Унга кўра, Жазони ижро этиш бош бошқармасида унга отаси Ғанихон Маматхонов яқин кунларда бошқа колонияга этап қилинишини ҳам айтишган.
– Жазони ижро этиш бош бошқармасининг ходими менга ҳозир отамни кўрсатишмаслигини айтди. Шунингдек, у уйга қайтиб, адвокат ёллашимни маслаҳат берди. “Яқинда Ғанихон Маматхоновни бошқа колонияга этап қилишади, кейин уйингизга отангиз қайси колонияга этап қилингани ҳақида хат юборишади. Кейин сиз адвокат ёрдамида у киши билан учрашишингиз мумкин бўлади”, деди менга бошқарма ходими, – дейди Жалолиддин Маматхонов.
Шунингдек, фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг ўғли ҳозирда отасининг соғлиғи борасида ҳам қаттиқ хавотирланаётганини айтиб ўтди.
– Сўнгги маротаба отам билан беш ой аввал кўришгандик. Шунда улар юраклари оғриб тургани ва қон босимлари безовта қилаётганини айтгандилар. Биз ҳар сафар қамоқхонага борганимизда уларга керакли дори-дармонларни олиб борардик. Шундан бери беш ой вақт ўтди, ҳозир тергов изоляторида отамнинг ҳеч қандай дориси қолмаган бўлса керак, – деди Жалолиддин Маматхонов.
Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг 21 март куни Жалолиддин Маматхонов “Жараён”га отаси озодликка чиқиш арафасида рухсатсиз ҳожатхонага чиққани учун жарима изоляторига ташлангани ҳақида маълум қилганди.
Шундан бери ҳуқуқ фаоли шу кунгача сақлаб келинган Навои шаҳридаги колония маъмурияти ва Жиноий ишлар бўйича Навои шаҳар суди Ғанихон Маматхоновнинг қариндошларига у ҳақда маълумот беришдан бош тортиб келаётганди. Ғанихон Маматхоновнинг қариндошлари ҳуқуқ фаоли қамоқда икки маротаба инфарктни бошдан кечиргани сабабли, унинг соғлиғи юзасидан қаттиқ хавотир билдираётгандилар.
61 ёшли фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон Жиноий кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 221-моддаси (“Пора бериш”) бўйича айбдор деб топилиб, 2009 йилнинг декабрь ойида беш йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
2010 йилнинг 5 январь куни эса Фарғона вилоят апелляция суди ҳуқуқ фаолининг ишини қайта кўриб чиқиб, унинг қамоқ муддатини тўрт йил ва беш ойгача қисқартирганди.
Шунингдек, суд Ғанихон Маматхоновни қамоқдан манзил колониясига ўтказиш ҳақида ҳам қарор қабул қилганди. Бироқ ўша йилнинг апрелида ҳуқуқ фаоли манзил колониясидан қайтиб қамоққа ўтказилганди.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева БМТнинг ҳуқуқ ҳимоячилари вазияти масаласи бўйича махсус маърузачиси Мишел Фростга хат йўллаб, ундан зудлик билан ўзбек ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов ишига аралашиш ва унинг озодликка чиқишида кўмаклашишни сўрамоқчи эканини айтди.
Шунингдек, “Жараён”га “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова ҳам фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов ҳақида тўлиқроқ маълумот беришларини сўраб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига хат орқали мурожаат қилимоқчи экани маълум бўлди.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish