Зулфия Омонова уй қамоғига чиқарилди
20 май куни давом этган навбатдаги маҳкама аввалида судланувчи Зулфия Омонованинг адвокати Валериан Вахитов суд ҳакамига ҳимоясидаги шахсни уй қамоғига чиқаришини сўради.
“Ҳурматли ҳакам, менинг ҳимоямдаги Зулфия Омонова МҲДҚнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида 20 кун давомида ноқонуний ушлаб турилган. Дастлабки белгиланган муддат ўз ниҳоясига етганлиги сабабли Зулфияни уй қамоғига чиқаришингизни сўрайман”, – деди Валериан Вахитов.
Адвокатнинг сўзларига кўра, давлат хавфсизлигига таҳдид солганликда айбланаётган Зулфия Омонова жорий йилнинг 31 март куни қўлга олинган ва суд ҳукми билан бир ойга вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Бу муддат 31 апрель куни тугаганига қарамасдан, у 20 кун давомида ноқонуний сақланиб турилган.
Ҳакам Рамазан Қўжўмқулов адвокат Вахитовнинг расмий илтимосини инобатга олган ҳолда, бу масала суд жараёни охирида ҳал қилинажагини айтиш билан маҳкамани бошлади.
Расмий маълумотларга кўра, Зулфия Омоновага қарши жиноий иш 2013 йилнинг май ойида «Миллий, ирқий, диний ва ҳудудлараро низони қўзғаш» моддаси бўйича қўзғатилган.
Жиноий айблов 2013 йил 16 апрелида Зулфия Омонова Ўзбекистон қамоқхонасида қазо қилган отаси Ҳамидулло Омоновга ўз уйида жаноза ўқитиш пайтида «кофирларга қарши шаҳид бўлди» дея айтган сўзлари туширилган видеотасвир асосида қўйилмоқда.
Суд жараёнида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг Ўш шаҳридаги ваколатхонаси вакили, Европада хавфсизлик ҳамда ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Қирғизистондаги вакили, Қирғизистон омбудсменининг Ўш вилоятидаги вакили ҳамда инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланадиган қатор нодавлат ташкилотларининг вакиллари қатнашди.
Ҳакам Қўжўмқулов маҳкамада иштирок этаётган журналистларга прокурор Айим Раимқулованинг қаршилигини инобатга олган ҳолда, фақат овоз ёзиш ускунасини қўллашга рухсат берди, холос.
Маҳкама чоғида судланувчи Зулфия Омонованинг ҳижобда экани ҳам хавфсизлик хизмати ходимлари эътирозига сабаб бўлди.
Адвокат Валериан Вахитовга кўра эса, қандай либос кийиш ҳар бир фуқаронинг ўз эрки хисобланади, шу сабабдан бу масалага алоҳида эътибор бериш ноўрин.
“Зулфия Омонованинг кийиниши ҳеч қандай қонунга зид эмас. Хавфсизлик хизмати, шунингдек, прокурорнинг бу иддаоси ўринсиз”, деди адвокат.
Шунингдек, адвокат Вахитов Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўз ҳимоясидаги шахс уйида тинтув ўтказган пайтда таъқиқлаган Ҳизбут-Таҳрир партиясига оид варақа ва дисклар топилгани тўғрисидаги маълумот бўйича ҳам эътироз билдирди.
“МҲДҚ матбуот котиби Рахат Сулайманов Озодлик радиосига берган интервьюсида “Зулфия Омонованинг уйида тинтув ўтказилди ҳамда Ҳизбут-Таҳрир ташкилотининг варақа ва дисклари топилди, дея маълумот берган. Аслида ҳеч қандай тинтув ўтказилмаган. Нега бундай қораловчи маълумотлар тарқатилаяпти – ҳайронман”, – деди адвокат Валериан Вахитов.
Аммо сешанба куни ўтган маҳкамада эътирозларини тўкиб солган фақат адвокат Вахитов бўлмади. Ҳакам Қўжўмқулов адвокатнинг сўзларини тинглаш асносида судга тақдим этилган қоғозларга назар соларкан: “Валериан Вахитов, нега сиз барча қоғозларни рус тилида ёзгансиз? Бизда қирғиз тили давлат тили бўлиб ҳисобланади. Барча жараёнлар шу тилда олиб борилади. Мен ҳам сиздан маълумотларни қирғиз тилида беришингизни талаб қилиб, огоҳлантириш бераман”, – дея танбеҳ берган бўлди.
Бунга жавобан адвокат: “Қонунларимизда иш қоғозлари давлат тили – қирғиз ва расмий тил бўлган рус тилларида ёзилади, деб кўрсатилган. Қолаверса, менинг ҳимоямдаги Зулфия Омонова ҳам рус мактабини тамомлаган”, деди.
Суд жараёнига гувоҳ сифатида чақиртирилган Зулфия Омонованинг қўшнилари судланувчини қизалоқлигидан яхши билишларини, онаси фарзандларини отасиз бўлса-да, одоб-аҳлоқли қилиб тарбиялаб, вояга етказганини таъкидладилар.
20 майда ўтган маҳкамага чақиртирилмиш гувоҳларнинг барчаси келмаганлиги сабабли ҳакам навбатдаги суд жараёни 27 май куни ўтказилишини эълон қилди ва адвокатнинг Зулфия Омоновани уй қамоғига чиқариш бўйича расмий илтимосини қаноатлантирди.
Убайдулло СОҲИБ
Fikr bildirish