Париждаги “майдон”да ўзбек ва украин фаолларининг норозилик намойиши бўлиб ўтди (видео)

4 февраль куни Парижда Франциядаги украин жамоати репрезентатив қўмитаси томонидан ташкил этилган ўзбекистонлик ва украиналик фаолларнинг норозилик намойиши ўтказилди.

Париждаги Place Chassaigne Goyon майдонида бўлиб ўтган норозилик акцияси, тадбир ташкилотчилари маълумотига кўра, даставвал Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси қаршисида ўтказиш режаланганди, бироқ Франция полицияси бунга рухсат бермади. Норозилик тадбири чоғида акция иштирокчилари қўлларида Украина давлат байроғини тутиб турдилар.

Унда тадбир ташкилотчилардан бири Олька Бараболька Франция аҳолиси диққатини Украинада бўлиб ўтаётган воқеалар ҳамда Украина майдонини қўллаб, шу йилнинг 29 январь куни Тошкентда акция ўтказган, бироқ пировардида ўзбек расмийлари босимига учраган ўзбекистонлик фаолларнинг ҳибсга олинишига қаратиш зарурлиги ҳақида гапирди. Шу билан бирга, украин фаоли йиғилганларга Украина ва Ўзбекистон ҳукмрон режимлари томонидан содир этилаётган жиноятлар ҳақида гапириб берди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 27 январь куни Тошкентда милиция ходимлари томонидан саккиз киши қўлга олинганди – булар Украина майдонида содир бўлаётган воқеаларни дастаклаб акция ўтказган жамоатчилик фаоллари, журналистлар ва фотосуратчилар эди.

Пировардида мазкур тадбир иштирокчилари – фотосуратчи ва ҳужжатли кино устаси Умида Аҳмедова, унинг ўғли Тимур Карпов (Россиянинг Лента.ру агентлиги фотомухбири), Ильгар Гасимов ва Дина исмли яна бир фаолга суд йирик миқдорда жарима солган. Украина фуқароси Артём Людний, Алексей Улько ва Ашот Даниэлян эса Жиноят ишлари бўйича Ҳамза туман суди қарори билан 15 суткага ҳибс этилганлар ва улар ҳозир ҳам ҳибсхонадалар.

Кеча Парижда бўлиб ўтган норозилик намойишида “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси президенти Надежда Атаева ҳам иштирок этди. У йиғилганларга Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, шу жумладан, бугунги кунда ўнлаб мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоллари ўз касбий фаолияти туфайли қамоқхоналарда сақланаётгани, мамлакатда фуқаролик жамияти фаолларини ҳибсга олиш ва судлаш давом этаётгани, ўзбек расмийлари маҳбус ва маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганини тан олишни истамаётгани ҳамда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланаётгани ҳақида сўзлаб берди.

Парижда истиқомат қилувчи “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Ислом Каримов сиёсатига қарши Франция ва Европанинг бошқа кўплаб шаҳарларида ўтказилган норозилик намойишларининг иштирокчиси ва ташкилотчиси бўлиб ҳисобланади.

Кечаги акция чоғида Мўътабар Тожибоева Украина ва Ўзбекистон каби диктаторлик давлатларида фуқаролар бу каби тадбирларни ўтказиш ва ўз норозилигини очиқ изҳор қилиш ҳуқуқидан маҳрум экани ҳақида гапирди. Шунинг учун ҳам, ҳуқуқ фаоли фикрича, бу мамлакатлар фаоллари ўз норозилик намойишларини Европа мамлакатларида ўтказишга мажбурлар ва европаликлар диққат-эътиборини диктатор президентлар ҳукмронлик қилаётган мамлакатлардаги мавжуд муаммоларга қаратишни муҳим, деб ҳисоблайдилар.

Норозилик намойиши чоғида тадбир иштирокчилари жўровоз бўлиб “Каримов диктатор”, “Янукович диктатор” деб қичқирдилар. Шунингдек, акция қатнашчилари Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь раҳбари Александр Лукашенко томонидан олиб борилаётган сиёсатга нисбатан норозилик изҳор қилдилар.

Мазкур акцияни фақат франциялик полициячилар эмас, Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси ходимлари ҳам кузатиб турдилар. Улар тадбир иштирокчиларига яқинлашмасдан, ўз хатти-ҳаракатлари ноқонуний бўлишга қарамай, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Мўътабар Тожибоева ва Надежда Атаева чиқишларини видеога ва суратга олдилар.

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.