганди, бугун эса 60 баробар (тақрибан 2 минг АҚШ долларига тенг – «Жараён») деб ёзиб беришибди, – дейди Умида Аҳмедова.
У судда ўзига қарор нусхасини бермаганларини ва у жарима солинган фаолларга нисбатан қарор қайси моддага асосан чиқарилганини аниқ билмаслигини қўшимча қилди. Умида Аҳмедова судда адвокат иштирок этмаганини ва эндиликда унинг оиласи Жиноий ишлар бўйича Ҳамза туман суди қарори юзасидан шикоят аризасини киритиш учун адвокат ёллаш ҳаракатида эканини ҳам айтди.
– Жарима сифатида жуда катта суммани белгилашди. Эрим Олег Карповнинг айтишича, бу нормал милиция рэкетидир. Улар тайёр қолиплар билан фикрлайди-ку. Балки улар чиндан ҳам бизга акция учун қанақадир Жон тоға пул тўлаган, деб ўйлашгандир. Бунақа қийноқларга дош беришга неча пул берсалар ҳам рози бўлмаган бўлардим, – дейди Умида Аҳмедова.
Эслатиб ўтамиз, 29 январь оқшомида Тошкентда милиция ходимлари томонидан жамоатчилик фаоллари, журналистлар ва фотосуратчилар тутиб кетилганди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларни Украина майдонида содир бўлаётган воқеалар қўллов тадбирини ўтказганликда айбдор, деб ҳисоблаганлар.
Умида Аҳмедова сўзларига кўра, гарчи расмийлар саккиз фаолнинг хатти-ҳаракатларини ноқонуний юриш уюштириш ўлароқ баҳолаган бўлсалар-да, аслида бу Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси ва айрим тарихий обидалар олдидаги фотосессиядан бошқа нарса эмасди. Бу билан фаоллар Украина расмийлари амалга ошираётган ишларга нисбатан ўз норозилигини изҳор қилишни ният қилганлар.
– Бир журналист, украиналик бир ўртоғим шундай деди: «Биз бундан буён инсоний қадр-қимматимизни топташларини истамаймиз. Биз шунчаки одамга ўхшаб яшашни хоҳлаймиз», – дейди Умида Аҳмедова.
«Жараён» журналистининг: «Милиция ходимлари қўлга олинган фаолларга нисбатан жисмоний куч ишлатгани йўқми?» деган саволига Умида Аҳмедова:
– Йўқ-йўқ, нега ишлатаркан, жисмоний қийноқ қўлланилгани йўқ. Бу кўпроқ руҳий қийноқ эди. Бизни тун бўйи ўша ерда ушлаб ўтиришди, биз ухлаганимиз йўқ, яна бир кун кабинетда ўтириб чиқдик. Милиция ходимлари анча яхши муомала қилишди. Терговчи бизни чой билан меҳмон қилди, – деди Умида Аҳмедова.
Украина фуқароси Артём Людний, Алексей Улько ва Ашот Даниэлян Жиноий ишлар бўйича Ҳамза туман суди қарори билан 15 суткага ҳибс этилганлар ва айни пайтда ҳибсхонадалар.
Умида Аҳмедова, унинг ўғли Тимур Карпов (Россиянинг Лента.ру ахборот агентлиги фотомухбири) ва Дина исмли фаолга жарима солишган. Тадбирда иштирок этган яна бир фаол – Гулсум Оспанованинг тақдири ҳозирча номаълум. Айрим маълумотларга кўра, уни милиция участкасидан ота-онаси олиб кетган.
2009 йил охирида Ўзбекистон расмийлари Умида Аҳмедовани касбий фаолияти учун таъқиб қила бошлаганлар. Аҳмедованинг «Аёллар ва эркаклар: саҳардан шомгача» фотоальбом ива «Бокиралик юки» ҳужжатли фильми расмийлар томонидан ўзбек халқи ва унинг анъаналарига нисбатан ҳақорат ўлароқ эътироф этилган. Ўшанда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг ижодкор зиёлилари, жамоатчилик вакиллари ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Аҳмедовани қўллаб-қувватлаб чиққандилар.
2010 йилнинг январь ойида Умида Аҳмедовага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси («Туҳмат») ва 140-моддаси («Ҳақорат») бўйича айблов эълон қилинган. Февраль ойида суд Аҳмедовага нисбатан айблов ҳукмини чиқарган, бироқ Ўзбекистон мустақиллиги муносабати билан чиқарилган амнистия туфайли у суд залидан озод қилинган.
Кўп ўтмай Умида Аҳмедованинг адвокати мазкур қарор устидан Ўзбекистон Олий судига шикоят аризасини киритган, бироқ бу ариза бўйича Олий суддан ҳалигача жавоб йўқ. Аҳмедованинг айтишича, кечаги можаролар чоғида милиция ходимлари унга бир неча марта «муқаддам судланган»ини писанда қилганлар.
Мубина САФАРОВА
Fikr bildirish