Қамоқда опа-сингил Ҳамдамоваларнинг аҳволи оғирлашди

“Жараён”нинг Ўзбекистон ичидаги манбаси хабар қилишича, сиёсий маҳбусалар ҳисобланмиш опа-сингил Ҳамдамоваларнинг аҳволи оғирлашган. Бу ҳақда бизга хавфсизлик важидан исмини ошкор қилмаётган манбамиз жорий йилнинг 27 май куни маълум қилди.

Унинг айтишича, қамоқдаги диндор опа-сингилнинг каттаси Зулхумор Ҳамдамованинг кўзи яхши кўрмай қолган. Бундан ташқари, манбага кўра, қамоқхона маъмурияти бир неча ой аввал бачадонида ўсимта аниқланган Меҳринисо Ҳамдамовага жарроҳлик амалиётини ўтказишга рухсат бермай келмоқда.

– Иккала опа-сингилнинг соғлиғи ўта ёмон. Зулхуморнинг кўзи яхши кўрмай қолган. Баъзи бир сабабларга кўра расмийлар унинг синглиси Меҳринисони операция қилишга рухсат беришмаяпти, унинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бормоқда. Яқинлари билан сўнгги бор учрашганда Меҳринисо: “Энди шу ерларда ўлсам керак”, дея айтган экан, – дейди “Жараён” манбаси.

Ўзбекистонда диний сабаблар билан қамалган опа-сингил Ҳамдамоваларнинг ўзини Маҳбуба дея таништирган қариндоши жорий йил март ойида Меҳринисо Ҳамдамованинг бачадонида ўсимта аниқланганини маълум қилгани ҳақида аввалроқ ёзгандик.

– Меҳринисонинг эри уни қамоқхонага бориб кўрган. Унинг бачадонида миома бор экан. Эри сўнгги пайтларда Меҳринисонинг аҳволи ёмонлашганини, қорни беш-олти ойлик ҳомиласи бор аёллардай катта бўлиб, шишиб кетганини айтди. У тез-тез ҳушидан кетиб қолаётган экан. Шунга қарамай, у февраль ойида қилиниши керак бўлган зарур операциядан бош тортаётган экан. Меҳринисо қаттиқ қўрқаётган, операциядан кейин қамоқхонага қайтаришса, аҳволи янада оғирлашиши, қон кета бошлаши мумкинлигини айтаётган экан, – деганди опа-сингил Ҳамдамоваларнинг қариндоши.

Зулхумор ва Меҳринисо Ҳамдамова Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 64/1-аёллар колониясида (Бу жазони ўташ муассасаси Ўзбекистондаги ягона аёллар қамоқхонаси бўлиб ҳисобланади – “Жараён”) қамоқ жазосини ўташмоқда.

Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг январ ойида Меҳринисо Ҳамдамова яшаб келган маҳаллада унинг қамоқда жон таслим қилгани ва қариндошлари унинг жасадини қамоқдан вақтида олиб кетолмаганлари сабабли, аёл умумий қабристонга кўмилгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди.

Бироқ кейинроқ Меҳринисо Ҳамдамованинг қариндошлари журналист ва ҳуқуқ фаолларига аёлнинг қамоқда ўлгани ҳақидаги миш-мишлар ёлғон уйдирма эканини билдиришганди.

Жорий йилнинг феврал ойи бошида Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов журналистларга мамлакатда сиёсий ва диний сабаблар билан қамалган аёллар, шу жумладан, опа-сингил Зулхумор ва Меҳринисо Ҳамдамовлар билан ҳам учрашишга рухсат беришларини сўраб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига ёзма равишда мурожаат этганини маълум қилганди. Аммо, биздаги маълумотларга кўра, ҳуқуқ фаоли Икромов бу борадаги ёзма мурожаатига расмийлардан ҳалигача жавоб ололгани йўқ.

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Ўзбекистондаги қамоқхоналар маъмурияти маҳбусларнинг уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаатларини кўпинча эътиборсиз қолдиришларини айтади.

Ҳуқуқ фаолига кўра, шу важдан ҳар йили мамлакат қамоқхоналарида юзлаб маҳбус тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги туфайли ҳаётдан кўз юмади.

– Мен ўзим қамоқхона шифокорларининг маҳбусаларга бепарво ва ғайриинсоний муносабатда бўлганларининг кўп маротаба гувоҳи бўлганман. Мен қамоқхонага тушганимда бошқа маҳбуслар менга бу ерга келишимдан олдин қамоқ жазосини ўтаганим отрядда Надя деган аёлнинг аҳволи оғирлашиб қолган пайтда маҳкумалар докторни чақиришса, “баҳона қилаяпти” деб қарашмаганини айтиб беришганди.

Надя отрядда ўлиб қолганидан кейин докторлар келишиб, ўлик маҳкумага тириклигида тиббий ёрдам кўрсатилганини исботлаш мақсадида унинг қўлларига, ёнбошларига укол қилишган экан. Аёлнинг организми уколларни қабул қилмаётган бўлса ҳам игналар изи қолиши учун баданига тинимсиз игна тиқишган, – дейди Мўътабар Тожибоева.

2009 йилнинг ноябрида Қаршида диндор аёлларни оммавий ҳибсга олиш кампанияси бўлиб ўтганди. Ўша аёллар ичида бўлган опа-сингил Зулхумор ва Меҳринисо Ҳамдамовалар “конституциявий тузумга тажовуз қилганлик” ва “жамоат тартибига хавф туғдирганлик” каби айбловлар билан Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ва махсус хизматлари ходимлари томонидан ҳибсга олингандилар.

2010 йилнинг 12 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди уч муслима: Меҳринисо Ҳамдамовани 7 йилга, унинг опаси Зулхумор Ҳамдамова ва қариндоши Шаҳло Раҳматовани 6,5 йилданга қамаш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нуфузли халқаро ташкилотлар Меҳринисо ва Зулхумор Ҳамдамоваларни Ўзбекистонда уйдирилган айбловлар асосида сиёсий ва диний сабаблар билан қамалган ҳамда ҳозиргача ноҳақ равишда узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаб, қийноқларга дучор қилинаётган шахслар рўйхатига йил сайин киритиб келади.

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.