Андижон воқеаларининг яна бир қурбони ўзбек расмийларини қонунга хилоф хатти-ҳаракатларда айбламоқда
Нью-Йорк — Ўзбекистон ҳукумати 2005 йили тинч норозилик намойишига чиққан юзлаб фуқаро оммавий қирғин қилинмиш Андижон шаҳридаги қатағон учун БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси олдида жавоб беради.
Андижон қирғинида омон қолган Ҳусанбой Рўзиев БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига шикоят аризаси билан мурожаат қилди.
Ўз мурожаатида у 2004 йили ноқонуний қўлга олингани ва қийноқларга дучор этилгани ҳамда 2005 йилги воқеалар бўйича тегишли текширув ўтказилмагани важидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хавфсизлик хизматини айбламоқда.
Жаноб Рўзиевни Очиқ жамият ҳуқуқий ташаббуси ва Фарғонада таъсис этилган, ҳозирда эса Парижда рўйхатга олиниб, қувғинликда фаолият юритаётган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти тамсил этади. Рўзиев шу кунда Нидерландияда истиқомат қилади. Бу мамлакатга у қочқинлик мақомини олганидан кейин кўчиб келган.
Жаноб Рўзиев қуйидагиларни айтди: “Мен БМТга фақат ўзим учунгина эмас, Ўзбекистонда мен каби азоб-уқубатни бошидан кечираётган одамлар учун ҳам шикоят аризаси топшираяпман. Бошимдан кечирган кўргуликлардан кейин мен аста-секин ўзимга келаяпман, бироқ мамлакатда қолаётган, ҳозир қамоқхонада бўлган кишиларни унутолмайман”.
Шикоят аризасида Андижон вилоятидан бўлган тадбиркор жаноб Рўзиевни 2003-2004 йилларда “диний экстремизм”га қарши кураш баҳонасида ўзгача фикрлиларга қарши расмийлар томонидан авж олдирилган кампания доирасида бир неча бор қўлга олганлари баён қилинади.
Ҳибсхонада тутиб турилган пайтда Рўзиев бошқа шахсларга қарши фош қилувчи ёлғон кўрсатмалар беришга мажбур қилиш мақсадида қийноққа тутилган. 2004 йилнинг май ойида уни шунчалик қаттиқ калтаклаганларки, пировардида Рўзиев тўрт кун беҳуш ётган ва 23 кун касалхонада даволанган.
2005 йилнинг 13 май куни у аҳоли орасида расмийларнинг иқтисодий сиёсати ва суиистеъмолига қарши авж олиб бораётган норозилик билдириш учун чиққан минглаб қуролсиз намойишчи ичида бўлган. Ўшанда Ўзбекистон ҳукумат кучлари намойишчиларни ўққа тутганди.
Рўзиев ва бошқа айрим намойишчилар майдонни тарк этишга муваффақ бўлганлар. Тунда улар шаҳардан чиқиб кетганлар ва Қирғизистон билан бўлган чегарагача 50 километрга яқин пиёда юрганлар, бу ерда ҳам улар ўзбек хавфсизлик кучларининг ўқига дуч келганлар. У Қирғизистонга ўтиб кетишга муваффақ бўлган 545 киши (эркаклар, аёллар ва болалар) ичида бўлган, кейинчалик улар бу ердан қочқин сифатида учинчи мамлакатларга кўчганлар.
Рўзиев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг суиистеъмоли натижасида ўзига етказилган руҳий ва жисмоний шикаст туфайли психологик ёрдам олишда давом этмоқда. У қўлга олиниш ва қийноқлар бўйича Ўзбекистон прокуратураси ва судларига берган барча шикоятлар етарлича эътиборсиз қолдирилган.
Ўзбекистон расмийлари майдондаги ўлимлар учун намойишчилар масъул эканини таъкидлаганлар. Расмий маълумотларга кўра, у ерда 187 киши ҳалок бўлган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, “Халқаро амнистия” ва Хьюман Райтс Вотч ташкилотлари ҳисоботларида, турли маълумотларга кўра, майдонда 500 нафардан 700 нафаргача одам ўлдирилгани ҳақидаги рақамлар келтирилади.
Ўзбекистон расмийлари оммавий қирғин бўйича мустақил халқаро текширув ўтказилишига йўл қўймаяпти, бунинг ўрнига улар фожеа кўламини ҳам, ўзбек хавфсизлик кучларининг ўқотар қуролдан фойдаланганлик учун жавобгарлигини ҳам яширишга уринаяптилар.
Андижонлик қочқинлар билан, шу жумладан, қонли воқеалар чоғида омон қолганлар билан алоқада бўлган кишилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳалигача қўрқитиш ва таъқибларга дучор бўлмоқдалар. Ўзбекистон расмийлари турли халқаро анжуманларда “Андижон тўғрисидаги масала ёпилган”ини бир неча бор урғулаганлар.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева қуйидагиларни айтди: “Бу шикоят Ўзбекистон расмийлари ва халқаро ҳамжамият учун оммавий қирғин қурбонлари ҳали-ҳамон адолатли судлов ўтказилишини кутаётгани ҳақида эслатма бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, бу бевосита “расмийлар ҳуқуқий жавобгарликка тортилсин”, деган чақириқ ҳамдир”.
Очиқ жамият ҳуқуқий ташаббуси ижрочи директори Жеймс А.Голдстон қуйидагиларни қайд этди: «Биз Ўзбекистон расмийларини Андижондаги қирғин ҳодисаси бўйича ҳамда ички ишлар идоралари ва хавфсизлик хизматида мунтазам равишда қўллаб келинаётган қийноқлар юзасидан ишончга молик кўплаб аризалар бўйича мустақил халқаро текширув ўтказишга рухсат беришга чақирамиз».
Олтмиш саккиз варақда баён этилиб, БМТ қўмитасига юборилган аризада Ўзбекистон Фуқаровий ва сиёсий ҳақ-ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг камида етти моддаси – ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қўлга олиш (9-модда), қийноқлар, ҳаёт кечириш ва шахсий хавфсизлик ҳуқуқининг бузилиши (6- ва 9-моддалар), мажбурий сургун (12-модда), қотиллик ва қийноқ ҳодисалари бўйича текширув ўтказиш имконининг йўқлиги (6-, 7- ва 2(3)-моддалар), зарар қопланиши ва ҳақ-ҳуқуқларнинг тикланишини таъминлаш имконининг йўқлиги (6-, 7-, 9- ва 2(3)-моддалар) бўйича жаноб Рўзиевнинг ҳуқуқларини бузгани таъкидланган.
Fikr bildirish