Ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов 63 ёшни қаршилади

Ўзбек суди қамоқда қолаётган фарғоналик таниқли ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновга яна уч йил қамоқ муддати қўшиб берди.

6 май куни беш йилдан буён қамоқда қолаётган таниқли ўзбек ҳуқуқ фаоли, Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти вакили Ғанихон Маматхонов 63 ёшни қаршилади.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ва “Жараён” веб-сайти таҳририяти Ғанихон Маматхоновни туғилган куни билан муборакбод этиб, унга чин юракдан узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ ва тез кунларда қамоқдан озод бўлишни тилаб қолади.

Эслатиб ўтамиз, Ғанихон Маматхоновнинг қамоқ муддати жорий йилнинг 10 март куни тугаши керак эди, аммо озодликка чиқиши арафасида ҳуқуқ фаоли Навоийдаги қамоқхона маъмурияти талабларини бажармаганлик айблови билан жарима изоляторига ташланган.

Расмийлар Ғанихон Маматхоновнинг яқинларига унинг сақланиш жойини маълум қилмай, улардан ҳуқуқ фаолининг ҳимояси учун адвокат ёллашни талаб қилгандилар. Бироқ Маматхонов оила аъзолари моддий ночорлик сабабли унинг ҳимояси учун адвокат ёллаш ва у билан учрашувга бориш имкониятидан маҳрум эдилар.

Front Line Defenders ҳуқуқ фаолларини ҳимоя қилиш халқаро жамғармасининг моддий кўмаги ва “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти саъй-ҳаракатлари туфайли Ғанихон Маматхоновга адвокат ёлланди ва адвокат ўз ҳимоясидаги ҳуқуқ фаоли билан учрашув чоғида Маматхоновнинг қамоқ муддати яна уч йилга узайтириб берилганидан хабардор бўлди.

Ғанихон Маматхоновнинг адвокати ҳуқуқ фаолига нисбатан қўзғатилган жиноий иш билан танишиб чиқди, бироқ ҳозирча айблов хулосаси ва ҳукм нусхасини қўлга кирита олмади.

Ғанихон Маматхонов иши бўйича апелляция суди маҳкамаси жорий йилнинг 15 кунига режаланган. Айни пайтда ҳуқуқ фаоли Бухоро вилоятидаги 3-сонли тергов изоляторида (Отбозор) сақланмоқда.

Ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов касбий фаолияти туфайли уйдирилган жиноий иш туфайли қамоқ жазосини ўтамоқда.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон Жиноий кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 221-моддаси (“Пора бериш”) бўйича айбдор деб топилиб, 2009 йилнинг декабрь ойида беш йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2010 йилнинг 5 январь куни эса Фарғона вилоят апелляция суди ҳуқуқ фаолининг ишини қайта кўриб чиқиб, унинг қамоқ муддатини тўрт йилу беш ойгача қисқартирган.

Шунингдек, суд Ғанихон Маматхоновни қамоқдан манзил колониясига ўтказиш ҳақида ҳам қарор қабул қилганди. Бироқ ўша йилнинг апрелида ҳуқуқ фаоли манзил колониясидан қайта қамоққа ўтказилганди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш халқаро ташкилотлари Ғанихон Маматхоновни Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритган ва шунинг учун унинг вазиятига алоҳида ёндошиш керак, деган фикрни илгари суриб келмоқдалар.

 

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.