Қирғизистон жанубида “Дания черков ёрдами” ташкилоти ходими жаримага тортилди

13 март куни Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш шаҳар бошқармаси ходимлари шаҳар аэропортида “Дания черков ёрдами” ташкилотининг ходими Фредерик Фаустни тутиб, унга икки минг сўм миқдорида жарима солдилар.

Бу ҳақда 14 март куни Қирғизистондаги Kloop.kg веб-сайти ўшлик журналист Шоҳруҳ Соипов сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

“Дания черков ёрдами” ташкилотининг қуролсизлантириш бўйича эксперти Фредерик Фауст 13 март куни кечаси Ўш шаҳри аэропортининг кутиш залида Бишкекка учиш вақтини кутиб турган пайтда тутиб кетилган. Эксперт билан учрашган журналист Шоҳруҳ Соипов ҳам Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш шаҳри бошқармасига сўроқ қилиш учун чақиртирилган.

– Мени 40-50 дақиқа давомида сўроқ қилишди, сўнг эса қўйиб юборишди, – деди Шоҳруҳ Соипов “Жараён”га.

Унинг айтишича, Қирғизистон махсус хизматлари Фредерик Фаустни Ўш шаҳри аҳолисини миллатлараро низога провокация қилганлик ва ёлғон ахборот тарқатганликда гумонламоқда.

– Терговчи менга берган ҳужжатда Фредерик Фауст Ўшда ўзбеклар жамиятининг фаоли билан учрашгани ва унга халқаро ташкилотлар Қирғизистондаги ўзбеклар манфаатларини ҳимоя қилишини ваъда қилгани ёзилган, – дейди Шоҳруҳ Соипов Фредерик Фаустнинг ўзбеклар жамияти фаоли билан учрашган-учрашмагани ўзига номаълумлигини қўшимча қиларкан.

Шунингдек, у Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш шаҳри бошқармаси ходимлари “Дания черков ёрдами” ташкилоти вакили мамлакатда туристик виза асосида юргани учун унинг маҳаллий аҳоли билан ўтказган суҳбати ва сўровномалари ноқонунийлигини таъкидлашганини айтади.

Фредерик Фауст 13 март куни тунги соат 24 ларда олти соатли сўроқдан сўнг қўйиб юборилган – бундан ташқари, Фаустга 2000 сўм (тақрибан 36 АҚШ доллари – “Жараён”) миқдорида жарима ҳам солинган. Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш шаҳри бошқармасидан қўйиб юборилгач, халқаро ташкилот вакили бўлмиш Фредерик Фауст Бишкекка учиб кетишга муваффақ бўлган.

“Дания черков ёрдами” ташкилоти 2010 йили Қирғизистон жанубида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида содир бўлган миллатлараро тўқнашувлардан сўнг Ўшда тинчлик ўрнатиш билан шуғулланиб келаётган халқаро ташкилотлардан биридир.

Бундан ташқари, Kloop.kg веб-сайти “Дания черков ёрдами” эксперти бўлмиш Фредерик Фаустнинг Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Ўш шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олингани Ўшда халқаро ташкилот вакилининг этник ўзбеклар билан суҳбатлашганидан сўнг тутиб кетилиши бўйича ягона ҳолат эмаслигини ҳам таъкидлаб ўтади.

Сайтнинг ёзишича, бир йил муқаддам Қирғизистон жанубида махсус хизматлар Ўшдаги этник ўзбеклар билан суҳбатлашгани учун Халқаро инқироз гуруҳи ходими Конор Прасадни ҳам ҳибсга олишганди. Кейин махсус хизмат ходимлари Прасадни “миллатлараро зиддият қўзғашда айблашган”.

Бироқ Халқаро инқироз гуруҳи раҳбарияти Конор Прасадга билдирилган айбловларни тамоман рад қилиб, махсус хизмат ходимлари билан судлашишини эълон қилгач, Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси мазкур ташкилот таҳлилчисига билдирган айбловлар бўйича унга нисбатан жиноий иш қўзғаш ниятидан қайтганди.

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.