Нарзулло Охунжонов: Виждон билан юзма-юз
Жамиятдаги иллатларга қарши курашни икки усули бор: бири коррупционер амалдорларга қарши курашиш, иккинчиси – мана шу коррупциянинг илдиз отишига сабабчи бўлган диктатура режимига қарши курашиш.
Тан олишим керак, мен мамлакатдаги мавжуд режимга қарши очиқ-ойдин бош кўтариб чиқишдек жасорат кўрсатганим йўқ. Коррупцияга қарши курашдим. Негаки, бу жиноятларда ҳукуматнинг айби йўқ, деб ўйлаганман.
Фақат ўрта ва қуйи тизимлардаги амал курсисида ўтирган амалдорларгина айбдор, улар ҳукуматнинг ва халқнинг ишончини суиистеъмол қилаяптилар, деб билганман. Кейинчалик касбий фаолиятим давомида коррупционер амалдорларга қарши курашим кетидан «жиноятчи»га айланганимда режимнинг қанчалар чиркинлашиб кетганлигини ўз танамда чуқур ҳис қилдим…
Бугун ўзбек халқимга қилаётган мурожаатимда ўзим дуч келган барча муаммоларни бирма-бир санаб ўтирмоқчи эмасман. Зеро, бошимдан ўтганларнинг барини ёзадиган бўлсам, бутун бошли китобга ҳам сиғмайди. Бугун «жиноятчи»га айланишимга сабаб бўлган бир спортсмен йигитнинг аянчли такдири хусусида тўхталмоқчиман, холос.
…Спортнинг иккита тури: қўл жанги ва кикбоксинг бўйича бир неча маротаба Ўзбекистон ва Осиё чемпиони Беҳзод Раҳимбоевга нисбатан уюштирилган фитналар, жиноий иш сабабларини ўрганишга киришганлигим ортидан кўплаб ғалваларга дуч келдим.
Ўрни келганда миллат ифтихори бўладиган, ноёб истеъдодга эга ёшларни ҳимоя қилиш ўрнига уларнинг оёғига болта уриб, руҳини синдираётган баъзи прокурорлару судьялар, хусусан, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани прокурори Абдуқаҳҳор Тўхтабоев, шу туманнинг Жиноят ишлари бўйича суди раиси Саъдулла Ашурматов, Мирзо Улуғбек тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Олим Ҳамидов ҳамда бошқа терговчилари билан жиддий баҳсга киришишимга, талашиб-тортишишимга тўғри келди.
Негаки, Беҳзод Раҳимбоевга номусга тегиш, зўрлаш, талон-тарож қилиш каби ўта оғир жиноятлар содир этганлик бўйича айблов эълон қилишган. Яъни бир қизни зўрлаш асносида номусини топташ, ҳатто куч ишлатиб, унинг қимматбаҳо тақинчоқларини тортиб олишда айблашган.
Журналистик суриштирув натижасида мен Беҳзод Раҳимбоевга қўйилаётган бу айбловлар бошдан оёқ бўҳтон, уйдирма, ёлғон эканлигига, бу фитналар ҳасадгўй кимсалар томонидан қасддан уюштирилганлигига амин бўлдим. Беҳзод ва онасининг сўзларига кўра, Қозоғистонда кикбоксинг бўйича бўлиб ўтган мусобақада Беҳзод чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишидан бир муддат олдин, танаффус вақтида кимлардир унинг ёнига келиб, ғолиблик шоҳсупасига Беҳзод эмас, унинг ўрнига бошқа бир спортчи кўтарилиши кераклигини тушунтиришган ва буни илтимос қилишган.
Бунинг эвазига катта пул билан “мукофотлаш”ни (пора) ваъда қилишган.Аммо Беҳзод бундай ғирромликка асло кўнмаслигини, майдон мардларники эканлигини, ҳар қандай даъвогар чемпионликка ғирром йўл билан эмас, ҳалол, ўз кучи билан эришиши кераклигини айтган. “Элчи”ларнинг таклифини спортчига хос бўлган мардлик билан қатъиян рад этган. Ва ҳалол курашда ютиб чиқиб, ғолиблик шоҳсупасига ўзи кўтарилган.
“Катта бошини кичик қилиб”, илтимос қилишларига қарамай, муроди ҳосил бўлмасдан “сўзи ерда қолган” ўша исми номаълум “элчи”лар бунинг учун Беҳзодни “қуруқ” қўймасликларини, албатта қасос олишларини айтишган. “Таклифимизга кўнмаганинг учун ҳали туғилганингга пушаймон бўласан!” – дея таҳдид қилишган.
Чиндан ҳам орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 2012 йилнинг май ойида Беҳзодга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Маълум бўлишича, ички ишлар идорасидаги айрим товламачи ходимлар – Олим Ҳамидов раҳбарлигидаги ИИБ терговчилари чемпионга нисбатан фитна уюштиришда ЎзМУнинг фалсафа-иқтисод факультети талабасидан фойдаланишган. Талаба қиз аввалига кўнмаган, номуси топталганлиги хусусидаги ёлғон хабарлар, шов-шувлар тарқалиб, келажагига қора сиёҳ чапланишига онгли равишда ўзи сабабчи бўлиб қолишни истамаган.
Бироқ Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси ва ИИБ тергов бўлими масъул ходимларининг қатъий талаби, дўқ-пўписаси, қўрқитишлари, таҳдидлари, қаттиқ босими остида Беҳзодга қарши шикоят аризаси ёзишга мажбур бўлган. Буни кейинчалик қизнинг ўзи ошкор этган ва қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини айтиб, чемпионнинг оиласидан узр сўраган. Беҳзод томонидан бундай хатти-ҳаракатларга қўл урилмаганлиги ҳақида ёзма равишдаги билдиришномасини терговчига ҳам тақдим этган. Қайтадан тергов-суриштирув ишлари олиб борилиши натижасида қизнинг бокиралиги республика суд-тиббиёт экспертизасида ҳам ўз тасдиғини топган.
Шунга қарамай, Беҳзодга нисбатан очилган жиноий иш “осилиб” қолаверган. Ўғлининг иши юзасидан адолат истаб, елиб-югурган онаизор – чемпионнинг (Беҳзод Раҳимбоев) волидаси Нодира Бўлдиеванинг додини тинглаб, бу масалани ижобий ҳал қилишга бел боғлаган мард топилмаган. Онаизор ўғлини тутиб, Мирза Улуғбек тумани ИИБга олиб кетганларида ўғли билан бирга боргани, ИИБда қонунга зид равишда тутиб турганлари, ўғлига қийноқлар қўллангани ҳақида бонг урган. Беҳзодни тутиб келтиришган куни ярим кечаси терговчилар онасини бошқа хонага олиб чиқишган, Беҳзоднинг бошига элетрошок қўллашган ва у ҳушидан кетиб йиқилган.
Нодира Бўлдиева ўғлини ҳимоя қилишларини сўраб бош уриб бормаган давлат идораси қолмаган. Ҳеч ким унинг ҳасратларига қулоқ солмаганидан кейин нажот истаб, Ўзбекистон радиосининг «Ҳаёт ва қонун» таҳририятига ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Бу жабрдийда аёлнинг ҳуқуқ-тартибот органларидан норизо бўлиб, барча юқори ташкилотлар эшигидан ноумид қайтганини айтиб, “Ўзбекистонда ҳақиқат йўқ!” дея нидо қилганини 2012 йил июл ойларида жонли эфирга улаб, оммага эшиттирганим юқори мансабда ўтирган шахсларни ларзага келтирди, ғазабини қўзғади. Аёлнинг изтироб тўла оҳу ноласи “Ўзбекистон” радиоканалининг жонли эфирида роппа-роса 14 дақиқа давомида янграб турди! Аёл гапини тугатар-тугатмас ишхонада тўс-тўполон бошланиб кетди…
Шу ўринда буюк тарихий шахс – Наполеон Бонапартнинг матбуот ҳақида топиб айтган бир гапини келтирмай иложим йўқ: ”Битта газета иккита армиядан ҳам хавфлироқ!” Чиндан ҳам шундай бўлди. “Юқори”дан тинимсиз қўнғироқлар, сўраб-суриштирувлар, тергашлару таҳдидлар ваҳимали тусда бир-бирига қоришиб кетди. Жонли эфирда бонг урилгандан кейин чемпионни ҳимоя қилишга чоғланганлар ҳам кўпайиб қолди. Ва шу билан бир қаторда эфирдаги “портлаш”га сабабчи бўлганим учун менинг “овозимни ўчириб” қўйишга жаҳд қилганлар ҳам…
Бу “ўзбошимчалигим” ортидан хайфсан олдим. Аммо бу билангина кифояланиб қолишгани йўқ. Коррупцион занжир навбатдаги ўлжа сифатида мени нишонга олди. Ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган туҳматлар уюштиришиб, менга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-, 211-, 168-моддалари бўйича айблов эълон қилишди.
Бунга 2013 йил 18 март куни Улуғбек Неъматов ва Тўра Қодиров деган кимсалар уларнинг ҳар биридан 2009 йилнинг июнь ойида “фирибгарлик” йўли билан 2000 доллардан олганликда айблаб, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси А.Ходжаевнинг номига ёзган шикоят аризалари сабаб бўлган.
Ваҳоланки, терговдаги юзлаштириш вақтида бу туҳматчилар банкдан олиб менга бердим деб даъво қилаётган пулларини қачон ва қайси банкдан олганлигини тасдиқловчи ҳужжатни ҳам тақдим этиша олмади. Ҳатто қандай банкнотларда берганлигини ҳам айтишолмади. “Исбот” дея тақдим этган, банкдан олган сохта ҳужжати ҳам мантиқан ўз тасдиғини топмади. Шу ерда ҳақли савол туғилади – агар мен фирибгарлик йўли билан улардан пул олган бўлсам, нима учун фақатгина 2013 йилнинг июль ойидагина мени устимдан шикоят ариза бердилар?
Менга ва оиламга нисбатан қилинган таъқиб-тазйиқлар, таҳдидлар ҳақида Президентга, Хавфсизлик Кенгашига ва қатор дахлдор ташкилотларга ариза билан мурожаат қилдим. Ҳатто далил сифатида қўлга киритганим – бу туҳматчилар дахлдор бўлган катта жиноий тўда, йирик коррупцион занжирнинг кирдикорларини фош қилувчи катта форматдаги аудиоёзувларни ҳам илова қилдим. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Аксинча, олти ой “осилиб” юрган суриштирувлардан сўнг мен “қора”-ю, менга бўҳтон ва таҳдид қилганлар “оқ”, деб топилди.
Бир пайтлар катта минбардан туриб, кўпчиликнинг кўз ўнгида “Ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқманглар, адолатни, ҳақиқатни ёзинглар! Сизларнинг ҳимоячингиз – мана менман!” дея катта ваъдалар берган Президент, афсуски, ҳаётимнинг ҳал қилувчи палласида мени ҳимоя қила олмади. Адолат, ҳақиқат учун курашиб, бошимга балолар ёққанида, ўзим адолат ва ҳақиқатнинг юзага чиқишини интиқ бўлиб кутиб, шу борада кўмак сўраб мурожаат қилган номаларимнинг бари изсиз ва бесамар кетди. Холбуки, кўплаб содда ва оқкўнгил юртдошларим қаторида мен ҳам Президентнинг ваъдаларига ишонгандим, афсус…
Бугун бу ишончга дарз кетди. Ҳаттоки бу ишонч бутунлай сўнди…
Бугун ўтган ҳаётим, касбий фаолиятимга обдо-о-он назар ташлаб, йўл қўйган хатоларимни англаб етдим. Ва ўз виждоним билан юзма-юз турган ҳолда, асл ҳақиқатни кенг жамоатчиликка маълум қилишим керак, деган қарорга келдим.
Ўзбекистон матбуотининг вакили сифатида ҳукуматнинг сиёсатини қўллаб келганман, халқаро ташкилотларни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари муаммолари бўйича чиқарган ҳисоботлари учун танқид қилганман. Бугун мамлакатдаги аҳволнинг шу даражага келишига мен ва мен сингари маҳаллий журналистларнинг ҳам айбимиз катта эканлигини тушуниб етдим. Шундан афсус чекяпман, виждоним оғрияпти.
Бунинг учун ўз халқимдан, заҳматкаш юртдошларимдан узр сўрайман. Ўзи ишонган, ўзи тарғиб қилган сиёсатга алданиб қолган ва кучли босим остида мажбурий бўлса-да, ўзи ёқлаб гапирган режимнинг паноҳида кенг қулоч ёйган коррупциянинг қурбони бўлган бир журналистни кечириш мумкин бўлса агар, мени кечиринг…
Барчангизга ҳурмат билан Нарзулло ОХУНЖОНОВ
Fikr bildirish