Ўзбек махсус хизматларининг давомли жазаваси

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг кўплаб фаоллари почтасига “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева узоқ йиллардан буён ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш учун халқаро жамғармалар томонидан ажратилган пулларни ўзлаштириб келгани таъкидланмиш бир мақола келиб тушди.

Мазкур мақолада қуйидагилар айтилади: “Зикр этилмиш ташкилотнинг раҳбари бўлган М. Тожибоева тез-тез бошқа мамлакатларга чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи хорижий ташкилотлар лидерлари билан мулоқот қилиб туради ва ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда, ўзини саҳоватпеша кўрсатиб, хорижлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан камбағал, бироқ ашаддий ҳуқуқ фаоллари ва уларнинг оилаларига уларни ишга рағбатлантириш учун мўлжалланган пул маблағларини ундириб келади.

Дейлик, М.Тожибоева Абдураҳмонов Соли билан ҳам шундай йўл тутган. Афтидан, Абдураҳмонов С. қайсидир иши билан қаҳри қаттиқ ва ҳукми ўткир Мўътабарнинг жаҳлини чиқарган ва тез орада бунинг бадалини ўтаган. Соли қамоқда ўтирибди, М. Тожибоева эса унинг бахтсизлиги ортидан бойлик орттираяпти”.

“Жараён” таҳририяти аввал-бошданоқ қандайдир Зафар Шарипов деган киши томонидан имзоланмиш мақоланинг сўнгги пайтларда бўҳтонга тўла турли материалларни ёзиш ишида фаоллашиб қолган Ўзбекистон махсус хизматлари ижоди эканига шубҳа қилмаганди. Аммо бу мақоладаги бир нарсадан кўнглимиз тўлди – у ҳам бўлса, Ўзбекистонда амалда бўлган режим хизматкорлари мамлакат ичкарисидаги ҳуқуқ фаоллари аҳволининг ғариблиги, айни пайтда уларнинг роли муҳим эканини эътироф этганидир.

Биз доим бу каби материалларни эътиборсиз қолдиришга ҳаракат қилганмиз, аммо бу сафар текширув ўтказишга қарор қилдик, чунки биз Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари ўзбек сиёсий маҳбуслари номи билан чайқов қилишни бас қилишлари ва ўзларининг нопок материалларига уларни қаҳрамон қилиб олмасликлари лозим, деб ҳисоблаймиз. Нега деганда, бу мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар МХХ алоқадор бўлган уйдирма айбловлар билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинганлар.

Шу кунларда “Жараён” журналисти ҳозир Қарши шаҳридаги 64/51-колонияда жазо муддатини ўтаётган мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов оиласига яқин киши билан боғланишга муваффақ бўлди. Суҳбат чоғида у сайтимиз мухбирига халқаро ташкилотлар томонидан С. Абдураҳмонов оиласига берилган моддий ёрдам ким тарафидан ва қандай сарфлангани ҳақида айтиб берди.

– Аслида Мўътабар Тожибоева Солижон Абдураҳмонов оиласининг аҳволи билан энг кўп қизиққан одамдир. У доим уларга қўнғироқ қилиб, “бирор-бир ёрдам керакми?” деб сўраб туради. Халқаро ташкилотлар томонидан Солижоннинг оиласига ажратилган пуллар журналистнинг укаси Баҳром Абдураҳмонов томонидан ўзлаштирилган.

У акасининг ҳимояси билан шуғуллангани учун бу пулларни ўз номига олган ва халқаро ташкилотлар вакилларига бу маблағларни акасининг оиласига етказишни ваъда қилган. Афсуски, бу пуллар Солижоннинг рафиқаси ва фарзандлари қўлига етиб бормаган. Солижоннинг рафиқаси Шукуржон ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг ҳалоллигига ҳеч қачон шубҳа қилган эмас, – дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, айнан ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева Солижон Абдураҳмоновнинг укаси Баҳромнинг “қабиҳ ишлари”ни фош қилган.

– Телефон орқали суҳбатларнинг бирида Солижоннинг ўғли Мўътабар Тожибоевага сўнгги пайтларда уларнинг оиласи халқаро ташкилотлардан ҳеч қанақа моддий ёрдам олмагани ҳақида айтган. Шундан кейин Тожибоева Абдураҳмоновнинг оиласига ажратилган шунча маблағ қаерга кетганини текшира бошлаган. У Солижоннинг укаси Баҳром Абдураҳмоновнинг найрангларини фош қилган.

Шунинг учун ҳам мен, эҳтимолки, ҳуқуқ фаолининг бу ишидан ғазабланган Баҳром махсус хизматлар билан биргаликда Солижон Абдураҳмоновнинг оиласига ажратилган моддий ёрдамни айнан Тожибоева ўзлаштиргани ҳақида жирканч мишмишларни тарқатишга қарор қилган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман, – деди “Жараён” мухбирига Солижон Абдураҳмоновга яқин бўлган одам.

Шунингдек, у Солижон Абдураҳмонов икки йил мобайнида укасидан унинг зиёратига келишни илтимос қилганини ҳам айтиб берди.

– Баҳром акасининг адвокати бўлган. Солижон қамоқда ўтирганида икки йил давомида укаси Баҳром уни қамоқхонага келиб кўришини сўранган. Солижон укасидан ўз ишини қайта кўрилиши учун адвокат сифатида ҳужжат тайёрлай бошлашни илтимос қилмоқчи бўлган. Баҳром акасининг олдига қамоқхонага боришни истамаган ва фақат икки йиллик илтижолардан кейин, қари отасининг илтимосига кўра, Баҳром қамоқдаги Солижонни кўргани борган, – деди “Жараён”га Солижон Абдураҳмоновга яқин бўлган манба.

Бу орада Мўътабар Тожибоеванинг ўзи “Жараён”га Ғарб мамлакатларидаги халқаро ташкилотлар ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг оиласига ёрдам учун пулни ҳеч қачон унинг қўлига бермаганини айтади.

– Ишонч билан айтишим мумкинки, шу бугунги кунгача ҳеч қандай донор ташкилот ёки бошқа халқаро ташкилот на сиёсий маҳкумларнинг ўзларига, на оила аъзоларига деб ажратилган маблағлардан ташкилотимиз ҳисоб рақамига ҳам ўтказишмаган, Мўътабар Тожибоеванинг қўлига ҳам беришмаган.

Мен сиёсий маҳкумларнинг, қийноқ қурбонларининг, маҳкамага тортилаётган ҳуқуқ фаолларининг ҳимояси учун адвокатлар ёллашга ёки бошқа бир харажатларга маблағ қидираман, топаман, уларнинг ташкилоти номидан ҳужжатлар тайёрлайман ва пул тезроқ Ўзбекистон ичидаги фуқаролик жамияти фаолларига етиб бориши учун бор кучимни ишга соламан.

Бироқ халқаро ташкилотлар бу одамларга пул ажратиш ҳақида қарор қабул қилганларидан кейин маблағни тўғридан-тўғри муҳтож инсоннинг Ўзбекистондаги қариндошларига юборади. Мен эса Франциядаман, шунинг учун ҳам бу пулларни мен ўзим олишим мумкин эмас, – деди ҳуқуқ фаоли.

Шунингдек, Тожибоева “Жараён”га Солижон Абдураҳмоновнинг оиласи сўнгги йилларда халқаро ташкилотлар томонидан журналистнинг оиласига ажратилган моддий ёрдамни ололмаганини қандай билиб қолгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.

– Ўтган йили Солижон Абдураҳмоновнинг ўғли Давроннинг телефон рақамини қидириб топдим ва отасининг аҳволи ҳақида сўнгги янгиликларни билиш учун у билан гаплашишга қарор қилдим. Ўшанда, адашмасам, Солижон Абдураҳмонов жарима изоляторида эди. Даврон менга: «Мўътабар опа, дадамнинг ташвиши билан ҳеч ким қизиқмайди, қачонки вазиятлари оғир бўлиб қолганда, бир воқеа бўлганида дарров бизни қидирасизлар, телефон қиласизлар. Дадамнинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмайди», деб ранжиб гапирди.Мен унга унинг бу гаплари нотўғрилигини, улар билан боғлансак-боғланмасак, доимо Солижон ака ҳимояси учун курашишимизни айтдим.

Мен Давронга сўнгги бор СИВИКУС халқаро ташкилоти 2011 йили уларга 650 АҚШ доллари миқдорида моддий ёрдам ажратганини айтдим. У менга сўнгги марта ёрдам пулини 2009 йили олганларини маълум қилди ва «2011 йилда ҳеч қанақа пул олмаганмиз, бизга ҳеч қандай ёрдам пули керакмас», деди.Кейин эса Солижон Абдураҳмоновнинг рафиқаси менга телефонда улар ҳеч қанақа моддий ёрдам ҳақида эшитмаганларини ва бундай ёрдамга муҳтож эмасликларини айтди. “Болаларим ишлайди, қўлларидан иш келади, бошқаларнинг кўмагига муҳтож эмасмиз”, деди менга ўшанда Шукуржон опа.

Аммо барибир мени: “Абдураҳмоновнинг оиласига 2011 йили ажратилган пуллар қаёққа кетди?” деган савол қийнарди. Мен ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозовга хат ёздим, чунки Солижон Абдураҳмоновнинг оиласига моддий ёрдамни айнан шу киши етказиб бериши керак эди. Баҳодир ака менга: “Пулни Баҳром Абдураҳмоновнинг (Солижон Абдураҳмоновнинг укаси) Тошкентда ўқийдиган ўғлига берганман, кейин эса Баҳром менга бу пулни олгани ҳақида тилхат ёзиб берган”, деб ёзди.

Намозов менга Солижон Абдураҳмоновнинг оиласи учун ажратилган 2500 АҚШ долларини ҳам унинг укаси Баҳром олганини айтди. У менга ҳатто Баҳромнинг тилхатини ҳам жўнатган. Шундан кейин мен Баҳром ва Солижон Абдураҳмоновнинг рафиқаси билан телефон орқали гаплашдим. Улар билан суҳбатдан Баҳром акаси учун ёрдам сўраб, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига тез-тез мурожаат қилиб тургани, аммо олинган пулларни ўзлаштириб юборгани маълум бўлди, – деди Мўътабар Тожибоева.

Мўътабар Тожибоева Зафар Шарипов деган шахснинг мазкур мақоласи ўзбек махсус хизматларининг навбатдаги буюртма материали ва унинг номига ёғдирилган бўҳтон эканига шубҳа қилмайди.

– Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари ҳеч тинчимай, менга ва ташкилотимизга қарши шунақа нопок материалларни тарқатишда давом этяпти. Улар жазавага тушишдан ҳеч тўхтамаяптилар. Бу эса улар ишимизнинг аҳамиятини яхши англаб, эътироф этаётганларини яна бир марта исботлайди. Демак, биз тўғри йўлдамиз, – деди “Жараён”га Мўътабар Тожибоева.

Гўзал АҲМЕДОВА 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.