Ўзбекистонда сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг соғлиғи ёмонлашди
Бу ҳақда 28 март куни “Озодлик” радиоси хабар қилди.
“Озодлик” радиоси журналисти билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг турмуш ўртоғи Холбека Жўраева умр йўлдоши билан жорий йилнинг март ойи ўрталарида Тошкентдан 32 чақирим шимоли-шарқда жойлашган Чирчиқ шаҳридаги қамоқхонада учрашгани ва эрининг аҳволини кўриб дахшатга тушганини айтиб берган.
– Тишлари тўкилиб бўлган, ҳолсизликдан азоб чекяпти, зудликда тиббий муолажага муҳтож, – деган “Озодлик” журналистига Холбека Жўраева.
Ўтган йилнинг октябрь ойида “Жараён” журналисти билан телефон орқали гаплашган Холбека Жўраева турмуш ўртоғини жуда абгор аҳволда кўрганини айтганди.
Эслатиб ўтсак, ўтган йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи (ЎМҲҲТГ) раҳбари Суръат Икромов Чирчиқдаги 64/6 сонли қамоқхонасида сақланаётган сиёсий маҳбус Мурод Жўраев билан учрашганди.
“Сиёсий маҳбус Мурод Жўраевни биринчи марта кўрганда ҳуқуқ фаолида «ёшига нисбатан анча каттароқ кўринадиган бўлиб қолибди» деган тасаввур пайдо бўлган. Саломатчилиги ҳақида сўзларкан, у 2012 йилдан ўзида гипертоник касаллик аломатлари пайдо бўлгани, қон босими тез-тез 180-120 га қадар кўтарилиб туриши, юраги санчиб оғриётгани, тишлари тушиб кетгани, тишларини даволатишга эҳтиёж сезаётганини айтган”, – дея ёзганди ЎМҲҲТГ матбуот варақчасида ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.
Шунингдек, Суръат Икромов билан колонияда бўлиб ўтган учрашув давомида Мурод Жўраев қамоқда сақланган сўнгги ўн икки йил давомида турли қийноқларга дучор қилингани, ҳусусан, жазо изолятори ва бир кишилик камераларга ташлаб келинганини ҳам айтиб берганди.
Сўнгги бир неча йил давомида Жўраевнинг қариндошлари унинг ҳар йили Конституция куни нишонланиши арафасида эълон қилинадиган амнистияга кўра озод қилинишига умид боғлаб келгандилар.
Аммо Мурод Жўраев озодликка чиқишига оз муддат қолганида унинг жазо муддати уч марта турли баҳоналар билан узайтириб қўйилганди. Масалан, 2003, 2006, 2009 ва 2012 йиллари Мурод Жўраев “қамоқхона ички тартибини бузганлик”да айбланиб, унинг жазо муддати узайтирилганди.
Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Мурод Жўраев 1994 йилнинг 18 сентябрь куни ҳибсга олинган. У ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринганликда айбланиб, 1995 йилнинг март ойида ўзбек маҳкамаси томонидан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Обрўли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари Мурод Жўраевни бир неча йиллардан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқларга солинаётган сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритганлар.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг турли қамоқхоналарида ўзгача фикрда бўлгани учун, касбий фаолияти ва диний эътиқоди туфайли қамоққа олинган юзлаб мухолифатчилар, ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва диндорлар сақланмоқда.
Мубина САФАРОВА
Fikr bildirish