Озода Ёқубова эрининг иши юзасидан Олий судга мурожаат қилмоқчи

Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг рафиқаси Озода Ёқубова турмуш ўртоғига оид жиноят ишини қайта кўриб чиқишни сўраб, Ўзбекистон Олий судига мурожаат қилиш ниятида.

Озода Ёқубова “Жараён”га икки ҳафта муқаддам турмуш ўртоғининг зиёратига борганини маълум қилди. Унинг айтишича, кейинги икки йил ичида Аъзам Фармоновнинг оёқ ва қўлларида безлар кўпайишни бошлаган, ҳозир бу безлар сони 20 дан ошиб кетган.

Озода Ёқубова эрини зона ичидаги тартибни бузганлик баҳонасида декабр ойида амнистиядан маҳрум этишганини ҳам маълум қилди.

– Амнистиядан ноқонуний равишда яна маҳрум этишгани учун 21 декабрдан 23 декабргача очлик эълон қилганлар. Бошқа маҳкумлар очлик эълон қилишса, мажбурлаб зонд билан овқат жўнатишар экан. Лекин бу кишига ҳеч ким эътибор ҳам қилмабди. Фақат отрядник: “Нега ундай қиляпсан?” деб сўрабди. “Нима қилишим керак, “яхши қилдиларинг, раҳмат” дейишим керакми?” дебдилар.

Тартиббузарлик бўйича ҳужжатга қўл қўймаганларидан кейин турма ходимлари “ашаддий тартиббузар” деб ҳужжатлаштиришибди. “Хоҳласаларинг уриб ёки қийнаб, қўл қўйдиринглар”, дебдилар. Улар эса: “Фармонов, биз сени қачон урганмиз, сени урмаймиз”, дейишибди. Улар: “Бизга боғлиқ эмас, Фармонов, ўзинг ҳаммасини тушунасан-ку”, дейишибди, – деди Озода Ёқубова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарë вилояти бўлимига раҳбарлик қилган Аъзам Фармонов 2006 йил 29 апрель куни ҳибсга олинган. Шу йил июнь ойида эса Сирдарё вилоятининг жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳри суди уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддасида кўзда тутилган жиноят (Товламачилик) бўйича айбдор деб топиб, 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Қарийб 8 йилдан буён қамоқда жазо муддатини ўтаётган Фармонов Ўзбекистондаги бошқа кўплаб сиёсий маҳбуслар каби шу пайтгача амнистияга тушмаган. Ўзбекистонда амнистия эълон қилиниши арафасида сиёсий маҳбусларни “қамоқхона ички тартибини бузди” деган важ билан озодликка чиқишига тўсқинлик қилиш анчадан буён давом этиб келаётган амалиёт бўлиб, бундан номи халқаро ташкилотларнинг “ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар рўйхати”да мунтазам равишда зикр этиб келаётган Аъзам Фармонов ҳам бенасиб эмас.

Айни пайтда Озода Ёқубова эри билан боғлиқ сўнгги воқеалар Фармоновга нисбатан янги жиноий иш уйдириш аломатидай кўринаётганини, бу хавфдан хавотирланаётганини, шу сабабли турмуш ўртоғининг ишини қайта кўриб чиқишни сўраб, Ўзбекистон Олий судига мурожаат қилмоқчи эканини маълум қилди.

Аъзам Фармонов қамоқдан озод бўлиш муддати яқинлашган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддасида кўзда тутилмиш жиноятни (Жазони ижро этиш муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) содир этганликда айблаб, унга нисбатан яна жиноят иши қўзғатишлари хавфи кучаяётганини “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам таъкидлайди.

– Чунки қамоқхоналарда маҳкумларга “ашаддий тартиббузар” мақоми бекордан бекорга берилмайди. Жазо муддатини узайтирилиши керак бўлган махкумлар даставвал қамоқхона раҳбарияти томонидан “ашаддий тартиббузар” деб топиладилар ва махсус рўйхатга олиниб, уларга нисбатан назорат кучайтирилади, кейинчалик эса жиноят иши қўзғатиб, қонунда белгиланганидек, қамоқ муддати 3 йилга узайтирилади.

Бугунги кунгача Аъзам Фармонов иши билан бир қанча адвокат шуғулланди. Лекин ҳайратланарли томони шундаки, Аъзам Фармоновнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унга нисбатан қамоқхонада ички тартиббузарлик юзасидан расмийлаштирилган қарорларни бекор қилдириш устида ишлашга розилик берган адвокатлар ҳақларини олганларидан кейин жуфтакни ростлайдилар. 2013 йил давомида уни ҳимоя қилиши келишилган адвокат билан ҳам шартномани бекор қилишга мажбур бўлинди, – дейди Мўътабар Тожибоева.

“Ўтюраклар клуби” раҳбари фикрича, агар Аъзам Фармоновнинг масаласига жиддий ёндошилмаса, унинг вазияти бугунги кундан ҳам ёмонлашиши табиий.

– Ўзбек расмийлари бошқа сиёсий маҳкумлар билан учрашиш учун ҳуқуқ фаолларини уларнинг ёнларига киритиб турган бир пайтда Аъзам Фармоновнинг лоақал баданида тобора кўпайиб кетаётган безларнинг унинг ҳаёти учун хавфли ёки эмаслигини аниқлаш учун малакали медицина текширувидан ўтказмаётганликлари ҳам шубҳали.

Ваҳоланки, Аъзам Фармоновнинг “жиноий шериги” ҳисобланмиш Алишер Кароматовнинг қамоқдан озод қилинганига анча бўлди. Битта жиноятни “содир қилган жиноий шериклар”нинг бири аллақачон озодликка чиқарилган, иккинчиси эса Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда, – дер экан Мўътабар Тожибоева Алишер Кароматовнинг озод бўлгани албатта яхши экани, бироқ Аъзам Фармоновга нисбатан “айрича муносабат” бўлаётгани “расмийларнинг самимийлиги” юзасидан қатор саволларни пайдо қилаётганини қўшимча қилади.

Эслатиб ўтамиз, тўққиз йил аввал Аъзам Фармонов билан бирга Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлими раҳбар Алишер Кароматов ҳам 9 йилга қамалганди. Қамоқхонада сил касалини орттирган Кароматов 2012 йил баҳорида озодликка чиққанди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар ҳар иккала ҳуқуқ фаолининг ҳам уйдирилган айбловлар билан қамоққа ташланганини айтиб келадилар.

 

Асад БОЙМУРОДОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.