5 апрель куни «Жараён» журналисти билан суҳбат чоғида Дилмурод Саййиднинг укаси Обид Саидов акасининг хати ва шеърларини унга танишларидан бири берганини айтди.
«Бугунга битта янгилик фақат манга нарушение қўйишди, шу холос. Агар шу холос бўлмаганда эди, 19 февраль куни охирги нарушением ечиларди. Шунда агар соғлик йўл қўйса, очиққа чиқиш, колоние-поселениега чиқарилишим мумкин бўлар эди. Майли, бунақа ҳолат қамалганимдан, аниқроғи, Каттақўрғон турмасидан бошланган, яна қанча давом қилади – билмадим», деб ёзади Дилмурод Саййид 15 февраль кунги хатида.
Обид Саидовнинг айтишича, у Қарши колониясидаги акасининг зиёратига сўнгги бор шу йилнинг 27 мартида борган.
– Менга у билан бир суткалик учрашув беришди. Акамнинг аҳволи ёмон эмас. Оз-моз ишлаб турганини, иши оғир эмаслигини айтди, – дейди Обид Саидов.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январь ойида Обид Саидов «Жараён» журналистига акаси Дилмурод Саййиднинг соғлиғи ёмон экани ва буни эътиборга олган ҳолда, расмийлар уни тез орада озод қилишларига умид қилаётганини айтганди.
– Ҳозир акамнинг бутунлай руҳи тушиб кетган ва ўзининг амнистия бўйича озодликка чиқишига мутлақо ишонмай қўйган. Доим касал онаси, ҳалок бўлган хотини ва қизи ҳақида ўйлайди. Учрашувларимизнинг бирида акам ўзи учун ҳаёт тугагани айтиб, менга видо хатини ҳам берганди, – деганди ўшанда «Жараён» журналистига Обид Саидов.
Бироқ эндиликда Дилмурод Саййиднинг ўзи ҳам, яқинлари ҳам унинг тез орада қамоқдан озод бўлишига мутлақо умид қилмай қўйганлар.
– 13 февраль куни унга яна нарушение беришибди. Турма ходимлари уни «Обедга бормай, баракда ўз ишларим билан машғул бўлдим» деб ёзиб беришга мажбур қилишибди. Шундан кейин улар акамга: «Бизни тўғри тушунинг, сиздан шундай тушунтириш хати олиш ҳақида бизга юқоридан шунақа буйруқ келди», дейишибди.
Дилмурод ҳам, биз ҳам уни амнистия асосида озод қилиб юборишларига ёки манзил-колонияга ўтказишларига жуда умид қилиб тургандик. Аммо расмийлар касал акамни яна бундай имкониятдан маҳрум қилдилар, – деди “Жараён”га қамоқдаги ўзбек журналисти Дилмурод Саййиднинг укаси Обид Саидов таассуф билан.
Ҳозир Дилмурод Саййид Қарши шаҳридаги колонияда қамоқ жазосини ўтамоқда. Журналист сил касалига чалинган. Аввал у Навоийдаги силга чалинган маҳкумлар учун мўлжалланмиш колонияда сақланганди. Бироқ кейинчалик у олдинига «Сангород»га (Тошкентдаги УЯ 64/18 қамоқ касалхонаси – «Жараён»), сўнгра эса Қаршидаги ишчи колониясига ўтказилган.
Ўзбекистонлик мустақил журналист Дилмурод Саййид 2009 йили 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Расмийлар уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш, қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйишда айблаганлар. Маҳкама чоғида журналист ўзига қўйилган айбловларни батамом инкор қилган.
Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Дилмурод Саййидга нисбатан қўзғатилган жиноий иш уйдирилгани ва у касбий фаолияти туфайли қамоққа олинганини айтиб келадилар. Чунки Дилмурод Саййидга қарши гувоҳлик берган кишиларнинг бир қисми ҳукм ўқилгач, ўз кўрсатмаларидан воз кечган бўлсалар, бошқа бир қисми кўрсатмаларни ўзбек махфий хизматлари босими остида берганларини маълум қилганлар.
2009 йили Дилмурод Саййид жазо муддатини ўтаётган пайтда унинг 34 ёшли рафиқаси Барно Жуманова ва 6 яшар яккаю ягона қизи Рухшона автоҳалокат туфайли нобуд бўлганлар. Ўшанда журналистнинг хотини ва қизи у билан учрашиш учун Тошкентдан Навоийга кетаётган бўлганлар.
Ҳозир Дилмурод Саййиднинг озод бўлишини унинг укаси ва 9 май куни 89 ёшга кирадиган касал онаси кутаяпти.
«Жараён» таҳририяти Дилмурод Саййид томонидан шу йил февралида ёзилган ҳамда унинг дўстлари ва ҳамкасбларига йўлланган шеърларни қуйида муштарийлар эътиборига тақдим этади.
Барча дўстларга салом!
Мени холис тушуниб, холисона руҳий-маънавий қўллаб-қувватлаётганларга самимий ташаккур айтаман. Гарчи ўзим қамоқ жойларда, озодликдан маҳрум бўлсам-да, менинг аҳволим ва камтарона ижодимга эътибор кўрсатилаётганлиги менга суянч бўлмоқда, юрагимда куч-ишонч оширмоқда. Мен озодликдан маҳрум шароитдаман, бу руҳий-ижодий жиҳатлардан ҳам маҳрумлик эмас!
“Тасалли”
Балки сабрим етар,аммо умримга ҳеч кафолат йўқ,
Умид бордир шуъла янглиғ,лек шуълада ҳарорат йўқ.
Ярим асрий ҳаёт кўрдим, сафо кўрдим, жафо кўрдим,
Қаро чизмак бўлди кимдир, бироқ манда хижолат йўқ.
Ҳабиб аҳлин синов этмак яратгандан раво,дерлар,
Дейин шукроналар,мандан ўзига ҳеч шикоят йўқ.
Этиб хотир Чўлпондан то Рауф Парфи,дедим:Бу кун-
Ҳур фикратдан, пок тийнатдан улуғроқ ҳеч ибодат йўқ!..
Эй Дилмурод, умид узма, ёруғ кунларга талпингин,
Ноумидга икки дунё шижоат йўқ, шафоат йўқ!
Яна бир шеърни эса,“Ўттиз саккизинчи йил. Усмон Носир нидоси”деб атадим. Бу бир нечта қисқа шеърлардан иборат бўлиб, шу йил 26-27 январда ёзилган:
-1-
“Юртим!” деб ёнганлар куйиб кетдилар,
“Элим!”деб ёнганни сўйиб кетдилар,
“Оллоҳ!” деб иймонга чорлаган зотлар
Қамоқ деворига қонлари ила
“Мазлум!” дея имзо қўйиб кетдилар!
-2-
Мен-да бир мазлумман,мен оддий маҳкум,
Ҳақиқат истаган, ҳақорат топган,
Қадимдан бор ибрат: “Камбағалниким –
Туянинг устида ҳам кўппак қопган!”
Мен-да бир мазлумман,мен оддий маҳкум…
-3-
Арғумоқлар кўп жаҳонда,мен истаган Саман йўқдир,
Неча байрам,турфа мажлис,дилга хос Анжуман йўқдир.
Етти иқлим,ўн саккиз минг олам васфин айтма, эй,ки-
Бу кун эзгин Юрагимдан ўзга манга Ватан йўқдир!
Бу шеърларни узвий давоми шаклида 9 февраль куни“Усмон Носир нидосига қайтар садо”деган шеърий сатрларни қоғозга туширгандим:
Ноҳақлик битмаган,зулм бор ҳануз,
Қонунни кўр билган Ҳукм бор ҳануз.
Адолат истаган,Адоват топган-
Кишани аламли мазлум бор ҳануз!
Сўз учун бўғзига сиртмоқ қадалган,
Сўз учун қувилган, хоин аталган –
Ижодкор бор ҳануз,битик бор ҳануз-
Асоссиз,исботсиз Сиздек қамалган!
Устоз Усмон Носир!Сизни СИЛ этган
Азоб-ўйлар бу кун менинг елкамда.
Орадан чорак кам бир аср ўтган,
Аммо…Ташхис ўхшаш…Қисмат экан-да!…
Э. Хемингуэй: “Инсонни ўлдириш мумкин, аммо енгиб бўлмайди”, айниқса,у инсон ИЖОДКОР бўлса!
Бу таъкиднинг исботи ҳаётда минглаб топилади:Чўлпон,Абдулла Қодирий, Убайдулла Хўжаев,Усмон Носир…лар! Улар жисмонангина маҳв этилдилар. Лекин руҳан қиёмат қадар тириклар билан ҳамнафасдирлар! …Менга озми-кўпми ижодий салоҳият ато этгани учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтаман!
Дилмурод Саййид. Қарши шаҳри. 2014 йил.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish