CPJ: Қирғизистон Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт моддаларини тўхтовсиз бузиб келмоқда

Бугун Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг икки кунлик сессияси бошланиб, унда Қирғизистон делегациясининг Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактга риоя қилиниши юзасидан ҳисоботи тингланади.

Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бу мамлакатда инсон ҳуқуқларининг таъминланишига оид вазият бўйича ўз қарашларини эълон қилди.

10 март куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг икки кунлик сессияси бошланиб, унда Қирғизистон делегациясининг Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактга риоя қилиниши юзасидан ҳисоботи тингланади.

Мазкур Пактни имзолаган ҳар бир мамлакат делегацияси ҳар тўрт йилда бир марта БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига ўз ҳисоботини топширади. Сўнгги марта Қирғизистон бу каби ҳисоботни БМТга 2010 йилнинг май ойида топширган.

Сессиянинг биринчи куни қўмита халқаро экспертлари Қирғизистондаги ноҳукумат ташкилотлари ва мамлакат расмийлари томонидан тайёрланган миллий ҳисоботни тинглайдилар. Иккинчи куни эса ҳисоботчилар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзолари саволларига жавоб берадилар.

Бу орада 10 март куни қароргоҳи Нью-Йоркда бўлган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ташкилот сайтида Қирғизистон расмийлари томонидан Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт моддаларига нақадар риоя қилаётганлари бўйича ўз қарашларини эълон қилди.

CPJ экспертлари фикрича, Қирғизистон Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт моддаларини тўхтовсиз бузиб келмоқда.

«Журналистларга ҳужумлар; журналистларнинг ўлими, шу жумладан, журналист Алишер Соипов ўлими текширилишидаги жазосизлик, «Фергана News» янгилик сайтининг тўсиб қўйилиши; оммавий ахборот воситаларининг ўзбек миллатига мансуб эгалари, жумладан, «МезонТВ» телеканалидан бўлган Жавлон Мирзахўжаев ва «ЎшТВ» телеканалидан бўлган Халил Худойбердиев таъқиб қилинишининг сиёсийлаштирилгани, шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ҳамон қамоқда қолаётгани – Қирғизистондаги матбуот эркинлиги иқлимини бузаётир», деб ёзади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари.

Бир неча инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва журналистларни ҳимоя қилиш гуруҳлари, шу жумладан, СPJ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитага Қирғизистондаги аҳвол бўйича ўз ҳисоботини тақдим қилиб, унда БМТни Пакт моддаларини бузганлик учун Қирғизистонни жавобгарликка тортишга чақирганлар.

Мазкур ҳисоботда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ҳисоботлари учун ўч ўлароқ Қирғизистон суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган жалолободлик мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров билан боғлиқ ҳодисага ҳам урғу берилади.

«Асқаров иши Қирғизистон расмийлари томонидан Фуқаровий ва сиёсий эркинликлар тўғрисидаги Халқаро Пакт айрим моддаларининг, шу жумладан, 7-моддаси («Қийноқ ва аёвсиз муомаланинг бошқа турлари маън қилиниши тўғрисида»), 9-моддаси («Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш тўғрисида»), 10-моддаси («Маҳбуслар билан инсонпарварларча муомалада бўлиш тўғрисида»), 14-моддаси («Адолатли судлов имкониятидан фойдалана олиш тўғрисида») ва 19-моддаси («Сўз эркинлиги тўғрисида») кабиларнинг бузилишига яққол мисол бўла олади», деб ёзади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси.

Бундан ташқари, СPJ вакиллари оммавий ахборот воситаларига қарши жиноятлар жазосиз қолаётгани ҳамда танқидий кайфиятдаги журналистлар ва хабар агентликларининг адолатсиз равишда таъқиб қилинаётгани Қирғизистон мустақил матбуот учун хавф-хатарнинг совуқ даракчиси бўлиб хизмат қилаяпти, деб ҳисоблайдилар.

СPJ таҳлилчиларига фикрича, бунинг натижасида оммавий ахборот воситалари ҳукуматдаги ваҳшат солувчи коррупция ҳамда кенг қулоч ёйган инсон ҳуқуқларининг бузилиши каби нозик масалаларда қамровни чеклашга мажбур бўладилар, бу эса Қирғизистон жамияти манфаатлари йўлида маҳаллий аҳоли ва халқаро ҳамжамиятни янгиликлардан бохабар бўлиш ҳуқуқидан моҳиятан маҳрум қилади.

Эслатиб ўтамиз, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йили қабул қилинган ва ўн йилдан кейин кучга кирган. Қирғизистон мазкур Пактга 1994 йилнинг 7 октябрида қўшилган. Бугунги кунда жаҳондаги 167 та давлат Пакт иштирокчиси бўлиб ҳисобланади.

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.