ББС: «Чегара билмас мухбирлар» илк бор «матбуотнинг 100 қаҳрамони» рўйхатини эълон қилди
Ўзларининг меҳнати ва курашда чекинмаганлиги билан бу 100 қаҳрамон давлат чегараларидан қатъий назар, ҳар қандай йўллар билан бўлса ҳам «ахборотни қидириш, эга бўлиш ва тарқатиш»га бел боғлаганлар. 100 қаҳрамон омма манфаати учун хизмат қилишни мақсади деб билади. Улар ибрат олса арзигулик қаҳрамонлардир, дейилади ҳужжатда.
«Чегара билмас мухбирлар» ташаббуси билан нишонланадиган Матбуот эркинлиги бутунжаҳон кунида ҳар куни хавфли шароитларда, кези келганда ўз ҳаётини хатарга қўйган ҳолда ишлайдиган журналистлар, блоггерлар меҳнати қадрланиши одатга айланган, дейди ташкилот бош котиби Кристоф Делуар. «Ахборот қаҳрамонлари» эркинликка интиладиган ҳамма учун ҳаракатга чорлайдиган манбаъ ҳисобланади. Уларнинг қатъияти ва содиқлигисиз, эркинликнинг чегараларини кенгайтириш имконсиздир».
Эркинлик ва озодлик учун курашчиларни бир хусусият-қўрқмаслик боғлаб туради, дейилади халқаро ташкилот мурожаатида.
«100 қаҳрамон» ичида 15 йилдан буён қамоқда сақланаётган, сил касалга дучор бўлган ўзбекистонлик Муҳаммад Бекжон ва «Ўтюраклар клуби» халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам бор.
Халқаро «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти 2013 йилда Муҳаммад Бекжонни Матбуот эркинлиги мукофоти билан тақдирлаган ва уни тутқунликда энг узоқ сақланаётган журналист деб атаган.
Ўзбек мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлгани учун қамоққа ташланган Муҳаммад Бекжон ёлғон кўрсатма беришга мажбурланиб, қийноқларга тутилган.
Бундан аввал Нью Йоркдаги Журналистларни Ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Ўзбек ҳукуматидан қамоқда соғлигини жиддий йўқотган Муҳаммад Бекжонни озод қилишга чақирган эди.
Мўътабар Тожибоева 2005 йилги Андижон ҳодисалари ортидан ҳибсга олинган ва 2008 йилгача Ўзбекистон қамоқхонасида сақланган.
Мўътабар Тожибоева шафқатсиз қийноқларга солинган ва шунинг оқибатида саломатлигига жиддий шикаст етган.
Матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистон рўйхатнинг охирги қаторларидан жой олган.
«Чегара билмас мухбирлар»нинг ушбу рўйхати якуний саналмайди. Бу маълум маънода фақатгина номлари келтирилган 100 нафар таниқли ва нотаниш журналистларни тан олиш ва уларга ҳурмат бажо келтиришгина эмас, балки ҳамма журналистларнинг, бутун дунёдаги воқеаларни ёритадиган, унинг ҳар томонлама бор ҳолича англашга ёрдам бераётган ўз ишининг усталари ёки ҳаваскорларга нисбатан ҳурматдир.
«100 қаҳрамон» рўйхатига соҳанинг турли ёшдаги (25 дан 75 ёшгача) миллат вакиллари (65 миллат вакиллари) кирганлар.
Уларнинг ичида энг ёши камбоджалик Удом Тат бўлиб, ёши улуғи покистонлик Муҳаммад Зиёвуддиндир. Рўйхатдаги 25 киши Осиё, Яқин Шарқ ва шимолий Африкалик журналистлардир. Эрон, Россия, Хитой, Эритрея, Озарбайжонн, Мексика ва Вьетнамдан камида уч қаҳрамон кўрсатилган.
Рўйхатда наркомафия билан тил бириктирган мексика сиёсатчилари ҳақидаги асар муаллифи Анабел Хернандес, репортажлари учун қарийб 20 марта маҳкамага тортилган турк журналисти Исмоил Саймаз, Бурундида исёнчилардан интервю олгани учун 15 ой қамоқда ўтирган Ҳассан Рувакуки, халқаро журналистик текширувлар консорциумининг директори Жерард Райл кабилар бор.
Уларнинг бир қанчаси демократик давлатларда яшашади – масалан, Америка ва Британия хавфсизлик хизматларининг кузатувларини фош қилган Гленн Гринвальд ва Лора Пойтраслар америкалик.
Бошқалари, жумладан эронлик Жила Бани Яғуб, жуда оғир шароитларда ишлашади. Уларнинг ҳаммаси ҳам профессионал журналистлар эмас. Мисол учун, вьетнамлик Ле Нгок Тхан католик руҳоний, уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилишга ихтисослашган италян Лирио Аббате, бу икккаласи ҳам жиноий ишларни очишни мақсад қилганлар.
Бундай хатарли йўлни, доимий таҳдидларга тўла ижодий ҳаётни шунингдек малайзиялик журналист Питер Жон Жабан, украиналик журналист Сергей Лещенко, ва болгар Ассен Йордановлар танлашган. Бундай қаҳрамонлар қаторига «Чегара билмас мухбирлар» Жанубий Америкада радиоэфирлар эркинлиги учун курашиб келадиган фаол Мария Пия Маттани киритган.
2014 йилда матбуот эркинлиги бўйича давлатлар ичида энг охирги ўринни олган Эритрияда журналист Дамит Исхоқ 13 йилдан буён қамоқда.
Сурияда Башар Ассад тузумини танқид қилган журналист Мазен Дарвиш ҳам икки йилдан буён озодликдан маҳрум.
«Чегара билмас мухбирлар» 100 қаҳрамоннинг исмларини келтириш билан бирга улар талуқли мамлакат ҳукуматларини журналистларни озод қилишга чақиради.
Чегара билмас мухбирлар Муҳаммад Бекжонни қўрқмас журналистлар қаторига киритди
Fikr bildirish