Моҳира Ортиқова: Қийноқларсиз ҳаёт учун биргаликда курашайлик!

Турмуш ўртоғим Қаюм Ортиқов 2009 йилнинг январь ойида “одам савдоси”да айбланиб, олти йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилганида ҳам ҳали ҳақиқат қарор топишига ва турмуш ўртоғим оқланишига ишонар эдим.

Чунки газеталарда ёзишаётгани ва телевизорда тинмай кўрсатишаётганидек, ҳар томонлама ривожланаётган мустақил Ўзбекистонимизда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Аммо 2009 йилнинг май ойида, Британия фойдасига жосусликда айблаш мақсадида турмуш ўртоғимга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганини билганимдан сўнг Ўзбекистонда адолатли суд борлиги ва инсонлар ҳаёти ҳар томонлама муҳофазалангани борасида шубҳалана бошладим.

Турмуш ўртоғимнинг айбсизлигини исботлаш учун қилган барча ҳаракатларим, турли ташкилотларга ташрифларим, мансабдор шахслар билан қилган мулоқотларим натижасида бизнинг ҳаётимиз фақат ёлғондан иборат эканини, газета ва телевидение, радиолардаги маълумотларнинг барчаси халқни чалғитиш учун берилаётганлигини тушуниб етдим. Халқ орасидаги “мен ҳам “Ахборот”да яшасам эди” деган киноялар бежиз эмаслигини ич-ичимдан ҳис қилдим.

Бир неча ой ичида кўз ўнгимда ўзбек халқининг аянчли ҳаёти ва мавҳум келажаги намоён бўлди. Ўзбекистон Республикасидаги барча масъул ташкилотларга эримнинг айбсизлиги ҳақидаги мурожаатларимга фақат бир хил – эримнинг қонуний жазолангани ҳақидаги расмий жавоб олишдан бошқасига эришмадим.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот HRW ва мустақил журналистларнинг фаол саъй-ҳаракатлари натижасидагина 2011 йили Қаюм Ортиқовни қамоқдан чиқариб олишга муваффақ бўлдик ва бир йил ўтиб, биз тўрт фарзандим билан Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлдик.

Бир йилдан ошиқ саргардончиликлардан сўнг дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган АҚШга етиб келдик. Бу ерда бор-йўғи бир неча кун ичида инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари устиворлигига, ҳар бир соҳа инсоннинг яхши яшаши учун хизмат қилишига гувоҳ бўлдик.

Бизнинг Ўзбекистонда-чи?! Бевосита Ислом Каримов раҳбарлигида 25 йил мобайнида ўзбек ҳалқининг маънавий ва моддий бойликлари талон-тарож қилиниб, оддий халқ турмуши ночорлик даражасига туширилди. Натижада 8 миллион ўзбек оила боқиш учун чет элларда мардикорлик қилаяпти.

Миллий хавфсизлик хизмати Миллатни хўрлаш хизматига айлантирилди ва унга чекланмаган ваколатлар берилди. Ортидан халқни етаклаши мумкин бўлган ҳар қандай ҳур фикрли инсон уйдирма айбловлар билан қамоқларга ташланиб, энг разил, энг жирканч қийноқларга гирифтор қилинаяпти ёки Ўзбекистондан қочиб чиқиб кетишга мажбур бўлаяпти. Халқни қўрқув исканжасида ушлаб туриш учун ҳеч қандай айбсиз инсонлар “диний экстремизм”, “террорчилик” ва бошқа айбловлар билан қамалиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинаяпти.

Ўзбек қамоқхоналарида айбсиз хўрланаётган инсонларни МАЗЛУМЛАР деб аталиши тўғри, деб ўйлайман. Чунки улар оила аъзолари ва яқинлари хавфсизлигини таъминлаш учун қилмаган жиноятларини бўйнига олиб, ўлим билан рўбарў бўлиб, милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан аёвсиз қўлланилаётган жирканч қийноқларга дош бермоқдалар. Уларнинг оила аъзолари ҳам, ҳатто гўдак фарзандларию, қария ота-оналари ҳам босимлар остида яшамоқдалар. Афсуски, бундай мазлумлар сони қамоқдаги маҳбуслар сонининг каттагина қисмини ташкил қилади.

Фуқаролик жамияти фаоллари бўлмиш Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов каби халқпарвар инсонларнинг ёши бир жойга бориб қолганлигига, жазо муддатларини ўтаб бўлганларига қарамасдан, қамоқ муддатлари узайтирилаётгани, уларнинг касалманд эканликларига қарамасдан, ҳалигача қамоқда сақланиши Ўзбекистоннинг келажаги буюклигидан эмас, аксинча ўзбек халқининг келажаги йўқ қилинаётганлигидан далолатдир.

Оддий халқ турмушини яхшилаш, келажагини таъминлаш учун хизмат қилиши керак бўлган барча соҳалар мансабдорларнинг моддий бойлик орттириш тегирмонига – порахўрлик механизмига айлантирилди. Энг ачинарлиси, бу механизм маориф соҳасини ҳам шунчалик издан чиқардики, ҳатто чет элда ишлаб туриб, Ўзбекистоннинг хоҳлаган олий ўқув юрти талабаси бўлиш, битирувчи сифатида диплом олиш муаммо бўлмай қолди. Бу эса порлоқ келажак эмас, чалажон келажакнинг яққол намунасидир.

Шу билан биргаликда, Ғарб мамлакатларининг Ўзбекистондаги оддий халқ тақдирига нисбатан олиб бораётган иккиюзламачилик сиёсати ҳақида гапирмаслик мумкин эмас. Ўзбекистон билан олиб борилаётган ҳар қандай дипломатик алоқалар жараёнида инсон ҳуқуқлари масаласини биринчи ўринга қўйиш ўзбек халқи учун жуда катта кўмак вазифасини ўтайди.

Аммо Чехиядек демократик давлат президенти жаноб Милош Земаннинг 30 дан ортиқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкилотнинг ўзбек диктатори И.Каримов ташрифини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги мурожаатига жавобан уларни “иккюзламачилик”да айблаши, шунингдек, қолдирилган ташрифни келажакда амалга ошириши мумкинлиги ҳақидаги чиқишлари, ўз мавқеига зид равишда, ўзбек халқи тақдирига ўта юзаки муносабатда эканлигини кўрсатади.

Яна бир мисол: Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан ҳар томонлама ёрдам беришга ваъда берилганлигига қарамасдан, Буюк Британия ҳукуматининг Бош вазири Дэвид Кемеронга ва Буюк Британия бирлашган Қироллиги ва Шимолий Ирландия Парламентига ёрдам сўраб қилган мурожаатларим жавобсиз қолдирилди.

Бу билан Британия ҳукумати қанчалик демократик давлат бўлмасин, ўзбек диктатураси билан муносабатларини бузилишини хоҳламади ва ҳаттоки, ўзига тегишли бўлган дипломатик ташкилотларнинг собиқ ходимлари тақдирига нисбатан ўта бефарқ ва масъулиятсиз муносабатда бўлишини амалда исботлади.

Британия ҳукумати оиламиз тақдирига нисбатан сукут сақлаб турган бир вақтда, АҚШ томонидан бизга “сиёсий қочқин” мақоми, шу билан биргаликда, Америкага кириш учун рухсатнома берилди ва шу йилнинг 20 февралида АҚШнинг Пенсильвания штатига етиб келдик.

Қаюм Ортиқовнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Ўзбекистон ҳукуматига қарши берган шикоятини тайёрлаш ва топширишда, унинг БМТ томонидан қийноқ қурбони сифатида тан олишида жонбозлик кўрсатган Франциядаги “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро ташкилоти ўз ҳамкорлари билан биргаликда турмуш ўртоғимнинг қийноқ қурбони сифатида малакали тиббий ва руҳий ёрдам олишини таъминлаш учун зарур чораларни кўришмоқда.

Албатта, Қаюм Ортиқовнинг ўзбек қамоқхонасидан тирик чиқиб келишида ва АҚШдан бошпана берилишида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг хизматлари беқиёсдир.

Қаюм Ортиқовга нисбатан қийноқ қўлланилаётгани ҳақида биринчи бўлиб бонг урган Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти, шахсан Абдураҳмон Ташанов ва Васила опа Иноятовага, беш йил давомида биздан беминнат ёрдамларини аямаган HRW халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ва унинг ходими Стив Свердловга, “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўтабар Тожибоевага, Лондондаги “The independent” газетасининг журналистлари James Hanning ва Jonatan Owenга, менинг ва оиламнинг кулфатларига бефарқ бўлмасдан, менга минбар бериб, қийноқларга қарши курашимда қўллаб келган, мамлакатдаги қийноқлар бўйича бонг уришдан чарчамайдиган www.jarayon.com вебсайти журналистларига, барча ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Мен бу ташкилотларни ўзбек халқини 25 йиллик диктатура исканжасидан қутқариш учун курашаётган катта куч, деб биламан ва уларнинг ғояларини ҳамиша қўллаб-қувватлашга, улар билан ҳамкорлик қилишга тайёрман. Шу мақсадда Ўзбекистонда диктатура тизимидан жабр кўрган биргина менинг оилам эмас, балки минглаб оилалар борлигини инобатга олиб, уларни бирлаштириш ва қийноқларга қарши биргаликда курашиш учун “Ўтюраклар клуби” қошида “Қийноқсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳини ташкил этишга қарор қилдик.

Ғарб давлатларида яшаётган ва Ўзбекистондаги қийноқлар қурбонига айланган, мамлакатдаги зўравон тузум зулмидан қочиб, Ватандан ва яқинларидан йироқда яшашга, сарсон-саргардончиликларни бошидан ўтказишга, ўз тақдири ва ўзбек халқи тақдирига бефарқ бўлмаган барча қийноқ қурбонлари бўлган оилаларни гуруҳимизга бирлашишга ва қийноқларга қарши курашишга чақираман.

Чунки қийноқлар бизнинг – ўзбек халқининг дарди. Бу ҳақида биринчи бўлиб ўзимиз гапирмасак, бизга ҳеч ким ёрдам бера олмайди.

Моҳира ОРТИҚОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.