Таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина вафот этди (аудио)

Якшанба куни эрталаб Москвада Инсон ҳуқуқлари институти “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастурининг раҳбари, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина 60 ёшида вафот этди.

Елена Рябинина саратон касалига чалинганди. Шунга қарамай, у тиришқоқлик билан ва кўп ишларди. У йиғламасди, шикоят қилмасди, бировдан бир нарса сўрамасди… Елена Рябинина матонатли аёл эди.

У марказий осиёлик қочқинларга оид мавзулар бўйича “Жараён” сайти учун тез-тез изоҳ бериб турарди. Сайтимиз учун сўнгги интервьюсини Елена шу йилнинг 30 мартида берган, эртасига уни касалхонага ётқизганлар.

Аслида мен Еленанинг касали ҳақида 30 март куни хабар топдим. Ўша куни мен ундан Россияда ўғирланиб, яширинча Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилган ўзбек қочқини Юсуф Қосимохунов мавзусига оид шарҳ ёзиб беришни сўрагандим. Елена Рябинина бу одамнинг ҳуқуқларини Россияда қўлга олинганидан бошлаб ҳимоя қилиб келган.

У менга саратон касалига чалинганини, эрта-индин уни касалхонага ётқизишлари мумкинлигини ёзиб, ўша куннинг ўзида унга қўнғироқ қилишимни сўраган. Унинг ёзишича, компьютер қаршисида шарҳ ёзиб ўтиришдан кўра унга телефон орқали интервью бериш осонроқ бўлган. Мен у айтгандек қилдим.

Ростини айтсам, телефонда Еленанинг овозини эшитгач, ичимдан зил кетдим, чунки бу овоз Еленанинг аввалги овозидан мутлақо фарқ қиларди. Бу сафар у ҳирилдоқ, хасталарникидай овозда гапирди. У кўп йўталар, гапиришга қийналар, баъзан овози чиқмай қоларди… лекин барибир сайтимизга изоҳ берди.

Телефонда унга таскин берувчи сўзларни айтолмадим, аммо кейин хат ёздим. Унга оз-моз далда бўлишга уриндим, ёрдам таклиф қилдим. Бироқ Елена менга жавоб хати ёзмади…

Балки у ўша онда оғриқ азобидан компьютер олдида ўтиролмаган, почтасини текшириб, жавоб ёзишга имкони бўлмагандир. Балки бу пайтда уни аллақачон касалхонага олиб кетгандирлар. Елена хатимни ўқиган ҳам бўлиши, аммо ҳеч нарса ёзмасликка қарор қилган бўлиши ҳам мумкин. Унинг бу феълига кўникиб кетгандик.

Лена Рябинина билан мен беш йил аввал Францияга командировкага борганимда танишгандим. Илк учрашувдаёқ у мендан ўзига сизлаб мурожаат қилмасликни, отасини исми билан қўшиб чақирмасликни сўради. “Мени шунчаки Лена, деб чақир”, деганди ўшанда менга Рябинина. Шундан бери унга шунчаки “Лена” деб мурожаат қилганман. У билан мулоқот қилиш жуда осон кечарди.

Ленани умримда фақат бир мартагина кўрганман, бошқа пайт у билан ё телефонда гаплашардик, ёки хат орқали мулоқот қилардик. Аммо менинг Лена билан биринчи ва таассуфки, охирги учрашувим ҳам бир умрга ёдимда қолган. У хушчақчақ, жуда серғайрат эди, ёшлар билан мулоқот қилишни, улар билан бирга бўлишни ёқтирарди, ёшлар ҳам у билан гаплашишга иштиёқманд эди. Францияга у фотоаппарати билан келганди, тренингдан бўш пайтларида тарихий бинолар, одамлар – кўзига қизиқ ва чиройли кўринган барча-барча нарсани суратга оларди.

Ўлим ҳақ, эртами-кечми бу албатта ҳаммамизнинг бошимизга тушади. Биз буни англаймиз, эътироф этамиз ва мусаллам бўламиз. Аммо сафимизни чинакамига эзгу ниятли одам тарк этганини англаш, тан олиш ва бунга рози бўлиш қийин экан. Лена Рябинина ана шундай одам эди! Бу оқила, фозила ва матонатли аёл саратони енгиб, яшашда давом этишини жуда хоҳлардик. Ўзи учун, яқинлари учун, унинг ёрдамига муҳтож бўлган барча инсонлар учун яшашини…

Лена Рябинина чинакамига ўз касбининг устаси эди. У Марказий Осиёдаги диктаторлик мамлакатларидан бўлган қочқинлар дучор қилиниши мумкин бўлган қийноқлар, азоб-уқубатлар, таҳқирлашлардан кўп жонларни сақлаб қолган. Лена Рябинина Ўзбекистон ва Тожикистондаги диний ва сиёсий қатағонлардан Россияга қочиб келган кўплаб ўзбек ва тожикларга қочқинлик мақоми берилиши йўлида кўп хизматлар қилган. У исломий экстремизм ва террорчилик бўйича уйдирилган ишларда гумонланмиш кишиларни ҳимоя қилиб келган. Унинг ҳимояси остида бўлган кишиларнинг айримлари ўз юртининг махсус хизматлари томонидан Россия ҳудудидан ўғирлаб кетилган.

Рябинина ва унинг ҳамкасблари ўтган асрнинг 90-йилларида ратификация қилинган Қочқинлик мақоми тўғрисидаги конвенция ҳамда қочқинлар тўғрисидаги федерал қонуннинг Россия расмийлари томонидан бажарилиши йўлида жонбозлик кўрсатишган. Рябинина Россия Федерал миграция хизмати қочқинларга ўз ватанларида хавф солаётган қатағон ва қийноқларни эътиборга олмаётганини кўп таъкидлаган. Рябинина, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Экстремизм актларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимларида ҳам халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилганини аниқлаган.

Елена Рябинина Ленинграддаги Аниқ механика ва оптика институтида, кейин эса Бауман номидаги Москва Давлат техника университетида муҳандис-оптик мутахассислиги бўйича таҳсил олган. У кўп йиллар Оптик-физик ўлчов илмий-текшириш институтида ишлаган. 2002 йили Елена Рябинина ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасига шўнғиган, “Фуқаровий кўмак” қўмитасида Марказий Осиёдан бўлган сиёсий муҳожирлар иши билан шуғуллана бошлаган. 2010 йилдан у БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги билан ҳамкорликда ишлайдиган Инсон ҳуқуқлари институтидаги “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастурига раҳбар этиб тайинланган.

Елена Рябинина билан видолашув маросими 6 май куни соат 13:00 да Россия Фанлар академиясига қарашли Марказий клиник шифохонасида бўлиб ўтади. “Мемориал”да бўлиб ўтадиган марҳумни ёдлаш маросими эса соат 16:00 га белгиланган.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ва “Жараён” таҳририяти Елена Рябининанинг яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.

Қимматли Лена! Борган жойинг осойиш ери бўлсин! Узоқ йиллар ёрдамингга муҳтож бўлган мазлумлар ёнида бўлганинг учун ташаккур, адолатни тиклашдаги меҳнатларинг учун раҳмат ва умуман, шунча йил биз билан бирга бўлганинг учун ташаккур сенга! Сен ёдимизда ва қалбларимизда абадий қолажаксан…

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.