– Январь ойида Меҳринисонинг эри уни қамоқхонага бориб кўрган. Унинг бачадонида миома бор экан. Эри сўнгги пайтларда Меҳринисонинг аҳволи ёмонлашганини, қорни беш-олти ойлик ҳомиласи бор аёллардай катта бўлиб, шишиб кетганини айтди. У тез-тез ҳушидан кетиб қолаётган экан.
Шунга қарамай, у февраль ойида қилиниши керак бўлган зарур операциядан бош тортаётган экан. Меҳринисо қаттиқ қўрқаётган, операциядан кейин қамоқхонага қайтаришса, аҳволи янада оғирлашиши, қон кета бошлаши мумкинлигини айтаётган экан. Шунинг учун у тиғ остига ётиб, қамоқхонада ўлиб қолишдан қўрқаяпти, – дейди Маҳбуба.
Аёлнинг айтишича, Меҳринисо Ҳамдамованинг яқинларига ҳар уч ойда бир Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 64/1-аёллар колониясида (Бу жазони ўташ муассасаси Ўзбекистондаги ягона аёллар қамоқхонаси бўлиб ҳисобланади – “Жараён”) уни зиёрат қилишга рухсат бериларкан.
– Ҳар уч ойда бир қариндошлари Меҳринисони кўргани боришади, уларга икки кунлик учрашув беришади. Адашмасам, кейинги учрашув шу йилнинг 17 апрелида бўлиб ўтиши керак. Ҳозирча биз унинг аҳволини оз-моз енгиллаштириб турадиган айрим дори-дармонларнигина етказиб бериб турибмиз. Биз унинг аҳволидан қаттиқ хавотирдамиз ва кейинги учрашув пайтида уни операцияга кўндиришга ҳаракат қиламиз, – дейди Меҳринисо Ҳамдамованинг қариндоши Маҳбуба.
Қароргоҳи Парижда бўлган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари, касбий фаолияти ва фуқаровий позицияси учун 2006 йили 8 март арафасида саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган ва бир ярим йил ўзбек қамоқхонасида ўтирган собиқ сиёсий маҳбуса Мўътабар Тожибоева Меҳринисо Ҳамдамованинг зарур гинекологик амалиётдан чўчиётгани бежиз эмас, деб ҳисоблайди.
– Меҳринисо Ҳамдамова Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг аъзоси ва диний отинча сифатида Ўзбекистон ҳукуматининг қаттиқ назоратида туриши табиий. Аёллар қамоқхонасида бошқа қамоқхоналарда бўлгани каби ҳуқуқ фаоллари ва диний эътиқоди учун қамалган маҳкумаларга нисбатан салбий муносабатда бўладилар.
Бошқа маҳкумаларнинг улар билан мулоқот қилишларига тўсқинлик қилинади. Бошқа маҳкумаларга кўрсатилаётган медицина ёрдами ҳам “қора рўйхат”даги маҳкумаларга қўлланиши қийин. Уларни соғлиғи жуда ёмонлашган пайтларда ҳам ишлаб чиқариш зонасига мажбурий тарзда олиб чиқишади ва оғир ишларни бажаришга мажбур қилишади.
Эсимда, 2006 йилнинг июль ойида аёллар қамоқхонасига борган пайтимда диний эътиқоди туфайли қамалган аёл (исми Муслима эди шекилли) саратон касали билан оғригани ва ўша пайтда касалликнинг охирги стадиясини бошидан кечираётгани, уни қамоқхонанинг медсанчастида сақлаётган бўлсалар-да, оғриқ қолдирувчи ва бошқа керакли муолажаларни қилмаётганлари ҳақида маҳкумалардан эшитгандим.
Кейинчалик у аёлни ўз кўзим билан кўргандим ҳам. Озиб-тўзиб кетган, гапиришга ҳам мажоли йўқ бу маҳкума бошини аранг қимирлатиб саломлашганди ва “Кўрмайсизми, ҳозирги аҳволимни кўра-била туриб, актировать қилишни (қамоқдан муддатидан олдин озод қилишни демоқчи – “Жараён”) исташмаяпти. Мен қамоқхонада ўлим топишни истамасдим, лекин Оллоҳнинг иродаси шу шекилли”, деганди.
Орадан яна бироз вақт ўтгач, Муслиманинг аҳволи янада оғирлашди. Унинг умри поёнига етаётганига ишонч ҳосил қилганларидан кейингина докторлар келиб, уни текширувдан ўтказишди ва касали оғирлигини инобатга олиб, озодликка чиқариш ҳақида комиссия хулосасини беришди ва Муслимани оила аъзоларига топширишди.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас яқинлари билан учрашувга чиққан диний маҳкумалардан бири Муслима олиб кетилганининг эртасига вафот этгани, уларнинг хонадонига махсус хизмат вакиллари бориб, бирор жойга шикоят қилмасликни, маълумот тарқатмасликни, акс ҳолда, ўзларига ёмон бўлишини уқтирганлари ҳақида гап топиб келди.
Шу ўринда аёллар қамоқхонасидан “ўта оғир касаллиги учун” озод қилинган яна бир маҳкума ҳақида ҳам айтиб ўтишни истардим. Муслиманинг ўлар куни яқинлашишини кутган шифокорлар сиёсий маҳкумларга нисбатан шу каби ғайриинсоний муносабатда бўлиш билан бир қаторда, моддий манфаат йўлида мутлақо соғлом маҳкумани “ўлими яқин” деб, озод қилиш ҳақида хулоса беришлари ҳам мумкин.
Суҳбатлардан билдимки, наркотик савдоси билан шуғулланиб, жазо муддатини ўтаётган Туниса опага докторлар «ўладиган вақти яқинлашиб қолган ўта оғир касал» деб хулоса берганлар ва у шу хулосага асосан қамоқдан озод қилинган. Озод қилинганидан 3 ой ўтар-ўтмас у 10 килограмм наркотик модда билан яна қўлга олинган.
“Ахир мени муддатдан олдин озод қилишлари, “ўлиш вақти яқинлашган” деб, ҳужжат расмийлаштиришлари учун комиссия аъзоларига, ГУИНга, прокуратурага ва қанчадан-қанча амалдорларга жарақлатиб санаб берган бўлсак “кўк”идан. Мени озод қилишлари эвазига “аёллар қамоқхонасига” деб, холодилниклардан тортиб пардаларгача, “ГУИНга техникалар сотиб олишлари учун” деб, олийгоҳ ректори бўлган ўғлимни соғиб ташлашди-ку.
У сарфлаган маблағлар ўрнини қоплаш, озодликка чиқишимга кўмак берган амалдорларга ҳар ойлик тўловларни тўлаб туриш учун нима қилишим керак эди? Кетмон билан ер қазиб, деҳқончилик қилишим керакмиди? “Бер, бер” деб турувчиларга улар сўраган суммани етказиб бериш учун ҳам эски касбимга қайтишга мажбур бўлдим. Энди яна ўғлимни соғиб ейдиган бўлдилар”, дерди Туниса опа унинг олдига келиб, ҳол-аҳвол сўраётган Тоштурма ходимларига.
Мана шу икки мисол яққол кўрсатиб турибдики, Меҳринисо Ҳамдамованинг соғлиги қанчалар даражада оғирлашмасин, унга етарли медицина ёрдами кўрсатмайдилар ва соғлиги ёмонлиги сабабли жазодан озод қилмайдилар. Шунинг учун бу аёлнинг аҳволи оғирлиги учун уни озод қилиш талаби билан чиқа бошлашимиз ва бу масалага ғарб сиёсатчилари эътиборини қаратишимиз керак, деб ўйлайман, – деди “Жараён”га ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январь ойи охирида қаршилик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева “Жараён”га Меҳринисо Ҳамдамованинг оиласи яшайдиган маҳаллада унинг аёллар қамоқхонасида қазо қилгани ҳақида миш-мишлар тарқалганини маълум қилганди.
Бироқ кейинчалик Европада истиқомат қиладиган ва Меҳринисо Ҳамдамованинг оиласи билан яхши таниш бўлган ўзбек қочқинларидан бири “Жараён”га Ҳамдамованинг қазо қилганига оид миш-мишлар ёлғонлигини айтган.
Кейинроқ Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов журналистларга февраль ойи бошида Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) раис ўринбосари Эркин Бобоқулов билан учрашгани, у маҳкума Меҳринисо Ҳамдамова қазо қилганига оид маълумотни рад этиб, аёлнинг “соғ-саломат” эканини билдирганди.
Шундан сўнг ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов оммавий ахборот воситалари вакилларига аёллар қамоқхонасидаги Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Шаҳло Раҳматова ва Мўътабар Ғофурова каби маҳкумаларни зиёрат этишга изн сўраб, 2014 йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ бошлиғи номига мурожаатнома йўллаганини маълум қилганди.
– Мақсадимиз – уларнинг соғлиғи, қамоқхонада қандай сақланаётганини ўрганиш ва улар билан суҳбат ўтказиш, – деганди ўшанда Суръат Икромов.
Бироқ ўзбекистонлик сиёсий маҳбусаларни қамоқхонага бориб кўриш учун ҳуқуқ фаоли ЖИЭББ раҳбариятидан рухсат ололдими-йўқми – ҳозирча маълум эмас.
Қашқадарёлик муслима Меҳринисо Ҳамдамова 2006 йили Китоб шаҳридаги Хожа Бухорий номидаги ўрта-махсус диний билим юртини тамомлаган, 2007 йили у “Исломшунослик” бўйича махсус курсдан ўтган.
Орадан бироз вақт ўтгач, Ҳамдамова Ўзбекистон Мусулмонлар диний бошқармаси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Қашқадарё вилоятидаги аёллар билан ишлаш бўйича масъул ходим Ш. Каромова тавсияси билан Қаршидаги “Кўк гумбаз” масжидига аёллар ва ёшлар билан ишлаш учун тайин қилинган, шунингдек, аёл маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланиб келган.
2009 йилнинг ноябрь ойида Қаршида диндор аёллар ёппасига ушлаб кетилган, 30 га яқин муслима Қашқадарё вилоят милицияси ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибс этилган. Меҳринисо Ҳамдамова ҳам 2009 йилнинг 5 ноябрь куни ўта хавфли жиноятчи каби қўлга олинган. Ушланганлар орасида масжид ходимаси Меҳринисо Ҳамдамованинг қариндошлари, опа-сингиллари ва жиянлари кўп эди.
2010 йилнинг 12 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди уч муслима, шу жумладан, Меҳринисо Ҳамдамовани “конституциявий тузумга тажовуз қилганлик” ва “жамоат хавфсизлигига таҳдид солганлик” учун узоқ йилга озодликдан маҳрум қилган. Меҳринисо Ҳамдамова 7 йилга, унинг опаси Зулхумор Ҳамдамова ва қариндоши Шаҳло Раҳматова 6,5 йилданга қамалган.
Жаҳондаги нуфузли ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари расмийлар томонидан уйдирилган айбловлар бўйича озодликдан маҳрум қилинган ва адолатсиз равишда ўзбек қамоқхоналарида жазо ўтаётган сиёсий маҳбуслар рўйхатига Меҳринисо ва Зулхумор Ҳамдамовалар ҳамда Мўътабар Ғофурова каби маҳкумаларни ҳар йили киритиб келадилар.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish