Ўзбек халқ мақоли: “Қўрққанга қўша кўринар”.
Бу ҳикматларнинг Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга алоқаси борми?
Ўзбекистонда қиш қаттиқ бўлди, апрель ойининг ўртасигача кунлар исимади, қор ҳам ёғиб турди. Фарғона, Тошкент ёки Жиззахда ҳаво ҳарорати -5 даража бўлса, Қорақалпоғистонда -15 даража бўлади, деяверинг.
Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидаги Жаслиқ посёлкасида жойлашган УЯ 64/71 қамоқхонаси уч хусусияти: 1) узоқлиги; 2) бепоён ва бедиён саҳрода жойлашганлиги; 3) маҳкумлар ва уларни аҳён-аҳёнда кўришга келадиган яқинларига бўлган ҳайвонларча муносабати билан маълум ва машҳурдир.
Жиззахдан Жаслиқгача салкам 1500 км. Фарғона водийсининг энг олис жойидан Жиззахгача масофа қанча эканини билмайман, бироқ Фарғона водийсининг уч вилоятидан ҳам, Тошкент вилояти ва шаҳридан ҳам, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва бошқа вилоятларидан ҳам УЯ 64/71 қамоқхонасида маҳкумлар ётганини яхши биламан.
Менинг қизим Озода Ёқубова тўлиқ 8 йилдан бери УЯ 64/71 қамоқхонасига эрининг олдига қатнайди. Яқиндагина, 18 апрель куни у қизчаси билан Жаслиққа кетишган эди. Унинг айтишича, кунлар исигандан кейин Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан ўз одамлари билан кўришиш учун жуда кўп оилалар Жаслиққа боришган экан. “Илгари борган одамлар бунчалик кўп бўлганини кўрмаганман. Сурункалик совуқлар тугаганлиги учун шу ҳолат бўлди шекилли”, – дейди у.
Озода Жаслиққа борганда маҳкумларнинг олдига кириш учун навбат кутиб турган 30 дан ортиқ оила бўлган. Жаслиққа борган одамлар навбат келгунча шу ерда қурилган кичик меҳмонхонада туришади. Борганлар кўп бўлганда меҳмонхонада жой етишмайди ва одамлар тиқилинч жойларда кечаси билан ўтириб, тунни ўтказишади.
Озоданинг айтишича, қариялар ҳам, болалар ҳам кўп экан. Яқинда Қарши шаҳрида диндорлиги учун суд қилинган, асосан 1990-92 йилларда туғилган ёш йигитларнинг катта гуруҳи УЯ 64/71 га олиб борилган. Навбат кутаётганларнинг кўпчилиги шу маҳкумларни биринчи марта кўргани келган ота-онаси, ака-укалари экан.
Жаслиқ посёлкасидан УЯ 64/71 зонасигача 8 км масофани ўташ керак. Йўлнинг қоқ ўртасида ҳарбий пост бўлиб, у ерда ҳар бир одам ялонғоч қилиниб, ипидан-игнасигача текширувдан ўтказилади. Маълумки, ҳар бир зонада муайян сақлаш тартиб (режим) ўрнатилган бўлади. Тартибининг енгил-оғирлигига қараб, қамоқхоналар ушбу кетма-кетликда жойлашади (енгилдан оғирга қараб): манзил-колониялар, умумий тартибли колониялар, қаттиқ тартибли колониялар, махсус тартибли колониялар, турмалар.
УЯ 64/71 умумий тартибли (общий режим) жазони ижро этиш муассасаси (ЖИЭМ) ҳисобланса-да, аслида унда махсус тартиб (особый режим) ўрнатилган – буни колонияда ишлайдиганлар ҳам тасдиқлашади. Колониянинг ариза ёзиш бланкининг тепасида “УЯ 64/71 махсуслаштирилган колония бланки” деган ёзув бўлиб, уни бланкдан бир йилча илгари олиб ташланди. Шу пайтгача бу зонага бирор одам оқ қоғоз ва ёзув қуроли олиб кира олгани ҳам йўқ, олиб чиқа олгани ҳам йўқ. Европа мамлакатларининг деярли барчасининг қамоқхоналарида маҳкумлар зона маъмурларининг назорати остида интернет, мобил телефон ва электрон почтадан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
23 апрель куни эрталаб Озодага 24 апрелда, узоғи билан 25 апрелда зонага учрашувга кириши айтилган, бироқ шу куннинг ўзида зонадан одам келиб, учрашувлар тўхтатилганини эълон қилган. Одамлар ҳангу-манг бўлиб қолишган ва зона бошлиғи подполковник Ботир Кенжаев келишини талаб қилишади, бироқ унинг ўрнига учрашувларни ташкил қилувчи мулозим келади. Унинг айтишича, зонада канализациянинг трубаси ёрилиб кетган эмиш. У: “Ҳамма уй-уйига жўнасин, канализация трубаси ремонт қилингач, хабар берамиз, бироқ ремонт бир ҳафтада битадими, ярим ойда битадими ёки бир ойга чўзиладими – билмайман” дейиш билан чегараланган, холос.
