Мазкур тадбирнинг элликдан зиёд иштирокчиси Стокҳолмдаги швед парламенти биноси ёнида жойлашган Mynttorget майдонида норозилик ифода қилдилар. Пикетчилар қўлларида сиёсий талаблар битилган плакатларни ушлаб турдилар. Бу талаблардан энг асосийси Обидхон қори Назаровга суиқасд иши бўйича қайта тергов ўтказиш ва ҳақиқий жиноятчиларни топиш эди.
Таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаров роппа-роса икки йил муқаддам Швециянинг Стромсунд шаҳрида бошидан ўта оғир жароҳат олганди. Имомга суиқасддан кейин жиноий ишда шерикликда гумонланган ўзбекистонлик эр-хотин – Швецияда яшаган Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар қўлга олинган.
Улар тергов иши ва маҳкама жараёнида суиқасд ижрочиси ўлароқ кўрилган Юрий Жуковскийга кўмаклашганликда айбланганлар. Аммо Швеция суди Пўлатов ва Аминованинг айби етарлича исботланмаганини қайд этиб, уларни оқлаган ва ўзбекистонлик эр-хотин суд залидаёқ ҳибсдан озод этилган.
Обидхон қори Назаровга нисбатан уюштирилган суиқасд буюртмачилари ва ижрочиси ҳалигача топилмаган, бундан норози бўлган Швециядаги ўзбек диаспораси вакиллари пикет ўтказишга қарор қилганлар.
Норозилик тадбирида имомнинг кўплаб тарафдорлари иштирок этдилар. Пикетчиларнинг сўзларига кўра, улар Обидхон қори Назаровнинг аҳволидан ўта хавотирдалар ва унинг тез орада соғайиб кетишига умид билдирмоқдалар.
– Ҳаммамиз у кишининг тез орада ҳушларига келиб, жиноятни фош қилишда ёрдам беришларини кутаяпмиз. У киши ҳали ҳам ҳушсиз ҳолатда ва шифокорлар назорати остида ётибдилар. У кишининг соғлиғидан жиддий хавотирдамиз, – деди Обидхон қори Назаров тарафдорларидан бири.
Мазкур норозилик тадбири сиёсий маҳкумларнинг озод этилиши, Ўзбекистон фуқароларининг диний қарашлари учун қийноққа солиниши ва таъқиб қилинишининг тўхтатилишига ҳам қаратилган.
Норозилик акцияси иштирокчилари Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотларининг тўсиқсиз ишлаши учун шарт-шароит яратилиши ва сўз эркинлиги кафолатланиши бўйича ҳам талабларни олға сурдилар.
Норозилик намойиши қатнашчилари томонидан олға сурилган яна бир долзарб талаб 2005 йилги Андижон воқеалари бўйича халқаро текширув ўтказилиши ҳамда тинч аҳоли ёппасига ўққа тутилишида айбдор бўлган шахсларнинг жазоланиши бўлди.
Андижон воқеалари гувоҳларидан бири, «Андижон иши» бўйича судланиб, қамоқхонада ўлдирилган Таваккалбек Ҳожиевнинг катта акаси Дилшод Ҳожиев халқаро текширув ўтказилмагунича Ўзбекистон қамоқхоналарида одамлар қийноқдан ўлаверадилар, деб ҳисоблайди.
– Укам Таваккал Ҳожиев жуда ёш тадбиркор, бошқа кўпчиликдан фарқли ўлароқ ҳалол ва жасур йигит эди. У Андижондаги намойиш раҳбарларидан бири бўлган. Андижонда намойишчилар ўққа тутилганидан кейин тирик қолганлар қатори мен ва укам Қирғизистонга қочиб ўтгандик. Орадан бироз вақт ўтгач, Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари раҳбарлари топширилишини талаб қилди. Биз Қирғизистондаги қочқинлар лагеридан Ўзбекистонга топширилгандик.
Бизни Тоштурмага жойлаштиришиб, айбимизни бўйнимизга қўйиш учун қийноққа солишган. Укам 17 йилга қамалди. Уни қамоқхонада эзиб юборишган. Бироқ қанча қийнашмасин, уни синдира олмадилар. У ҳалок бўлди. Каримов режими кўпчиликнинг бошига етди. Бу адолатсизлик қачон битиши, бу режим жаллодлари қачон жазога тортилиши маълум эмас, – деди Дилшод Ҳожиев.
