ҲАМДАМОВАНИНГ ҚАЗОСИ ҲАҚИДАГИ ЁЛҒОН ХАБАРЛАР
Қашқадарёлик муслима Меҳринисо Ҳамдамова қамоқхонада вафот этгани ҳақидаги «Жараён» мухбири қаршилик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораевадан билган.
Орадан бир неча кун ўтгач, Ўзбекистондаги воқеаларни ёритувчи айрим мустақил сайтлар Меҳринисо Ҳамдамова ўлими муносабати билан таъзиянома ҳам чоп қилганлар.
– Яқинда мен Меҳринисо Ҳамдамова оиласи яшайдиган маҳаллада турувчи бир аёлни учратдим. Ўша аёлнинг айтишича, маҳаллада Ҳамдамова қамоқхонада вафот этгани ҳақида миш-мишлар юрганмиш, гўё қамоқхона маъмурияти унинг яқинларига Меҳринисо опа вафот этганини хабар қилганмиш, аммо қариндошлари марҳуманинг жасадини олиб кетиш учун қамоқхонага боролмаганмиш, охири қамоқхона ходимлари Ҳамдамовани ўзлари умумий қабристонга дафн этганмишлар. Аммо мен гаплашган аёл буларнинг ҳаммаси миш-миш эканини айтди. Афсуски, мен бу гаплар қанчалик ҳақиқат эканини билиш учун Меҳринисто Ҳамдамованинг оиласи яшайдиган маҳаллага ҳозирча боролганим йўқ, – деди Гулшан Қораева.
Ҳуқуқ фаоли Ҳамдамова иши юзасидан бўлиб ўтган суддан кейин унинг қизи Латофат Орзиқулова онаси кўкрак саратонидан азият чекаётганини айтганини қўшимча қилди.
– Меҳринисо Ҳамдамовани қамаганларидан кейин унинг қизи Латофат менга онаси кўкрак саратони дардига чалингани ва колонияда унинг аҳволи жуда оғирлашиб қолиши мумкинлигини айтганди. У:«Онам қамоқхонадан чиқмаслиги мумкин, унинг тезроқ озод бўлишига эришишимиз керак», деганди, лекин шундан кейин йўқ бўлиб кетди ва бошқа менга мурожаат қилмади, – деди Гулшан Қораева «Жараён»га.
«ЎТА ХАВФЛИ ЖИНОЯТЧИ АЁЛ»НИНГ ҲИБСГА ОЛИНИШИ
Қашқадарёлик муслима Меҳринисо Ҳамдамова 2006 йили Китоб шаҳридаги Хожа Бухорий номидаги ўрта-махсус диний билим юртини тамомлаган, 2007 йили у «Исломшунослик» бўйича махсус курсдан ўтган.
Орадан бироз вақт ўтгач, Ҳамдамова Ўзбекистон Мусулмонлар диний бошқармаси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Қашқадарё вилоятидаги аёллар билан ишлаш бўйича масъул ходим Ш. Каромова тавсияси билан Қаршидаги «Кўк гумбаз» масжидига аёллар ва ёшлар билан ишлаш учун тайин қилинади, шунингдек, аёл маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланиб келади.
2009 йилнинг ноябрь ойида Қаршида диндор аёллар ёппасига ҳибсга олинади, 30 га яқин муслима Қашқадарё вилоят милицияси ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинади. Бу қўлга олинган аёллар орасида Меҳринисо Ҳамдамова ҳам бор эди.
Ҳамдамованинг қизи Латофат Орзиқулова журналистларга 2009 йилнинг 5 ноябрь куни ўзбек милицияси ва махсус хизматлари Ҳамдамовани ўта хавфли жиноятчидек тутиб кетганларини айтган.
Кейинчалик Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов журналистларга қўлга олинганлар орасида масжид ходимаси Меҳринисо Ҳамдамованинг қариндошлари, опа-сингиллари ва жиянлари кўп эканини маълум қилганди.
2010 йилнинг 12 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди уч муслима, шу жумладан, Меҳринисо Ҳамдамовани «конституциявий тузумга тажовуз қилганлик» ва «жамоат хавфсизлигига таҳдид солганлик» учун узоқ йилга озодликдан маҳрум қилган. Меҳринисо Ҳамдамова 7 йилга, унинг опаси Зулхумор Ҳамдамова ва қариндоши Шаҳло Раҳматова 6,5 йилданга қамалган.
Кейинроқ қўлга олинган аёллардан айримлари озодликка чиқиб, мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлганлар. 2009 йили бу аёллардан бири «Жараён» журналисти билан суҳбат чоғида Ўзбекистон куч ишлатар идоралари ходимлари қўлга олинган аёллардан Меҳринисо Ҳамдамовага қарши гувоҳлик кўрсатмаси олиш мақсадида уларни руҳий ва жисмоний қийноқларга дучор қилганлари ҳақида айтиб берганди.
– Меҳринисо Ҳамдамовага қарши кўрсатма беришимиз учун бизни зўрлаганлар, калтаклаганлар, Исломда ҳаром қилинган ароқни ичиш ва чўчқа ёғи ейишга мажбур қилганлар, – деганди ўшанда ёш муслима «Жараён» журналистига.
МЕҲРИНИСО ҲАМДАМОВА ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИГА МУҲТОЖ
Шу йилнинг 1 февраль куни «Жараён» журналисти ҳозирда Европа мамлакатларидан бирида истиқомат қилаётган ва Меҳринисо Ҳамдамованинг оиласини яқиндан таниган ўзбек қочқини билан боғланишга муваффақ бўлди. У Ҳамдамованинг қамоқхонада вафот этганига оид барча хабарларни рад этди.
– Бу шунчаки миш-миш, холос. Кеча Меҳринисо Ҳамдамованинг оила аъзолари билан гаплашдим. Улар шу йилнинг 18 январь куни у билан икки кунлик учрашувга бориб келишганини айтишди. У аёл тирик, – деди ўзбек қочқини.
Бироқ, унинг айтишича, Меҳринисо Ҳамдамованинг соғлиғи яхши эмас ва у зудлик билан жарроҳлик амалиётига ётқизилиши лозим.
– Яқинлари Меҳринисо Ҳамдамова ташқарида юрган пайтида ҳақиқатан унда кўкрак саратони аниқлангани, аммо қамоқхонада у йўқ бўлиб кетганини айтишди. Энди шифокорлар унда бачадон миомасини аниқлашибди.
Ҳозир Меҳринисо Ҳамдамованинг аҳволи яхши эмас экан, ўзини ёмон ҳис қилаётган экан. Қариндошлари тошкентлик онколог шифокорлар билан гаплашишибди. Ҳозир унинг операцияси учун пул излаётган эканлар. Қариндошлари операция шу йилнинг февраль ойида бўлиб ўтиши кераклигини айтишди, – деди ўзбек қочқини «Жараён»га.
Унинг айтишича, Меҳринисо Ҳамдамова сақланаётган қамоқхонада унинг опаси Зулхумор Ҳамдамова ҳам жазо муддатини ўтаётган экан. Ўзбек қочқини Зулхумор Ҳамдамова ҳар доим зўр тикувчи бўлгани ва яқинларининг айтишича, қамоқхонада унга муносабат яхши эканини айтишганини қўшимча қилди.
Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари расмийлар томонидан уйдирилган айбловлар бўйича озодликдан маҳрум қилинган ва адолатсиз равишда ўзбек қамоқхоналарида жазо ўтаётган сиёсий маҳбуслар рўйхатида ҳар доим Меҳринисо ва Зулхумор Ҳамдамовалар номини ҳам келтириб ўтадилар.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish