Тожикистонлик ҳуқуқ фаоли ЕИдан бошпана сўради
Тожикистон қамоқхоналарида қийноқлар қўлланилишига қарши кураш коалицияси раҳбарларидан бири Маҳмурод Одинаев Европа Иттифоқининг Тожикистондаги ваколатхонасига мурожаат қилиб, сиёсий бошпана берилишини сўради.
Маълумотларга кўра, Маҳмурод Одинаев ЕИнинг сиёсий масалалар бўйича Тожикистондаги вакили Иштван Нитрай билан учрашиб, мамлакат махсус хизматлари доимий таъқиби остида қолаётганини маълум қилган.
– Иштван Нитрай жаноблари билан учрашув чоғида полиция ва махсус хизматлар таъқибига учраётганим ва бунинг ҳаётимга таҳдид солаётганини айтдим. Ундан менга Европа мамлакатларининг биридан сиёсий бошпана берилиши учун амалий ёрдам кўрсатишини сўрадим.
Аммо ЕИ вакили сиёсий бошпана бериш масаласи ўз идорасининг вазифасига кирмаслигини ва бу масалада Германиянинг Душанбедаги элчихонаси билан маслаҳатлашишини билдирди, – дейди тожикистонлик ҳуқуқ фаоли Маҳмурод Одинаев.
Душанбе шаҳрига қўшни бўлган Ҳисор туманида яшовчи Маҳмурод Одинаев пойтахтдаги биринчи қамоқхонада қийноқларга тутилган маҳбус Суннатулло Ризоевнинг отаси.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг сентябрида мазкур қамоқхонада бошқа бир маҳбус – Ҳамза Икромзода қийноқлар туфайли жон бергани қатор халқаро ташкилотлар томонидан қораланган эди.
Маҳмурод Одинаевнинг ўғли Суннатулло Ризоев маҳбус Ҳамза Икромзода айнан қийноқлар ортидан ҳалок бўлгани борасида ҳуқуқ фаолларига ва бу иш юзасидан тергов бошлаган прокуратура ходимларига кўрсатма бергани учун қамоқхона нозирлари томонидан қийноққа солинганини айтган эди.
Ўғлининг ҳимояси учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига маълумотлар берган Маҳмурод Одинаев кейинчалик Душанбе шаҳридаги қийноқларга қарши ташкилотлар билан ҳамкорлик қила бошлаган.
Жорий йил бошида маҳаллий матбуотга берган интервьюсида у республика қамоқхоналаридаги қийноқларга қарши кураш коалициясида фаолият юрита бошлаганини маълум қилган.
Шундан сўнг Тожикистон полицияси ва махсус хизматлари томонидан Маҳмурод Одинаев ва унинг яқинлари устидан таъқиб-тазйиқ кучайган.
Маҳмурод Одинаевнинг ўғли Суннатулло Ризоев Тожикистон Жиноят Кодексининг “безорилик” моддаси билан айбдор деб топилиб, 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Маҳбус Ҳамза Икромзода ўлими билан боғлиқ маълумотлар Интернетга сизиб чиқа бошлагач, Суннатулло Ризоевга дохил яна 52 нафар маҳбус Душанбе қамоқхонасидан Хўжанд шаҳар қамоқхонасига этап қилинган эди. Айни пайтда Суннатулло Ризоев Хўжанд шаҳар қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда.
Маҳмурод Одинаевнинг айтишича, қийноқлар боис ўғлининг соғлиғи анча ёмонлашган.
Тожик ҳукуматини маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллашни тўхтатишга даъват этиб келаётган ҳуқуқ фаоли Маҳмурод Одинаев ЕИ вакили билан суҳбатдан сўнг БМТнинг Тожикистондаги қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигига ҳам ариза билан мурожаат қилганини қўшимча қилди.
ЕИ ва БМТнинг Душанбе шаҳридаги вакиллари Маҳмурод Одинаевнинг Европа мамлакатларидан биридан сиёсий бошпана олишга оид мурожатини тасдиқламаганлари баробарида инкор ҳам қилмадилар.
Маҳмурод Одинаев ўтган йил ёзида Ҳисор туманида яқинлари қийноққа солинган фуқаролар иштирокида норозилик намойиши ўтказишни режалаштиргандан кейин Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасига олиб кетилган эди.
Сўнгги марта шу йилнинг 28 февралида Ҳисор туман милиция ходимлари Маҳмурод Одинаевнинг аёлини участка бўлимига олиб борган ва бир неча соат давомида сўроқ қилган.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish