Тожикистонда яна бир маҳбус қийноқдан ўлди
Тожикистоннинг Вахш туман ички ишлар бўлимида бир кеча-кундуз давомида тергов қилинган 27 ёшли Низомиддин Ҳомидовнинг жасади яқинларига топширилди.
Воқеа шу йилнинг 30-31 март кунлари рўй берган. Аммо марҳумнинг отаси Жунайд Ҳомидов жамоатчиликни воқеадан 7 апрел куни хабардор қилган.
61 ёшли Жунайд отанинг айтишича, 30 март куни Вахш туман милиция ходимлари ўғлини ўғирлик содир этганликда гумонлаб, бўлимга олиб кетган.
– Туман ички ишлар бўлим вакиллари эртаси куни эрталаб уйимга келиб, ҳеч бир ҳужжатсиз тинтув ўтказишди. Ўғлим айнан нима ўғирлаганини мен ҳозиргача билолмадим, – деган отахон Россиядан меҳнат муҳожирлигидан қайтган ўғли Низомиддин қўлга олинишидан аввал туман санэпидемстанциясида ишлаганини қўшимча қилди.
7 апрел куни тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган Жунайд Ҳомидов туман ички ишлар бўлимида тергов қилинган фарзанди Низомиддин айнан қийноқлар боис ҳалок бўлганини гапирган.
– Ўғлимни охирги марта 1 апрелга ўтар кечаси врачлар тирик кўришган ва милиционерларга унинг саломатлиги ўта ёмонлигини, уни зудлик билан шифохонага олиб боришни айтишган… Ўлдиришди, аммо ўша куни менга жасадни беришмади. ИИБ биноси ёнида бир неча соат турдим, аммо ўғлимни кўриш насиб қилмади, – дейди марҳумнинг отаси Жунайд Ҳомидов.
Отахон ўғлининг жасадини қабул қилиб олганда унда қийноқ излари аниқланганини айтади.
– Ўғлимнинг танасида қийноқ аломатлари бор: қовурғаси синган, орқаси, билаклари ва бўйни кўкарган. Мен бу изларни олтита дискка ёзиб олдим, уларни республика тегишли идораларига тарқатаман, милиционерлар ўз қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришлари керак. Улар ўғлим ўзини осганини иддао қилишмоқда. Гўё у вақтинча сақлаш камерасида майкаси билан ўзини осган эмиш. Ахир одам майка билан ўзини оса оладими? – дея савол ташлайди Жунайдулло Ҳомидов.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари воқеадан маҳаллий матбуот орқали хабардор бўлганларини, аммо қисқа вақт ичида ҳодиса ўрганилиб, матбуот анжумани берилишини билдирганлар.
Вахш туманида яшаган Низомиддин Ҳомидовнинг ўлими билан боғлиқ ҳодисага аниқлик киритиш мақсадида туман Ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилдик, аммо уринишларимиздан натижа чиқмади.
Душанбе шаҳридаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш бюроси вакиласи Парвина Наврўзованинг маълум қилишича, 7 апрел куни Вахш туман фуқароси Жунайд Ҳомидов 27 ёшли фарзанди милиция бўлимида қийноқлар боис вафот этганидан шикоят қилган.
– Бизга мурожаат этган шахс ўз аризасига фарзандининг баданида аниқланган қийноқ излари акс этмиш видеотасвирни ҳам илова қилган. Аммо биз тафтиш ўтказмай туриб, гумонланувчи айнан нима сабабдан ўлгани ҳақида аниқ бир фикр айта олмаймиз, – дея билдирган Парвина Наврўзова.
Айни пайтда мазкур марказ Низомиддин Ҳомидов ўлими билан боғлиқ ҳолатни атрофлича ўрганиш учун ўз вакилини Вахш туманига сафарбар қилгани билдирилди.
Ҳомидовлар оиласи кам таъминланган оилалардан бўлгани боис барча ҳуқуқий хизматлар, жумладан, адвокат ёллаш учун харажатларни ҳам марказ ўз зиммасига олиши айтилди.
Жорий ҳафта бошида Жунайд Ҳомидов Тожикистон Бош прокуратурасига ҳам ариза билан мурожаат қилиб, фарзандининг ўлимида айбдор шахсларни аниқлаш ва қонун доирасида жазолашни илтимос қилган.
Тожикистонда яна бир гумонланувчи тергов чоғида жон таслим қилди, аммо бу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва республика қамоқхоналарида вазият ўтган йилларга нисбатан анча яхшиланганини иддао қилаётирлар.
Тожикистонлик ҳуқуқ фаоллари тарқатган маълумотларга кўра, сўнгги уч йил мобайнида ўнга яқин гумонланувчи тергов чоғида ва яна олти маҳкум жазони ўташ муассасасида айнан қийноқлар туфайли жон таслим қилганлар.
Ҳамза Икромзода, Сафарали Сангов, Исмоил Шодиев, Хуршед Бобокалонов, Баҳромиддин Шодиев, Умеджон Тожиев шулар жумласидандир.
Қийноқ қурбони бўлгани айтилаётган Исмоил Бачажонов, Сафарали Сангов ва Баҳромиддин Шодиевнинг яқинлари ҳуқуқ-тартибот идораларидан етказилган зарар учун товон ундирган, холос. Қолган жабрланувчи оилалар эса маҳкамага мурожаатларидан натижа чиқмагани, айбдорлар ҳамон озодликда қолаётганларини айтмоқдалар.
Тожикистонлик кузатувчилар мамлакатда маҳбус ва маҳкумларга нисбатан қийноқ қўллаш ва ғайриинсоний муносабатда бўлиш ҳолатлари тобора авж олаётганини қайд этадилар.
Гарчи Тожикистон парламенти 1995 йилда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини ратификация қилган ва бу мамлакат Жиноят Кодексига қийноққа қарши махсус содда киритилган бўлса-да, таҳлилчиларнинг айтишича, бу йўналишда яхши натижаларга эришилмаган.
Amnesty International (Халқаро амнистия) инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз йиллик ҳисоботларида Тожикистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқ, калтаклаш ва бошқа кўринишдаги ғайриинсоний муносабат “одатий тус олган”ини таъкидлаб келади.
Жумладан, ташкилотнинг 2012 йили эълон қилинмиш “Вайрон қилинган умрлар: Тожикистонда қийноқ ва ғайриинсоний муносабат” номли ҳисоботида Тожикистон қамоқхоналарида маҳкум танасига электр токи юбориш, қайноқ сув қуйиш, бўғиш, калтаклаш, сигарет билан куйдириш, жинсий зўрлаш, жинсий зўрлаш билан таҳдид қилиш каби қийноқ усуллари ишга солиниши қайд этилган.
Amnesty International экспертларига кўра, Тожикистон расмийлари қийноқларга оид хабарлар юзасидан тегишли тарзда текширув ўтказмайдилар.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish