Москвада ўзбек қочқинларининг ўғирланиши кескин кўпайди
Халқаро конвенциялар ҳимояси остида бўлган кишилар ва уларнинг оилаларини россиялик ҳамкасбларининг бевосита кўмагида ўғирлаш ва ноқонуний экстрадиция қилиш билан шуғулланаётган ўзбек махсус хизматлари баҳорда алоҳида фаоллик кўрсатмоқдалар.
2014 йилнинг 7 май оқшомида Москвада полиция томонидан ҳужжат текшириш чоғида Россия Федерацияси ҳудудида “муваққат қочқин” мақомига эга бўлган ўзбекистонлик Жонқулов Акмал Ханимович қўлга олиниб, номаълум томонга олиб кетилган.
Ҳужжат текшириш чоғида полициячилардан яширинишни уддалаган дўстларидан бирининг айтишича, Акмал Жонқулов кўчада полиция кийимидаги одамлар томонидан тўхтатилган ва шахси аниқланганидан кейин хизмат автомобилида, афтидан, полиция участкасига олиб кетилган. Бундан бир неча ҳафта муқаддам Жонқулов Ўзбекистондаги қариндошларидан маҳаллий махсус хизматлар унинг Россияда яшаётган жойи билан астойдил қизиқаётганларини эшитган экан.
Кейинчалик аниқланишича, Акмал Жонқулов ижарада турган хонадондан унинг яқинда туғиши керак бўлган хотини Дилафруз Ҳусейнова ҳам ғойиб бўлган. Акмал Жонқулов ва Дилафруз Ҳусейновага Ўзбекистон расмийлари томонидан мамлакат Жиноят кодексининг 159, 244 ва бошқа моддалари бўйича айблов эълон қилинган, улар аксилконституциявий фаолият, ноқонуний диний гуруҳларга алоқадорлик, диний адабиёт тарқатганлик ва ҳаказоларда айбланмоқдалар. Шунингдек, Акмал Жонқулов ўзбек махсус хизматлари томонидан “жиҳодчилик” ҳаракати ва “ваҳҳобийлик” оқимига алоқадорликда айбланган.
Расмий Тошкент томонидан халқаро қидирувга берилган диндор қочқинлар Акмал ва Дилафруз бир ярим йил аввал Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинганди.
Эр-хотин Москвадаги тергов ҳибсхоналаридан бирида Россия Бош прокуратураси экстрадицион текшируви остида бўлган ярим йил оралиғида улар ўғил фарзандли бўлганлар. Чақалоққа Абдуллоҳ деб исм берганлар, бироқ тергов ҳибсхонасида жорий этилган тартибга мувофиқ эмизикли болани онасидан айирганлар: чақалоқ шаҳар яқинидаги юқумли касалликлар шифохоналаридан бирига жойлаштирилган.
Экстрадицион текширув ўтказилаётган пайтда Акмал ва Дилафрузнинг иши билан “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) ҳуқуқни муҳофаза қилиш маркази ходимлари шуғуллана бошлаганлар. Диний экстремизмга оид уйдирилган айбловлар билан халқаро қидирувга берилган Жонқуловлар оиласи ҳибсхонанинг ўзида адвокатлар кўмагида Россиядан қочқинлик мақомини олиш учун Федерал миграция хизматига илтимоснома топширган.
Ярим йиллик текширувлардан кейин Россия Бош прокуратураси ҳужжатларни юборган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг талабномасини рад этган, натижада Акмал Жонқулов ва Дилафруз Ҳусейнова озодликка чиққанлар. Кўп ўтмай улар Россия ҳудудида муваққат қочқин мақомини олганлар.
Бу оила дўстларининг сўзларига кўра, ҳибсхонадан озод бўлганидан кейин Акмал “вақтинча бошпана” тўғрисидаги ҳужжати туфайли узоқ вақт муқим ишга жойлашолмай юрган, бу ҳужжат, маҳаллий қонунчиликка мувофиқ, Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини бермасди.
Ҳозир ўзбекистонлик диндор қочқинлар Акмал Жонқулов ва Дилафруз Ҳусейнова ҳамда уларнинг бир ёшли ўғли Абдуллоҳнинг қаердалиги номаълум қолмоқда. Эр-хотиннинг мобиль телефонлари ўчирилган ёки хизмат доирасидан ташқарида.