Стокҳолмдаги сиёсий тадбир иштирокчиларидан яна бири, 37 ёшли Абдулазиз Швецияда акция ўтказиш Ўзбекистон махсус хизматлари таъқибидан қочиб келган ва бу мамлакатда қочқин сифатида яшаётган кўплаб ўзбеклар учун жуда муҳим бўлганини таъкидлайди.
– Биз Ўзбекистонда адолат қарор топишини талаб қилаяпмиз. Тадбир чоғидаги барча талабларимиз қайд этилди ва мурожаатномамиз швед парламентига тақдим қилинди. Умид қиламизки, Европа парламенти талабларимизни кўриб чиқиб, Ўзбекистонда адолат тикланишига ёрдам қилади, – дейди Абдулазиз.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева соғлиғи туфайли пикетда иштирок этиш учун Швецияга келолмади. Аммо у мазкур акция Европа Иттифоқининг Ислом Каримов диктаторлик режимига нисбатан олажак қарорига ўз таъсирини кўрсатиши лозим, деган фикрда.
– Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган ва режим билан ҳамкорлик қилаётган «Телиасонера» сингари чет эл компаниялари ўз сиёсатини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам қаратиши керак, деб ўйлайман. Чунки мамлакатдаги сўз эркинлиги ва шахс дахлсизлиги ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишида мана шундай компанияларнинг роли жуда катта. Улар ўз мижозлари тўғрисидаги маълумотларни махсус хизматларга тақдим қилиб, улар устидан қаттиқ назорат ўрнатилишига кўмаклашмоқдалар, – дейди Мўътабар Тожибоева.
Унинг айтишича, норозилик акцияси иштирокчиларининг барча талаблари уларнинг «Ислом Каримов қонунга хилоф ишлари: муддати эскирмайдиган жиноятлар» сарлавҳаси остидаги мурожаатномаларида келтирилган ва европалик дипломатларга, Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорларига йўлланган.
Мўътабар Тожибоевага кўра, аввал-бошда бу пикетни Прагада ўтказиш режаланганди, бироқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Прага сафари бекор қилинганидан кейин ташкилотчилар акцияни Стокҳолмда ўтказишга қарор қилганлар.
Ҳозир Швецияда яшаётган ўзбекистонлик таниқли қочқин Муҳаммадсолиҳ Обутов мазкур норозилик намойиши Ўзбекистон ҳукумати учун сезиларли сигнал бўлди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, президент Ислом Каримов ўзининг ҳар бир қадами мухолифат, фуқаролик жамияти ва кўплаб халқаро ташкилотлар вакиллари кузатувида турганини билиши лозим.
– Европарламент президент Ислом Каримовга нисбатан ўз қарорини қайта кўриб чиқмагунича биз пикетлар ўтказаверамиз. Каримов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини бузишда давом этаркан, Европа бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак, – деди Муҳаммадсолиҳ Обутов.
Мазкур норозилик тадбирида иштирок этган ўзбекистонлик мустақил журналист Тўлқин Қораев Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари фақат мамлакат ичидагина эмас, хорижда ҳам ҳимояланиши лозим, деб ҳисоблайди.
– Кўпчилик ўзбекистонликлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва қонунларни билмайди, бу эса уларнинг муаммоларга дуч келишига сабаб бўлмоқда. Ўзбек қочқинларининг ҳуқуқлари ҳимояланмаяпти, масалан, бу одамларни Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур қилган сабаблар мутлақо эътибор олинмай, улар Швециядан чиқариб юборилаяпти, – дейди Тўлқин Қораев.
Стокҳолмдаги норозилик намойиши иштирокчилари Ўзбекистон ҳукуматининг Европа мамлакатлари лидерлари билан олиб бораётган сиёсий ўйинлари ўзбек халқининг эзилиши учун баҳона бўлмаслиги лозимлигини бир неча бор такрорладилар.
– Адолат топталмаслиги лозим! Ўзбекистон ҳукумати устида назоратни кучайтириш ва инсон ҳуқуқларини бузишни тўхтатишга мажбур қилиш керак, – дея қичқирдилар Стокҳолмдаги норозилик акцияси иштирокчилари.
Матлуба АЗАМАТОВА
Fikr bildirish