ББС: Андижон қирғини гувоҳи БМТга шикоят қилди
Голландияда бошпана топган Ҳусанбой Рўзиев юзлаб намойишчиларнинг ўлими юзасидан Ўзбекистон ҳукуматидан ҳисоб сўрашни талаб қилган андижонлик биринчи қочқиндир.
Андижон воқеаларининг навбатдаги санаси арафасида тақдим этилган шикоят аризаси Париждаги «Ўтюраклар клуби» инсон ҳақлари ташкилоти ҳамда АҚШда жойлашган «Ҳуқуқий ташаббус-очиқ жамият» гуруҳи томонидан тайёрланган.
Бирлашган Миллатларнинг Женевадаги Инсон Ҳақлари Қўмитасига топширилган аризасида 41 ёшли Ҳусанбой Рўзиев 2005 йилнинг 13 майида Андижонда юзлаб бегуноҳ инсонларининг ўлимига олиб келган воқеаларга гувоҳ бўлгани ва ўзининг Ўзбекистон ҳибсхонасида шафқатсиз қийноқларга тутилгани ҳақида ҳикоя қилади.
Ҳусанбой Рўзиев қонли воқеаларгача «акромий» дея тамғаланган тадбиркорлардан бирининг ун ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат қилган.
У ўз раҳбарига қарши кўрсатмалар бериш учун «даҳшатли қийноқлар»га тутилганини айтади.
У бугунги кунда оиласи билан Голландияда истиқомат қилади.
Ҳусанбой Рўзиев 2010 йилда ўз бошдан кечирганлари ҳақида Би-би-сига гапириб берган.
Ўзбекистон ҳукумати Андижонда исломий исёнчилар ҳокимиятни босиб олишга урингани ва аксарияти террорчилардан иборат 187 кишининг ҳалок бўлганини айтади.
Гувоҳлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра эса, бундан 9 йил аввал Президент Каримов ҳукумати Андижонда адолат талаб қилиб чиққан юзлаб, асосан қуролсиз намойишчиларни ўққа тутган.
Би-би-си Ҳусанбой Рўзиевнинг шикоят аризаси ва Андижон воқеалари ҳақида Парижда яшаётган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева билан суҳбатлашган.
Fikr bildirish