61 ёшли Ғанихон Маматхонов белгиланган жазо муддатини тўлалигича ўтаб бўлган. 2014 йилнинг 10 март куни у озодликка чиқиши керак эди, бироқ, аввал хабар қилганимиздек, озодликка чиқиши арафасида ҳуқуқ фаоли колония ички тартибини бузганликда айбланиб, жарима изоляторига ташланган.
Расмийлар ҳалигача Ғанихон Маматхоновнинг яқинларига ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан қўзғатилган янги жиноят иши тўғрисида, мазкур жиноят иши қайси босқичда экани ҳақида, шунингдек, унинг қаерда сақланаётгани ва соғлиғи қандай экани хусусида батафсил маълумот бермаганлар.
Ҳуқуқ фаоли Маматхоновнинг фарзандлари 2014 йилнинг 6 март куни унинг олдига Навоийга келганларидагина колония бошлиғи уларнинг отаси жарима изоляторида эканини ва то суд бўлиб ўтмагунича улар отаси билан учраша олмасликларини айтган. Колония бошлиғи ҳуқуқ фаолининг яқинларига Ғанихон Маматхоновни бошқа колонияга этап қилишларини ва унга яна муҳлат қўшиб беришларини ҳам маълум қилган.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг болалари уйга – Фарғонага қайтганларидан кейин Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судидан хат олганлар. Унда шу йилнинг 4 март куни ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан ҳибсда сақлаш шаклидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани билдирилган. Мазкур хатда яна қуйидагилар ҳам ёзилганди: «Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди Маматхонов Ғанихон Дадахоновични эҳтиёт чораси сифатида уни қамаш ҳақида қарор қабул қилганини маълум қилади».
2014 йилнинг 28 март куни ҳуқуқ фаолининг ўғли Жалолиддин Маматхонов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) девонхонасида бўлган ва отаси ҳақида маълумот тақдим этишни талаб қилган. ЖИЭББ девонхонасида унга фақат отасига нисбатан (тахмин қилинишича, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221-моддаси – «Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлик» бўйича) янги жиноят иши очилганини ҳамда унинг Бухоро шаҳридаги 3-сонли тергов ҳибсхонасига юборилганини маълум қилишган. ЖИЭББда Жалолиддин Маматхоновга отаси янги жиноят иши бўйича судланиб, жазо муддатини ўташ учун бошқа колонияга юборилиши билан ҳуқуқ фаолининг яқинларига бу борада расмий хат жўнатилишини айтишган.
Бу каби такрорий жиноят ишлари расмийлар томонидан фуқаролик жамият вакиллари ва виждон тутқунлари бўлмиш «номақбул» маҳбусларга нисбатан уларнинг қамоқ муҳлатини узайтириш ва жамиятдан янада узоқроқ муддатга ажратиб қўйиш учун қўзғатилиши маълум. Бундай ҳолатда тергов ва суд тезкорлик билан ўтказилади, жиноят ишини ўрганиш ва судланувчини айбдор деб топиш учун судьяга 15-20 дақиқа кифоя қилади.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221-моддаси ўзбек расмийлари томонидан янги жиноят иши уйдириш учун фойдаланилади ва уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазони кўзда тутади.
Ҳозирги пайтда ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг адвокати йўқ. Унинг оиласи адвокат ёллаш учун етарли маблағга эга эмас. Чунки Ғанихон Маматхонов 2009 йили судланганидан кейин маҳаллий расмийлар унинг оиласидан фермерлик қилиб кун кечириб турган ерни тортиб олганлар. Бу ҳам етмагандай, расмийлар ер участкасидан ноқонуний фойдаланганлик баҳонаси билан ҳуқуқ фаолининг фарзандларини давлатга 4 миллион сўм (тақрибан 1500 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима тўлашга мажбур қилганлар.
Бундан ташқари, бизни ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг соғлиғи ҳам қаттиқ хавотирга солаяпти. Ҳали суд ҳукми чиқиб улгурмаган 2009 йилдаёқ у икки марта юрак хуружи билан юзлашганди. Учинчи юрак хуружи у ҳибсхонада ётган пайтда юз берган. Оила аъзолари у билан колонияда бўладиган барча учрашувларга дори-дармонлар олиб келганлар.
Бироқ бу каби учрашувларнинг охиргича бундан беш ой муқаддам бўлиб ўтганди, ўшандан буён Ғанихон Маматхоновнинг яқинлари унга керакли дори-дармонларни етказиб бериш имкониятга эга бўлмаганлар.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Маматхонов қамоқда 4,5 йил ўтирди. Бу муддат унга касбий фаолияти учун уйдирилган жиноят иши асосида берилганди. Маматхонов сиёсий маҳкум бўлиб ҳисобланади ва шунинг учун ҳам у билан боғлиқ вазият алоҳида эътибор талаб этади.
Биз Ўзбекистон расмийларини ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг яқинлари ва ҳамкасбларини унинг вазияти, унга қарши қўзғатилган янги жиноят иши, унинг қаерда сақланаётгани, унинг саломатлиги ҳақида хабардор қилишга чақирамиз. Шунингдек, биз ўзбек расмийларини Ғанихон Маматхоновни зудлик билан озод қилишга чақирамиз, чунки ҳуқуқ фаоли уйдирилган жиноят иши бўйича Ўзбекистон суди томонидан унга тайин қилинган жазо муддатини тўлалигича ўтаб бўлган.
Биз жаҳон ҳамжамияти, халқаро институтларни сукут сақламасликка, инсон ҳуқуқлари учун ҳақиқий курашчи Ғанихон Маматхоновнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирамиз. Ўзбек расмийларининг яна бир ҳуқуқ фаолини узоқ йиллар панжара ортига сақлашига имкон бермаслик керак. Ҳатто айбсиз бўла туриб ҳам у содир этмаган жиноят учун жазо олиб бўлди, шунинг учун ҳам у зудлик билан озод этилиш ҳаққини қозонди.
Ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг тақдирини эътиборсиз қолдирманг. Биз ғарб мамлакатларининг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари ходимларини ўзбекистонлик ҳамкасбларини оғир касал бўлган ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновни зудлик билан қамоқдан озод этишга чақиришга даъват этамиз. Биз Ўзбекистон фуқаровий жамиятининг яна бир жасур вакилининг умр гули панжара ортида сўлишига йўл қўймаслигимиз керак.
Самимият билан,
Мўътабар Тожибоева – «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари (Франция)
Васила Иноятова – Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси (Ўзбекистон)
Париж, Тошкент
2 апрель 2014 йил
Fikr bildirish