Фаррух Муродовнинг адвокати унинг Ўзбекистонга бериб юборилмаслигига амин

Россияда қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Фаррух Муродовнинг адвокати Илларион Васильев жорий йилнинг 2 февраль куни “Жараён”га уни 4-сонли тергов изоляторида кўриб чиққанини маълум қилди.

Адвокат Илларион Васильевга кўра, Фаррух Муродовни ҳибсда сақлаш муддати 27 февралгача узайтирилган. “Аммо Муродов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзига нисбатан билдирган айбловидан бехабар”, дейди Васильев.

– Гўё “Ваҳҳобия” ёки “Ваҳҳобийлар” деб номланган ташкилот бормиш ва Мирсобир Ҳамидқориев (ўтган йилнинг июль ойида Россияда қўлга олинган ва бир ой ўтгач, озодликка чиқариб юборилган ўзбекистонлик продюссер – “Жараён”) ва мен ҳимоя қилаётган Фаррух Муродовлар ўша ташкилотнинг фаолиятида иштирок этганмишлар. Бироқ 2013 йилнинг август ойида Ҳамидқориев бир ой ҳибсда тутиб турилганидан сўнг, Головин туман прокуратураси уни ҳибс муддатини узайтиришдан бош тортганди.

Ўшанда прокуратура: “Ҳамидқориев озод қилинсин, чунки Россия Адлия вазирлигининг фаолияти таъқиқланган ташкилотлар рўйхатида “Ваҳҳобия” деб номланмиш ташкилот йўқ”, дея ёзиб берганди. Шунингдек, мен Осиё масалалари билан шуғулланувчи шарқшунослар билан гаплашганимда, улар бундай ташкилотнинг умуман йўқлигини айтишганди. Бу ташкилотни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари одамларни жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида ўйлаб топганлар.

Шу билан бирга, Муродовга оид айбловда айтилишича, Ўзбекистон алоқа, ахборот ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси қошидаги қандайдир “Ёш дастурчилар” масъулияти чекланган жамияти берган маълумотга кўра, унинг “Одноклассники” ижтимоий тармоғида диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилувчи саҳифани очишга дахли бўлган, – дейди адвокат Илларион Васильев.

Адвокат Васильев Головин туман прокуратурасининг “Ваҳҳобий” деб аталмиш ташкилотга нисбатан икки ёқлама муносабати ҳақида гапиради.

– Ҳамидқориев озод қилинганига қарамай, суд ўша Ҳамидқориевни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорни кўчириш орқали яна хатога йўл қўймоқда ва Муродовни ҳибсга олаяпти. Бу эса ё Головин туман прокуратураси ходимлари хатти-ҳаракатида координация йўқлигидан, ё прокурорларнинг хотираси яхши эмаслигидан, ёки қўш стандартлар мавжудлигидан дарак беради, – дейди адвокат Илларион Васильев.

“Жараён” мухбири билан суҳбат чоғида адвокат Васильев ҳибсда сақланаётган Фаррух Муродовга нисбатан босим Ўзбекистон томонининг талаби асосида ўтказилаётганини қўшимча қилди.

– “Фергананьюс” ахборот агентлиги Муродовнинг пикетда тушган сурати ва унга изоҳни чоп қилганди. Шундан сўнг, яқинда Муродовнинг қариндошлари менга уни ёнига қандайдир одамлар келиб, таҳдид қилишгани ва Ўзбекистонда “Фарғона” сайтидан ўша сурат ва изоҳни олиб ташлашни талаб қилганларини айтиб беришди. Яъни унга ҳозир маълум бир босим ўтказилаяпти, – дейди Илларион Васильев.

Шу ўринда муҳим бир изоҳ: ўтган йилнинг 21 сентябрь куни Ўзбекистонда сохта айбловлар асосида урганчлик мустақил журналист Сергей Наумов ҳибсга олинганди. Хоразм ҳуқуқ-тартибот идоралари журналистни бир неча кун давомида тергов ҳибсхонасида тўла изоляцияда сақлагандилар.

Ўшанда кўпгина маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ўзбек расмийларига мурожаат қилиб, журналистни озод қилишни талаб қилгандилар. Ўтган йилнинг 2 октябрь куни Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев раҳбарлик қиладиган Марказий осиёлик сиёсий муҳожирлар жамияти Москвада журналист Наумов ҳимоясига пикет ўтказганди.

Подмосковьеда қўлга олинган ўзбекистонлик Фаррух Муродов ҳам ўша пикетда иштирок этган ва тадбирнинг аксар иштирокчилари каби қўлида Ўзбекистон ҳукумати, жумладан, президент Ислом Каримовга қаратилган чақириқлар битилмиш плакатни ушлаб турган.

Москвадаги пикетни ёритган журналистлар Фаррух Муродовни ҳам қўлида плакат ушлаб турган ҳолида суратга ва видеога туширгандилар. Бироз вақт ўтиб, ўша сурат ва видео Ўзбекистондаги воқеаларни ёритиб борувчи бир қанча мустақил веб-сайтлар, хусусан, “Фарғона” ахборот агентлигининг ҳам веб-сайтига жойлаштирилганди.

Жорий йилнинг 29 январь куни Фаррух Муродовнинг адвокати унинг ҳибсга олиниши бўйича апелляция аризасини топшириб, унда халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар баёнотларида акс этган “Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг тергов изоляторлари ва қамоқхоналарда маҳбус ва маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўлланиши” ҳақидаги далилларни келтириб ўтган. Шунингдек, ўз аризасида адвокат Илларион Васильев Муродовга нисбатан очилган жиноий иш сиёсийлаштирилганини ҳам таъкидлаб ўтган.

– Агар пировардида Россия томони Муродовни экстрадиция қилиш қарорига келган тақдирда ҳам, бундай ҳолларда 39-қоидани қўллайдиган, яъни кишини бериб юборишни таъқиқлаб қўядиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бор. Шунинг учун мен агар бирор-бир кутилмаган ҳолат ёки Россия Федерацияси томонидан қонуний бўлмаган ҳаракатлар бўлмаган тақдирда, биз уни шу ерда қолдиришимизга аминман, – деди “Жараён”га адвокат Илларион Васильев.

Эслатиб ўтсак, 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Фаррух Муродов 2014 йилнинг 24 январь куни Подмосковьеда Ўзбекистоннинг Бухоро вилоят ички ишлар идоралари сўровига кўра қўлга олинганди.

Адвокат Илларион Васильевнинг айтишича, Муродовни экстрадиция қилиш бўйича ҳужжатларда Ўзбекистон расмийлари томонидан Фаррух Муродовга нисбатан мамлакат Жиноий кодексининг 244-1 моддаси (“Жамият хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид туғдирувчи материалларни тайёрлаганлик ва тарқатганлик”) ва 244-2 (“Диний-экстремистик, сепаратистик, фундаментал ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузганлик, бошқарганлик, қатнашганлик”) моддаларида кўзда тутилмиш айбловлар билдирилган.

Фаррух Муродов Россияда вақтинча яшашга рухсат берувчи ҳужжат асосида бу мамлакатда 10 йилдан ошиқ вақт мобайнида ўз оиласи билан яшаб келади.

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.