Одамлар: “Майли, қайтамиз, ҳеч бўлмаса, 10 минутга маҳкумларимиз билан рухсат беринг, биз олиб келган нарсаларимизни топширсак бўлди”, дейишса ҳам у кўнмаган. “Айниқса қари чолу-кампирларга қийин бўлди, шунча йўлдан келиб кетиш, ўз одамини кўрмай қайтиш осонми, аёллар йиғлашган, қарияларнинг баъзилари хушидан кетиб қолганлари ҳам бўлди”, дейди Озода. 24 апрель куни одамларни қувгандай қилиб, қайтиб кетишга мажбур қилишган. Канализация трубасининг ёрилиб кетгани учунгина 30 дан ортиқ оилани ортига қайтаришга ишониш қийин. Нима бўлган бўлиши мумкин?
Эртаси куни, яъни 25 апрелда Қорақалпоғистонга И.Каримов сафар қилибди. У Устюрт платосида газ ва кимё мажмуи қурилишини кўздан кечириш учун борибди – бу ҳақда 26 апрель куни “Озодлик” радиоси хабар берди.
УЯ 64/71 қамоқхонаси ҳам Устюрт платосида жойлашган, яъни И.Каримов қамоқхонага анча яқин жойга борган. Тарихнинг кўрсатишича, давлатни диктаторлик усуллари билан бошқараётган одам ўта қўрқоқ бўлади. Унинг ақлий қобилияти диктаторликдан бошқага ярамайди. Уни ҳар қадамда қўриқлайдилар. У халқ номидан гапирса-да, халқдан тамоман узилган ҳолда яшайди. Диктатор учун халқ мавҳум тушунчага айланади. Бироқ у халққа ўзига потенциал душман сифатида қарайди.
Диктатор бирор шаҳарга борса, аввалдан унинг машинаси ўтадиган йўли ишлаб чиқилади, бу йўлнинг икки тарафидаги уйларнинг эшик ва деразалари ёпдирилади, одамларнинг кўчага чиқиши таъқиқланади, кўп қаватли уйлар томига снайперлар жойлаштирилади. Диктатор халқ билан эмас, махсус танланган одамлар билан учрашади. Диктаторнинг ҳаёти бошдан-оёқ масхарабозликка айланади ва у давлат ҳаётида шундай ролни бажаришни бўйнига олади. Шунинг учун бўлса керак, доно аждодларимиз диктаторларни кўравериб, “Шоҳ қанча ахмоқ бўлса, уни шунча қаттиқ қўриқлашади”, деган хулосага келишган.
Шаҳар кўчаси билан бедиён саҳрода жойлашган УЯ 64/71 каби қамоқхонани таққослаш қийин. И.Каримов Устюртда кимдан қўрқди экан? И.Каримовнинг шу яқин жойга келишини маҳкумларга айтадиган одамнинг жони нечта? Айтган тақдирда ҳам маҳкумларнинг қўлидан нима ҳам келарди? Тиконли симлар қўрғони ичида сақланаётган, суткада 24 соат МХХ ва милиция ходимлари томонидан кузатувда бўлган маҳкумлар нима ҳам қила оларди? Балки И.Каримов ўз яқинларини кўргани келган 30 та оиладан қўрққанмикин?
Бироқ уларнинг деярли барчаси хотин-халаж, қариялар ва болалар-ку! Ё қўрққанга қўша кўринармикин? Билмадим. Бироқ ўз одамларини ойлаб кутган маҳкумларга, уларнинг йўлкирага, олиб борадиган озиқ-овқатга бир-бирлаб йиғган оила аъзоларига қийин бўлди. Жаслиқда ўз яқинларини йиллаб кутган маҳкумлар бор, чунки уларнинг оиласи зўрға кун ўтказаётганини яхши биладилар. Бундай оилалар тийинлаб йиғса ҳам йўл харажатини топишга имконлари йўқ.
Адолат асосида ишлайдиган мамлакатларда бундай ҳолатлар бўлмайди. Қамоқхонада бирор кутилмаган кор-ҳол юз берса, давлат мулозимлари қамоқхонага ўз одамини кўргани келган оилага максимал ёрдам беришга ҳаракат қилишади: учрашувни қамоқхонада уюштиришнинг имкони бўлмаса, учрашувни бошқа жойда ташкил қилишади. Қандайдир сабабга кўра, учрашувни ташкил қилишнинг иложи бўлмаса, харажат тортиб келган одамларнинг сарфлаган пулининг охирги чақасигача давлат ҳисобидан қайтаришади.
Ана энди Ўзбекистонни ҳам адолат, ҳам иқтисод ривожланган мамлакатлар билан таққослайверинг!
Жаслиқ сафари ҳақида қизим Озода қуйидагиларни ёзибди:
“18 апрель куни қизим Мадина билан Жаслиққа караб йўлга чикдик. 19 апрель куни соат кечки 1730-18 ларда Жаслиққа етиб бордик. Биз борган куни 15 тадан ортиқ оила бордик. У ёқдаги меҳмонхонада эса жой йўқ эди. Одам шунчалик кўп эди. Чунки қишда совуқда боролмаганлар ҳам кун исигандан кейин боришади. Қариялар жуда кўп борган эди. Ёш боласини олиб борган оилалар ҳам кўп эди.
Биз 19 апрелдан 23 апрелгача Жаслиқ мехмонхонасида навбат кутдик. Хар кунги ётоқ пули 7200 сўмдан, яна холодильникка 2000 сўмдан пул тўлаб, кунлик харажатимизнингўзи 9200 сўмдан бўлди. Мен борган куни жой йўқлигидан 3 кун ерда ётдим. 4-кун каравотлар бўшаб, кейин каравотга чиқдим. Одам ниҳоятда кўп эди. Лекин зонада бор-йўғи 10 та учрашув хонаси бор. 23 апрель куни кечки пайт соат бешларда учрашувга олиб борадиган ходимлар келиб, учрашув бериш тўхтатилганлигини,ҳамма қайтиши кераклигини айтишди.
Учрашув хоналарда канализация трубалари ёрилиб кетганлигини, учрашувга киришнинг умуман имкони йўқлигини рўкач қилишди. Шунда борган оилалар ҳеч бўлмаганда қисқа муддатли учрашув берилишини, ҳаммани 10 минутдан қисқа муддатли учрашувга киритишларини илтимос қилишди. Лекин зона ходимлари қисқа муддатли учрашувга киришнингҳам иложи йўқлигини айтишди.
Шундан кейин оилалар ҳеч бўлмаганда Жаслиқ почтасидан маҳкумга бериладиган озиқ- овқатларни олиб қолишларини илтимос қилишди,бироқ уни ҳам рад этишди. Фақат:“Биттадан хат ёзиб, ташлаб кетишларинг ва маҳкумнингҳисоб рақамига пул ўтказишларинг мумкин”, деб рухсат беришди. Кейин ҳамма биттадан хат ёзиб, учрашувга олиб борадиган ходимларнингқўлига бериб келишди. Жаслиқ почтасидан кимдир 100000 сўм, кимдир 50000 сўмдан маҳкумларнингҳисоб рақамига пул ўтказиб кетишди. Шундан кейин милиция ходимлари одамларни вокзалга олиб бориб,қайтишга билет олдиришди.
Ҳамма оилалар билет олиб бўлгандан кейин милициялар яна меҳмонхонага одамларни олиб келиб, кейин кетишди. 24 апрель куни эрталаб 8 да ҳамма оилалар поездга чиқиб, маҳкумлар билан учрашолмай, 5 – 6 кунлаб меҳмонхонада навбат кутиб, шунча пул сарфлаганига қарамай, уйларига қайтариб юборилди.
Қачон яна зона очилишини ҳам, неча кунда таъмир ишлари тугашини ҳам айтишмади. “ГУИНдан сўраб, очилганда келасизлар, унгача ҳеч ким киритилмайди”, дейишди. Хуллас,бирҳафталик Жаслиқ сафари мана шундай якун топди. 1 йилда бир марта зўрға пул тўплаб бораётганлар ҳам, ҳар уч ойда бораётганлар ҳам киролмай, кўзда ёш билан қайтишди”.
Толиб ЁҚУБОВ
27 апрель 2014 йил, Франция
www.jarayon.com сайти учун ёзилди
Fikr bildirish