Адем Чевик радиога берган интервьюсида шундай дейди: “Jarayon.com даги иддаолар мутлақо бир истиҳборот ташкилоти тарафидан ҳозирланган, деб ҳисоблайман. Менинг телефоним интернетда бор экан, 24 соат боғланиш мумкин экан, мен билан боғланмаган, раҳбариятдан ҳам ҳеч ким билан боғланмаган, уйда ўтириб, бир истиҳборотнинг, муҳтамалан Ўзбекистон истиҳборотининг тақдим этгани бир баёнотни очиқлаб, бунда “Ўзбеклар бирлиги” исмини қўлланмоқда.
Шунинг учун бу хабарни ёйинлаган Мўътабар Тожибоева хоним ҳамда муаллиф ўлароқ исми келтирилган, Туркияда яшовчи Гулнора Равшан хоним, қўлларида менинг телефоним бўла туриб, мен билан боғланмасдан, бизнинг номимиздан хабар тайёрлаши – катта маъно касб этади ва буни биз истиҳборот тарафидан йўллантирилиб, тарқатилган хабар деб ҳисоблаймиз.
Бундай янглиш ишга асбоб бўлмаслигини, ўзбек халқидан, Ўзбекистонда давлат террорини амалга оширган Каримов зулмидан қочган биродарларимиздан ва биздан узр сўрашини ва бу хатосини дарҳол тузатишини (Jarayon.com сайтидан) кутиб қоламиз”.
Аслида аввал ҳеч қандай тўқнашувга бормаганимиз Адем Чевик бизни дафъатан туҳматчилик айблашдан олдин масалага ойдинлик киритиш учун қўнғироқ қилиши (менинг телефон рақамимни ҳам интернетдан топиш муаммо эмас) ва масаланинг моҳиятини аниқлаши мумкин эди.
Биз инсонлармиз ва хато қилгувчилармиз, хато қилганимизни тушуниб етсак, хатоимиз туфайли руҳий ва жисмоний зиён кўрган ҳар қандай инсондан кечирим сўрашга тайёрмиз.
Журналист қандайдир хатога йўл қўйса, айниқса, бу инсон ҳуқуқлари масаласига, ўз мамлакатидаги босимлар ва қийноқлардан қочиб, бошқа бир мамлакатдан бошпана қидириб турган пайтида ҳибсга олинган ва ҳаёти хавф остида бўлган қочқиннинг тақдирига алоқадор бўлса, ўз таъсис қилган вебсайтда чоп қилинган мақола учун ўша сайтнинг муассиси ҳисобланмиш шахс ҳам маъсул, деб ҳисоблайман.
Аслида журналист Гулнора Равшаннинг Маҳмуд Раҳимов ҳақидаги мақолада ёлғон маълумот тарқатиш қасди бўлмаган. Унинг хатоси – бу ҳақда маълумот берган ташкилот вакили билан гаплашган пайтда унинг ташкилоти номини аниқ суриштириб олмасдан, бошқа бир ташкилот номига адаштириб юборган – беайб фақат Парвардигор.
Бунинг учун “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Адем Чевикдан, Маҳмуд Раҳимов ва унинг яқинларидан ҳам мен – Мўътабар Тожибоева узр сўрайман ва бу инсоннинг тақдирига алоқадор масалаларни ўрганишга ҳаракат қиламан.
Шу ўринда масъулият билан таъкидлайманки, Гулнора Равшаннинг мақоласи қайсидир истиҳборот, шу жумладан, Ўзбекистон истиҳбороти йўриғи ҳосиласи эмас, билъакс, журналистимизнинг муштарийга холис ахборот етказиш истагидан келиб чиққандир.
Агар “Туркистонликлар” ташкилоти вакили маълумоти ёлғон бўлиб чиқса, Маҳмуд Раҳимов Ўзбекистон махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилмаган ва режим қурбони бўлса, унинг ҳимояси учун барча имкониятларни ишга солишга ва унинг мамлакатга эстрадиция қилинмаслиги учун ташкилотимиз номидан керакли органларга мурожаатлар қилишга тайёрман.
Аслида журналистик суриштирув ўтказишдан мақсадимиз ҳам унинг муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат эди.
Шу ўринда “Адем Чевик: jarayon.com иддаолари – туҳмат” мақоласида келтирилган яна бир фикрга ўз муносабатимни билдирмоқчи эдим. Унда радио муҳаррири Камолиддин Йўлдош айтадики, “Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бир шахс ҳақида унинг бошқа бир давлатга ишлаши, айниқса, бу ердаги ўзбекларни хавфсизлик хизматларига “сотгани” ва шу каби иддаоларни илгари суриш учун “ўзини таништирмаган шахс”нинг, яъни аноним шахснинг гапларига таяниш – журналистика тамоилларига тамоман зид”.
Шу бугунги кунгача Мўътабар Тожибоева шаъни, қадр-қимматини булғовчи туркум материаллар “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” вебсайтида, ҳаракат радиосида, “Воля” номли газетада ҳамда yоutube порталида тарқатилди ва тарқатилмоқда. Ўша тарқатилаётган материалларнинг барчаси аноним шахслар томонидан тайёрланган туҳмат ва бўҳтонлардан бошқа нарса эмас.
Модомики, “аноним шахснинг гапларига таяниш – журналистика тамойилларига тамоман зид” экан, нима учун улар менинг қадр-қимматимни ерга урувчи ҳақорат ва туҳматлардан иборат мақолаларни текширмасдан, аниқлик киритмасдан чоп қилишмоқда? Бунингдек туҳмат ва бўҳтонга дучор бўлаётганлар сони кун сайин эмас, соат сайин ортиб бормоқда-ку.
Ахир улар ўзлари чоп қилаётган мақолалардаги гапларнинг ғирт ёлғон ва туҳмат эканини биладилар-ку. Улардан бунингдек туҳмат-бўҳтонларни чоп қилишларига эътироз билдирсанг, “бу сўз эркинлиги, муаллифнинг ёзганларига эътирозингиз бўлса, марҳамат, сизга ҳам минбар берамиз” дейиш билан чегараланадилар.
Туҳмату бўҳтоннинг қанчалар даражада гуноҳ эканини, бир инсон дилини ноҳақ оғритиш жазоси қанчалар оғирлигини наҳот шу инсонлар билмаса?
Ҳадиси шарифда мунофиқнинг аломатлари зикр этиларкан, унинг сўзлаганда ёлғон сўзлаши, ваъда берса, ваъдасида турмаслиги ва омонатга хиёнат қилиши айтилади. Агар бир киши ўзини соф одам деб билса, бу иллатлардан ўзини сақлашлари зарур.
Мусулмонлик даъвоси бор шахслар радиода гапираётганларида ва бу гапларни интернет нашрларида чоп қилаётганларида бу гапларнинг ёлғонлигини биладилар ва ажабки, била туриб, мунофиқлик қилишдан ўзларини тиймайдилар.
Тақдир тақазосини қарангки, ҳали улар менга берган навбатдаги туҳматли зарбалари яраси ҳали битмай туриб, яна “аноним шахснинг гапларига таяниш – журналистика тамойилларига тамоман зид” деб иддао қиладилар.
Мен-ку ўзим билан ҳамкорлик қиладиган инсонларнинг қадр-қимматини ҳимоялайман ва уларнинг хатолари учун кечирим сўрашга тайёрман.
Сизлар-чи, “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”нинг матбуот бўйича масъуллари, сизлар менга қилган туҳматларингиз учун қачон кечирим сўрайсизлар?
Мўътабар Тожибоева
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари
Fikr bildirish