29 апрель куппа-кундуз куни Москвада ўзбекистонлик яна бир қочқин Умид Ёқубов бедарак йўқолганди.
Amnesty International маълумотларига кўра, БМТ томонидан расман қочқин деб тан олинган Умид Ёқубов ўша куни БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги бошқармасига ўзининг Россиядан учинчи давлатга кўчирилиши ҳақидаги масалани муҳокама қилиш учун кетаётганди. Комиссарликка кетишда Умид тушган машинани полиция ходими ҳужжат текшириш мақсадида тўхтатган. Шу пайт Умид Ёқубовнинг олдига бири полиция кийимида бўлган уч эркак яқинлашиб, уни куч билан микроавтобусга ўтқазиб кетишган.
Ўшандан буён Умид Ёқубовдан ҳеч қандай хабар йўқ. У БМТ ҚИОКБга суҳбат учун келмаган, унинг мобиль телефони эса ўчиқлигича қолаяпти.
“Ҳуқуқ фаоллари унинг ўзбек махсус хизматлари иштирокида ўғирлангани ва эҳтимолки, Ўзбекистонга мажбуран қайтариб олиб кетганларидан хавотирланмоқдалар, чунки 29 апрель оқшомида Москвадан Тошкентга тўғридан-тўғри рейс бор эди”, дея маълум қилганлар Amnesty International вакиллари.
2010 йил февралида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Умид Ёқубовнинг уни Ўзбекистонга мажбуран қайтариш тўғрисидаги қарор юзасидан ИҲЕСга ёзган шикоятини кўриб чиқиб, Россия расмийларига Умид Ёқубовни ватанига экстрадиция қилиш қароридан воз кечиш ҳақида ҳукм чиқарганди. 2011 йил ноябрида ИҲЕС, агар Россия Умид Ёқубовни Ўзбекистонга қайтарадиган бўлса, у Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича Европа конвенциясининг 3-моддасини (“Қийноқларга йўл қўймаслик”) бузиши ҳақида қарор чиқарган.
Умид Ёқубов Ўзбекистонни “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотига муҳтамал алоқадорликка оид айбловлар туфайли тарк этган. Сўроқ жараёнида терговчилар унинг умуртқасига шикаст етказганлар.
2008 йили Умид Ёқубов Белоруссияга қочиб борган, 2009 йилнинг май ойида эса Россияга ўтган. 2010 йилнинг сентябрь ойида БМТ ҚИОКБ Умид Ёқубовни халқаро ҳимояга муҳтож қочқин, деб тан олган. 2011 йил ноябрида ИҲЕС Ёқубовнинг даъво аризаси бўйича Россиядан 14 минг евро товон пули ундирган.
Ёқубовнинг адвокатлари Умиднинг Ўзбекистонга олиб кетилган бўлиши, у ерда унга ростмана қийноқ, аёвсиз муомала, адолатсиз суд ва уйдирилган айбловлар бўйича кўп йиллик қамоқ муддати хавф солаётган бўлиши мумкинлигидан ташвишланмоқдалар.
Россиядаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари ўзбек махсус хизматларининг Россия ҳудудида фаоллашиб қолганини Украинадаги воқеалар билан боғламоқдалар. “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори Россиядаги инсон ҳуқуқларига дохил воқеалардан Украинага кўчган бир паллада Тошкент Россия Федерацияси ҳудудида одамларни қидириб топиш ва уларни ўғирлаш бўйича ўз агентлари фаолиятини кучайтирди, деб ҳисоблайди.
Ҳуқуқ фаоли фикрича, бунга марказий осиёлик қочқинлар ҳақларини ҳимоя қилиб келган муҳим фигуралардан бири, шу йилнинг 4 май куни Москвадаги онкология шифохонасида жон таслим қилган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябининанинг бевақт ўлими ҳам қўл келган.
“Жараён” Акмал Жонқулов, Дилафруз Ҳусейнова ва Умид Ёқубовларнинг тақдирини кузатишда давом этади.
Муҳаммад ВАФО
Fikr bildirish