Тожикистон қамоқхонасида қийноққа тутилган маҳкум чап қулоғидан айрилди
Тожикистон жанубида жойлашган Кўлоб шаҳридаги қамоқхона бошлиғини қайчи билан чавақлаган маҳбус Умед Тешев, яқинларининг айтишича, қамоқхона нозирлари томонидан қийноққа солинган ва айни пайтда унинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.
Душанбе шаҳрида фаолият кўрсатадиган Қийноқларга қарши кураш жамоатчилик қўмитасининг маълум қилишича, Умед Тешаевнинг яқинлари адвокат ёллаб бериш илтимоси билан уларга мурожаат қилганлар.
– Умед Тешаевнинг яқинлари билан суҳбатлашдик. Умед ҳозир тирикми ёки йўқми – уларнинг хабари йўқ экан. Уларнинг айтишича, маҳкум Умед Тешаевнинг олдинги адвокати қамоқхонага кириб, у билан кўришган. Адвокат маҳкумнинг қўллари шишиб кетгани, бармоқлари ҳаракатдан қолгани ва чап қулоғи қирқиб ташланганини гапириб берган, – дея маълум қилган маҳаллий матбуотга Қийноқларга қарши кураш қўмитаси вакиллари.
Маълум бўлишича, адвокат ўша учрашувдан сўнг Умед Тешаевнинг яқинлари билан умуман алоқага чиқмаган, қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўйган.
Эслатиб ўтамиз, 16 феврал куни Кўлобдаги қамоқхона бошлиғи, 66 ёшли Умар Қаюмов касби сартарош бўлган ва ўтган йил бошида Тожикистон Жиноят Кодексининг “Қотиллик” моддаси билан 17,5 йилга озодликдан маҳрум этилган маҳбус Умед Тешаевни хонасига чақиртириб, сочини олиб қўйишни сўраган. Тешаев соч олиш учун ишлатган қайчини қамоқхона бошлиғининг аввал бош қисмига санчган, кейин эса танасига яна 16 марта зарба урган. Қамоқхона бошлиғи касалхонага етмай, йўлда жон берган.
Айни пайтда мазкур қамоқхонага янги тайинланган бошлиқ Гулов маҳкумнинг яқинларига Умед Тешаевнинг қийноққа солингани ҳақида бирор аниқ жавоб бера олмаслигини, бу савол билан республика Қамоқхоналарни назорат қилиш бош бошқармаси бошлиғи Иззатулло Шариповга мурожаат қилишни тавсия қилган.
30 ёшли Умед Тешаев уч нафар балоғатга етмаган боланинг отаси.
“У қамоқда қийноққа солинган ва қийноқлар натижасида саломатлигига жиддий путур етказилган илк маҳбус эмас”, демоқда тожикистонлик ҳуқуқ фаоллари.
Сўнгги уч йил мобайнида Тожикистондаги вақтинча сақлаш изоляторлари ва қамоқхоналарида турли жиноятларда гумонланиб, тергов қилинган ёки озодликдан маҳрум этилиб, жазони ижро этиш муассасаларига этап қилинган ўнлаб маҳкум қийноқлар натижасида жон бергани қайдга олинган.
Жорий ой ўрталарида БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендез Тожикистонга борган эди.
Ўз сафари давомида БМТ мулозими Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов билан учрашиб, фуқароларнинг қийноққа солиниши ва уларга нисбатан ғайриинсоний муносабатнинг олдини олишга доир халқаро келишувларга қўшилиш масаласини муҳокама қилганди.
БМТнинг махсус маърузачиси келиб кетди, нима ўзгаради?
Шундай савол билан тожикистонлик таниқли ҳуқуқшунос Файзинисо Воҳидовага мурожаат қилдик.
– Ҳеч нарса ўзгармайди, зеро, Хуан Мендез Тожикистонга биринчи марта келаётгани йўқ. У аввал ҳам келиб, ҳукуматнинг бир-икки расмийси билан учрашиб кетган. Шахсан мен бу келиб-кетишлардан бирор ўзгариш сезмадим. Бошқа томондан, Тожикистон ҳукумати олов билан ўйнашаяпти, деб ўйлайман. Агар ҳукумат БМТнинг қийноқларни бартараф қилишга оид талабларини бажармаса, яқин келажакда молиявий жиҳатдан жазоланади, – деди Файзинисо Воҳидова.
Мустақил таҳлилчи, “Нигоҳ” рўзномасининг бош муҳаррири Саймуддин Дўстов фикрича, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендез Тожикистондаги қийноқлар билан боғлиқ вазиятдан яхши хабардор эмас.
– Мендез жаноблари қийноқлар билан боғлиқ вазиятни фақат бир нечта одаму, грант ейдиган ташкилотлардан эшитган. Аслида унинг бирор жиддий дастури ҳам йўқ. Бу галги сафарида ҳатто ҳукумат идораларида уни иродаси заиф киши сифатида қабул қилинганини эшитдим. Фикримча, республика қамоқхоналарини назорат қилиш Иззатулло Шарипов ихтиёрида бўлиб турар экан, маҳкумларнинг сирли ўлимию қийноқлар масаласи жамиятимиз учун оғриқли муаммолигича қолаверади, – дейди мустақил таҳлилчи Дўстов.
Тожикистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари амалдаги ҳукуматдан кейинги бир неча йил мобайнида қамоқхоналарда маҳбусларнинг сирли тарзда жон таслим қилаётганини атрофлича ўрганиш, бу борада текширув ўтказишни талаб қилиб келмоқда.
“Бироқ, афсуски, – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Наргиз Зокирова, – ҳукумат бу даъватларга жавобан пинак бузмай келаётир”.
БМТ вакили Хуан Мендезнинг Душанбе шаҳрига ташрифи арафасида матбуот анжумани берган республика Бош прокурори Шерхон Салимзода 2013 йили ўз идорасига қийноқлар билан боғлиқ 16 та шикоят тушгани, бироқ текширувлар чоғида фақат 4 ҳолат исботини топганини айтган. Бош прокурор сўзларига кўра, 2012 йили қийноқ ва зўравонликлар билан боғлиқ 9 та ҳолат қайдга олинган бўлиб, гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши очилган.
Хуан Мендез илк бор Тожикистонга 2012 йилнинг май ойида борган. Ўз сафари чоғида республика қамоқхоналаридан бир нечтасида бўлиб, у ердаги вазият билан яқиндан танишган БМТ вакили Тожикистон ҳукуматига бир нечта тавсиялар берган эди. Улардан бири республика Жиноят Кодексига қийноққа қарши махсус модда киритиш эди.
Аммо ўтган икки йил мобайнида Жиноят Кодексига янги 143-модда (“Қийноқ”) киритилганидан ташқари мамлакатда қийноққа қарши бирорта амалий иш қилингани кузатилмайди.
Икки йил аввал Душанбе шаҳрига сафари чоғида тожик расмийларига берган тавсияларининг қай даражада бажарилганини ўрганиш мақсадида уч кунлик сафар билан яна Тожикистонга борган Хуан Мендез бу мамлакатда қийноқлар ҳамон кенг қўлланилаётганини қайд этган. Унга кўра, терговни зудлик билан тугатиш истаги ҳамда қийноқ қўллаган терговчи ёки милиция ходими жазосиз қолишини яхши англаши мамлакатда қийноқларга чек қўйилишига монеълик қилмоқда.
БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендезнинг Тожикистонга сафаридан олдин мамлакат шимолидаги Хўжанд шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонасида тергов қилинган 34 ёшли Умиджон Тожиев қийноқ туфайли жон берган эди. Ўз баёнотида у Исфара шаҳар милиция ходимлари уни электр токи билан қийноққа солингани ва қийноққа чидай олмагани сабабли ўзини иккинчи қаватдан пастга ташлаб юборганини ёзган. Умиджон Тожиевнинг қўли билан ёзилган баёнот унинг ўлимидан сўнг маҳаллий матбуотда чоп қилинган эди.
Душанбе шаҳридаги қийноқларга қарши кураш жамоатчилик қўмитаси маълумотларига кўра, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларида тергалган ўнлаб гумонланувчи қийноқлар натижасида жон берган.
“Бунга Сафарали Сангов, Баҳромиддин Шодиев, Дилшодбек Муродов, Исмоил Бачажонов, Исмонбой Бобоев, Хуршед Бобокалонов, Ҳамзаали Икромзода каби яна ўнлаб маҳбусни мисол келтириш мумкин”, дейилади мазкур қўмитанинг 2013 йилги ҳисоботида.
Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон қамоқхоналарида шу кунда 11 минг маҳбус жазо муҳлатини ўтамоқда. Ҳар йили бу мамлакатда суд ҳукми билан 5 минг чоғли киши турли йилларга озодликдан маҳрум этилади.
Тожикистон судлари айбланувчиларга нисбатан чиқарган оқлов ҳукми бармоқ билан санарли. 2013 йилда тожикистонлик судьялар фақат 4 ҳолатда гумонланувчиларни суд залидан озод қилгани айтилади.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish