Евгений Дьяконов: Европа нашриётлари Ўзбекистон каби қалтис мавзудаги китобни чоп қилишни исташмади
Жорий йилнинг 22 февраль куни Норвегияда муҳожиротда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ва мустақил журналист Евгений Дьяконовнинг “Uz ҳудудида” номли китоби ёруғ кўрди.
“Жараён”га берган интервьюсида Евгений Дьяконов Ўзбекистондаги қамоқхона ва тергов ҳибсхоналарида одамларга нисбатан қўлланиладиган қийноқ ва ғайриинсоний муносабат ҳақида ёзилган китоби хусусида сўзлаб берди.
Жараён: Евгений, айтинг-чи, “Uz ҳудудида” номли китобингиз қандай ёзилди, бунинг учун материални қандай қилиб тўпладингиз, бунга қанча вақт кетди?
Евгений Дьяконов: Бу китобни мен ҳали Тошкентда қамоқда ўтирган пайтимда – икки йил давомида, яъни 1997 йилдан 1998 йилгача ёзганман. Аммо уни чоп қилиш учун қарийб саккиз йил вақт кетди, чунки Европадаги кўп нашриётлар номи чиқмаган муаллиф асарини, боз устига, Ўзбекистон каби қалтис мавзуда ёзилган китобни нашр қилишни исташмади.
Шу важдан бу иш амалга оширилиши учун нашриётлар инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи ташкилотлардан илтимоснома ёзиб берилишини исташди. Менинг эса, жинсий озчиликка бўлган муносабатим, уларга нисбатан етарли даражада тоқатли бўлмаганим туфайли бу ташкилотлар билан муносабатларим, юмшоқроқ қилиб айтганда, унчалик илиқ эмасди.
Жараён: Китобингиз қайси тилда чиқди ва уни қандай харид қилиш мумкин?
Евгений Дьяконов: Китоб рус тилида чиқди. Сиз уни “Зарубежные Задворки” сайти орқали харид қилишингиз мумкин. Бу ерда –http://za-za-verlag.net/dyakonov-evgeniy– китобнинг қисқача тақдимоти берилган.
Бу ерда эса китоб аннотацияси:http://za-za.net/v-zone-uz-kniga-pervaya-dlya-teh-kto-svobodu-lyubit/, остида эса китобни сотиб олиш учун ишорат берилган.
Ҳозир Москвада бир театр менга ўхшаб Ўзбекистондан қочиб келган тошкентлик таниқли режиссёр раҳбарлигида менинг китобим асосида спектакль постановкасини бошлади.
Жараён: Евгений, китобингиз чиқишида Сизга ёрдам берган одамлар ҳақида гапириб берсангиз, уларнинг бу ишни амалга оширишларига нима туртки берган? Сиз интернетда китоб америкалик ва германиялик сиёсатчилар кўмаги туфайли ёруғ кўра олгани ҳақида ёзгансиз.
Демак, ғарблик сиёсатчилар орасида ҳам ўзбек расмийлари томонидан амалга оширилаётган инсониятга қарши жиноятлар ҳақида халқаро жамоатчилик билишини истайдиган кишилар бор экан-да?
Евгений Дьяконов: Китобни ҳозирча исмлари ошкор қилинмаслигини сўраган германиялик ва америкалик сиёсатчилар ҳамда Россиядан бўлган айрим таниқли кишилар моддий кўмаги туфайли чоп қилишга муваффақ бўлдик. Улар нимани ўйлаб менга ёрдам берганларини билмайман. Балки улар китобим чиққанидан кейин Тошкентда ҳам Украина сценарийсига ўхшаш бирор ишни амалга оширишни ўйлашаётгандир – лекин бу ҳақда аниқ бир гап айтолмайман, бу менинг тахминларим, холос.
Жараён: Сиз ўзингиз ҳам Ўзбекистонда одамларга қарши қийноқ қўлланилганига гувоҳ бўлганмисиз? Балки ўзингиз ҳам қийноқ қурбонидирсиз? Шундай бўлса, бу китобингизда қандай акс этган?
Евгений Дьяконов: Мен қийноқ қўлланилганига гувоҳ бўлибгина қолмай, балки ўз танамда ҳам қийноқнинг бутун “ҳузур”ини ҳис қилиб кўрганман. Турмуш ўртоғим ҳам Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги терговчилари билан бўлган “суҳбатлар”дан сўнг ногирон бўлиб қолган. Китобимдан бу ҳақда батафсил ёзилган бир қанча лавҳа ўрин олган.
Жараён: Интервью учун раҳмат, Евгений.
Интервьюни Мубина САФАРОВА тайёрлади
Fikr bildirish